Ўқyвчи ва «Оммавий маданият»

скачанные файлы…тарих тажрибаси шундан далолат берадики, инсон табиатидаги инсонийликдан кўра ваҳшийлик, ур-йиқит инстинктлари, яъни хатти-ҳаракатларини қўзғатиб юбориш осонроқ.

Ислом КАРИМОВ.

Бир куни ойнаи жаҳон орқали янграётган мусиқа оҳангига мос рақсга тушаётган неварамнинг ўзидан ёши кичик жиянига қилган мурожаатидан ҳайратга тушдим:

— Асқар, белингни ўйнатишни биласанми?

— У қанақа ўйин, ўғлим? — сўрадим қизиқсиниб.

— Мана бундай, мана бундай, — деди у белидан пастини беўхшов қимирлатиб.- Тўйда ҳамма шунақа ўйнайди.

Набирамга танбеҳ бериб, унинг гапи сабаб қишлоқ тўйларидан бирида билса-билмаса рақс тушиш учун даврага чиққан айрим ёш-яланглар ҳаракатини кузатдим. Ҳақиқатан ҳам уларда йигитларга хос мардоналикдан кўра беўхшов қилпиллашлар устувор эди…

Бу воқеани ўша йигитларнинг у ёки бу ҳаракатини баҳолаш учун эмас, ёшларнинг ташқи муҳит таъсирига берилувчанлигини таъкидлаш учун эсладим. Ҳаммамиз эндигина оёқ чиқарган кичкинтой ҳаракатларини завқланиб кузатамиз ва кўпинча унинг ўзига яхши муносабатда бўлган кишига тақлид қилишга уринаётганининг гувоҳи бўламиз. Энди болакайнинг ўрнига аллақачон оқ-қорани ажрата оладиган ёшга етган, ниҳоятда қизиқувчан ва ташқи таъсирга тез берилувчан мактаб ўқувчисини қўйиб кўрайлик. Фикримиз яна ўз тасдиғини топади. Шундай экан, балоғат остонасидаги ёш авлод тарбиясида озгина нўноқлик қилсак, унинг қизиқишлари доирасини халқимизнинг тарихи минг йилликларга туташган қадриятлари, тафаккур дурдоналари билан тўлдирмасак, бу бўшлиқ ўрнини миллий ғояга зид бўлган қарашлар эгаллаши шубҳасиз. Атама сифатида кун сайин сўз бойлигимиздан чуқурроқ ўрин олаётган “оммавий маданият” ана шундай тушунарсиз ва ниҳоятда зарарли иллатлардан биридир. Жаҳон тамаддуни ўзининг минг йилликлар билан тенгдош тарихида жуда кўплаб маданият кўринишларини яратган, улар ҳар бир миллатнинг ўзлиги ва маънавиятини акс эттириб, кишилик жамияти ноёб дурдонасига айланиб келмоқда. Лекин шу пайтгача бирорта халқ ёки миллат маданияти оммавийлик даъвосини ўртага ташламаган. Хўш, унда “оммавий маданият” деган тушунча қандай пайдо бўлди? У ёки бу миллатнинг маданияти сарҳадларни бузиб,   оммавийликни ўзида акс эттириши мумкинми?

Жаҳон тамаддуни маҳсули бўлган маданиятлар бир-бирига тажовуз қилмайди, аксинча ҳар бири ўз ўрни ва нуфузига эга бўлиб, бири иккинчисининг тараққийсига фақат ижобий ва ижодий туртки бериши мумкин. Ҳар бир маданиятни маълум бир халқ ёки миллат яратади. Ундан кўзланган мақсад ҳам аён: миллатни бирлаштириш, эзгу ишларга чорлаш. Бизни ташвишга солаётган “оммавий маданият” ихтирочиларини эса юрт, миллат тақдири бирлаштирмаган, улар оломончилик кўринишида юзага келган, мақсад миллий маданиятларни дарз кеттириш, одамзоднинг фикрлаш чегарасини чеклаш, ахлоқсизликни тарғиб этиш. Фикрсизлик оқибатида тобе бўлиш — куч билан бўйсундирилгандан кўра минг чандон фожиалидир. Гап ана шу мантиқда!

* * *

Пойтахтда истиқомат қиладиган дўстим ўғлини уйлантирди. Шинам тўйхонадаги базмда ўтирар эканман, дўстимнинг катта ўғли ва унинг 3-4 ёшлардаги фарзандининг соч турмаги эътиборимни тортди. Ота-ўғил сочини хўрознинг тожи янглиғ тиккайтириб тарашганди. Кейин билсам, улар сочини хўрознинг тожига ўхшатиш учун 40 доллар сарфлашган экан…

“Оммавий маданият” шарпасиз ўрмалаб келаётган илонга ўхшайди. Унинг тажовузини осонгина пайқаш қийин, кўпгина кўринишлари аслида ҳаётда шундай бўлиши керакка ўхшаб кўринади. Оддийгина мисолларга мурожаат этайлик: ўзини “ўта ривожланган, цивилизациянинг юқори чўққисига эришган”, дея иддао қилаётган давлатлар байроғи акс эттирилган мато ёки сочиқни енгил машиналарига қўйиб, Ғарб давлатлари рамзи туширилган, турли ажнабий ёзувлар битилган, маъносини ўзи ҳам тушуниб етмайдиган майкаю турфа кийимларни кийиб юрганлар “оммавий маданият” тарғиботчиси бўлаётганларини хаёлларига ҳам келтиришмайди.

Мода изидан кўр-кўрона чопиш, бойлик, кийинишдаги дабдабабозликдан қизларимиз ҳам четда қолмаётгани кишини ажаблантиради. Иффат, ҳаё, ибоси билан ҳар қандай мамлакат ва миллатга намуна бўлгулик қизларимизнинг айримлари очиқ-сочиқ кийиниб, танасини кўз-кўз қилаётгани, ҳатто таниқли эстрада юлдузларимиз елкасини, ёноғини турли татиуровкалар билан “безаётгани” қайси ўзбекона одатимизга мос келади?

Айниқса, мусиқа санъатида инсоннинг жазавасини қўзғатадиган унсурларга очиқдан-очиқ тақлид қиладиган санъаткор-ёшлар сафи ортиб бораётгани, энг ачинарлиси, аксариятимиз уларга ТОМОШАБИН бўлиб турганимиз сир эмас. Улар ижро этаётган алмойи-алжойи сўзлар йиғиндисидан таркиб топаётган қўшиқлардан ким, қандай маънавий озуқа олиши мумкин? Буниси ҳали ҳолва, аллақачон ўз миллий йўналиши, услубини топиб, турли ёшдаги мухлислар орттирган ёши катта ҳофизларимиз ҳам кейинги йилларда ёшлар билан баҳс бойлашаётгандек, саҳнага чиқиб, беўхшов қилиқлар қилишаётгани кишини ўйлашга мажбур этади.

Бугун “оммавий маданият” замирида тижорат, моддий манфаатдорлик ётгани кун сайин аён бўлиб бораяпти. Тарихга назар солинса, ҳар доим маҳсулотлар билан бирга бегона мафкуралар ҳам тарқатилгани маълум бўлади. Савдогарлар ўзлари билан нафақат маҳсулотларни, балки янгиликларни, динни, мафкурани, қолаверса, маданиятни ҳам тарқатишган. Ана шу усул бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Фарқли жиҳати шундаки, авваллари бу ҳолат савдогар воситасида бажарилган бўлса, бугун бу вазифани маҳсулотнинг ўзи адо этаяпти. Ҳозир истаган дўкон пештахтасига кўз югуртириб кўринг, кўксига “love” деган ёзув туширилган юракчани босиб турган айиқ ёки қуённинг пахмоқ шаклини кўрасиз. Ота-оналар шундай ўйинчоқларни бамайлихотир харид қилиб, ўғлига, қизига туғилган куни ёки “Алифбе” байрами”, “Битирувчилар кечаси” сингари тадбирлар муносабати билан совға қилишаяпти. Ўйлаб кўринг, камолот йўлига тушган ўғил-қиз бундай совғадан қандай маънавий озуқа олади?

Энг ачинарлиси биз юқорида мисол келтирган, сочини ўзбекчилигимизга мос келмайдиган, тасқара шаклда турмаклатиш, кийиниш маданиятидаги очиқ-сочиқлик, ахлоқсизликни тарғиб этадиган ўйинчоқларни, расмларни бир-бирига совға қилиш  мактаб ўқувчилари ўртасида ҳам урфга айланиб бораётганида. Биз билан суҳбатда юқори синф ўқувчиларидан бири ташвишланиб айтган сўзларини айнан эътиборингизга ҳавола қиламан:

— Ҳозир айрим тенгдошларимиз ўртасида маза-матрасиз қўшиқлар куйлаб, “эстрада юлдузи” мақомига эга бўлган хонандаларнинг ярим-яланғоч суратларини йиғиш урфга кираяпти. Улар ўзларида бундай расмлар сони 100-200 тадан ошиб кетгани билан мақтанишади. Битта расм фалон сўм туришини инобатга олсак, нега улар шу пулга китоб сотиб олишмаяпти?

* * *

Бир куни ҳузуримга соч-соқолига оқ тушган киши шикоят билан кирди:

— Ўқитувчингиз ўғлимнинг қўл телефонини олиб қўйибди. Шундай қилишга нима ҳаққи бор?

Аслида ўқитувчиси телефонини олиб қўйган ўша ўқувчига отаси ёки онасини мактабга таклиф этишни ўзим топшириқ бергандим. Арзчига телефон ўқувчи эътиборини асосий мақсад – ўқиб-ўрганишдан  чалғитиши мумкинлиги, қолаверса, мактабда қўл телефонидан фойдаланиш қоидалари мавжудлиги, унга кўра, ўқувчи, ҳатто ўқитувчи ҳам синф    хонасига телефон олиб кириши мумкин эмаслигини тушунтиришга уриниб кўрдим, фойдаси бўлмади, ноилож иш столим ғаладонига ташлаб қўйганим – тортишувимизга сабаб бўлган ўша телефонни олиб, унинг хотирасига жойланган беҳаё қилиқларга бой клиплар, инсон онгини шафқатсизликка чорлайдиган ўйинларни бирма-бир қўйиб, савол бердим:

— Хўш, бунисига нима дейсиз?

Даъвоси ноўрин эканини англаган ота қизариб, ерга қаради…

Яқин ўтмишда Ғарб ёзувчилари детектив асарлари орқалигина бизга таниш бўлган ўйин автоматлари бугун гавжум шаҳарларни ишғол этиб, осуда қишлоқ сари юриш бошлаб қолмасдан, компьютер, қўл телефонлари воситасида ҳар бир хонадонга кириб бормоқда. Аҳамият қаратадиган жиҳати, компьютер ўйинларига ҳаддан ортиқ боғланиб қолиш ёшларнинг ҳаёт тарзига, жисмоний ва маънавий соғлиғига салбий таъсир кўрсатишини илғор тиббиёт илми аллақачон исботлаб берган. Шунга қарамасдан, ҳатто мактаб остонасини босиб ўтмаган болалар ҳам ўқиш, изланиш, комил инсон бўлишга интилиш ўрнига, ёмғирдан сўнг пайдо бўлган қўзиқоринлардек кун сайин тармоғи ортиб бораётган интернет-кафеларда, яхши ният билан ота-оналар томонидан харид қилинган компьютер олдида юрак ҳовучлаб, мониторга тикилганча ваҳшийлик ва ёвузликни тарғиб этувчи ўйинларга вақт сарфлашаётгани ачинарли. Бола психологияси нозик, у ташқи муҳит таъсирини ўзи билиб-билмаган ҳолда ошкор этади. Мактабда ўқувчиси, уйда фарзанди арзимаган ғашликдан жазавага тушиб қолишини кузатган ўқитувчи, ота-она бефарқ бўлмаслиги керак. Бу ўргимчак тўрига қиёсланган интернет тармоғи орқали кундалик ҳаётимизга аралашаётган “оммавий маданият” ихтироси бўлмиш “компьютер ўйинбозлиги” оқибатида юз берадиган руҳий ўзгаришлар маҳсулидир.

Абдунаби АБДИЕВ

«Qashqadaryo» газетаси архивидан олинди. 

Мақола 275 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*