Ота меҳри

952c90fd58f13260807743ab6f940b25Она меҳри ота меҳридан юз чандон ортиқ бўлади, дейдилар. Тўғри гап. Шунақа-ку, ота меҳри онаникидан қолишмаслигини тасдиқлайдиган воқеалар ҳам оз эмас.

Муҳаммад Бобур қисматида рўй бергани воқеа бунга мисол бўла олади. Ҳиндистонда Бобурийлар салтанатини ўрнатган шаҳаншоҳнинг суюкли фарзанди Ҳумоюн хасталикка чалиниб, кундан-кун аҳволи оғирлашаверади. Табиблар ҳарчанд уринмасин, шаҳзодани даволацй олмайдилар. Охир-оқибат сарой аҳли қадимдан қолган сўнгги чорани маслаҳат беради. Беморнинг жонини сақлаб қолиш учун энг азиз, энги қимматли нарсани Худо йўлига атамоқ керак. Хазинада шундай нарса бор эди: Бу – Ҳиндистондаги жанглардан бирида ғолиб Бобурга ҳадя этилган, қирмизи рангда товланиб турадиган «Кўҳна-нур” – «Нур тоғи” деб аталмиш жаҳондаги энг катта олмос эди. Унинг вазни бир юз саксон олти карат эди.

Фарзандининг ҳаёт билан видолашаётганини кўрган Бобурнинг жони-жаҳони ўртаниб кетади ва олмосни Худо йўлига бахшида қилишни маслаҳат берганларга шундай жавоб қилади. «Дунё моли анинг эвазига нечук бўлғай, мен анинг фидоси қилурменким, хол анга мушкул бўлибдур”. Яъни, шаҳаншоҳ дунёнинг моли фарзандим жонига арзимайди, боламнинг жони ўрнига ўз жонимни фидо қиламан” дейди-да, Ҳумоюн беҳуш ётган кўшк атрофида чарх уриб Аллоҳга нола қила бошлайди.

Бобурнинг қизи – ниҳоятда гўзал ва ҳаққоний тарихий асар – «Ҳумоюннома”нинг муаллифи Гулбаданбегим отасининг ўша пайтдаги ҳолатини бундай тасвирлайди: «Подшоҳ ҳазратлари Ҳумоюн ётган кўшк атрофида айлана бошлади. Бу иш сешанба куни бошланди, чоршанба ҳам илтижо билан ўтди… Бемор атрофида айланиб, Яратганга илтижо билан тавалло қилар экан, у киши шундай деди: «Эй, Парвардигор! Агар жонга жон алмаштириш мумкин бўладиган бўлса, мен – Бобурнинг жони ва борини олгину, Ҳумоюннинг жонини сақлаб қол!” «Шу куннинг ўзидаёқ жаннатмакон ҳазрат подшоҳнинг тоблари қочиб қолди, — деб давом этади Гулбадан. – Шаҳзода Ҳумоюн эса бошларидан сув қуйиб, ташқарига чиқди ва соғайиб кетди…”

Бобурнинг иситмаси кун сайин кўтарилиб борар, шунча жангу жадаллардан омон чиққан, ҳатто душманлари қаттол оғу билан заҳарлаганида ҳам тирик қолган жасур шаҳаншоҳ кун сайин «нари кетар”, аммо табиблар муолажасидан бош тортар эди. Чамаси, Бобур Яратганга «Жон ўрнига жон бераман”, деган қасамида собит туриб олганди.

1530 йил поёнида буюк подшоҳ, оташнафас шоир ва меҳридарё ота Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаётдан кўз юмди. Ўшанда у энди 47 ёшга чиққан эди.

«Дафтар ҳошиясидаги битиклар” дан.

Мақола 499 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*