ЎҚИТУВЧИ ВА ЎҚУВЧИ улар қарама-қарши икки қутбми? (Биринчи мақола)

yomon o'qituvhciҲаётимнинг эллик йилдан зиёдроғи мактаб иши билан чамбарчас боғланган, дастлаб ўқувчи, талаба, кейин эса мактаб ўқитувчиси сифатида. Шу ярим аср мобайнида тарбияга, мактаб ишига турлича муносабатлар шоҳиди бўлдим. Бирда ўқитувчидан қаттиққўл бўлиш талаб этилса, бошқасида дарс жараёнини соддалаштириш ҳақида кўрсатмалар берилди. Уларнинг ҳаммасида бошқа соҳаларда бўлгани каби ўқитувчини ҳам ягона қолипга сингдириш нияти устувор эди.

Тўғри, ўша даврларда ҳам изланувчан, новатор ўқитувчилар учраб турар, аммо бундайлар сафи жуда қисқа бўлиб, таълим соҳасининг аксарият вакиллари жон койитиб ўтирмай, бир қолипдаги дарслар ўтишга кўникма ҳосил қилишганди. Энг ачинарлиси, мактабларнинг моддий-техник базаси ночор, вилоят, туман марказларидаги бир-икки таълим маскани номига турли ўқув жиҳозлари билан таъминланиб, бошқаларида “эски ҳаммом, эски тос” муҳити ҳукм сурар, умумий ўрта таълим “билимлар мамлакати”да “бизда ҳамма саводхон” деган ялтироқ шиорни исботлаш учун жорий этилганга ўхшар, дарслар қўл учида ўтилиб, “аъло мамлакатнинг аъло фарзанд”лари эса билим олиш бир четда қолиб, арзон ишчи кучи сифатида суяги қотмаган боланинг эмас, катта ёшдаги кишиларнинг ҳам силласини қуритадиган дала ишларига сафарбар этиларди.

Биз узоқ йиллар мобайнида мактаб иши жаҳон андозалари даражасига кўтарилиши ҳақида хомхаёл суришдан нарига ўтолмадик. Тан олиш керак, мактаб таълимидаги “портлаш эффекти”, туб ислоҳотлар жараёни юртимизда истиқлол тонги отганидан сўнггина рўй берди. Мамлакатимизда ҳаётга татбиқ этилган, бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилаётган мактаб таълимини ривожлантиришнинг Давлат умуммиллий дастури доирасида шунчалик кўп ишларга қўл урилдики, унинг самараси ўлароқ таълим масканлари қиёфаси зоҳиран тубдан янгича кўриниш касб этди.

Хитой халқининг ибратли бир мақоли бор: “Биз бир йилга режалаштирганимизда, дон сочамиз, ўн йилни режалаштирганимизда, дарахт экамиз. Агар бутун умрга режалаштирсак – кишиларни ўқитамиз ва тарбиялаймиз”. Зеро, биз бугун бутун умрга режалаштирилган вазифа юзасидан бош қотираётган эканмиз, унинг ижроси мактаб таълимини ботиний жиҳатдан ўзгартириш масаласига келиб тақалаверади.

Янги кун – янги имконият, унда биргина шу куннинг ташвишлари билан ўралашиб яшасак, эртани бой берамиз, шундай экан, ҳар бир шахснинг ўз кўзлаган марраси, аниқ мақсади бўлиши лозим, маълум маррани эгаллашга шаҳд этмаган киши ҳассасини йўқотган сўқирга ўхшаб қолади. Ўтган асрнинг 70-йилларида содир бўлган бир латифамонанд воқеани ҳамкасбларим ҳалигача гапириб юришади. Қишлоғимиз мактабининг куйди-пишди директори нафс қулига айланган бир кишига:

— Ошна, ўғлингиз яхши ўқимаяпти, бунинг устига тартибсиз, унинг тарбияси билан жиддийроқ шуғулланмасангиз, эртага бармоқ тишлаб қоласиз, кейин кеч бўлади, — дебди.

Бепарво ота домлага “менга гапираяпсанми” қабилида меровсираб қараганча:

— Жарақ-журуқ пулини олгандан сўнг, бола тарбияси билан сиз шуғулланмай, мен шуғулланишим керакми, ўғлимнинг билими масаласига келганда, ёмон ўқиса, сизга ўхшаб маълим бўлар, — деб жавоб қайтарибди…

Билдим, буни ўқиб, мийиғингизда жилмаяяпсиз, мен эса собиқ иттифоқ даврида тўрт йил умрини сарфлаб, олий маълумот олган ўқитувчига пахтачилик бригадаси бошлиғи зуғум ўтказган дамларни эслаб, ичдан зил кетаяпман. Шундай бўлса-да, “киши руҳининг муҳандиси” бўлмиш ўқитувчига, унинг сермашаққат касбига паст назар билан қараган, масхара қилмоқчи бўлган ўша кимсанинг бетайин  ўғлининг кейинги тақдири ҳақида озгина тўхталмоқчиман. У отасининг елиб-югуришлари, харидорларнинг биридан иккини ўмариб топган пули эвазига олий ўқув юртини тамомлаб, дипломга эга бўлгани ҳам рост. Аммо билимининг саёзлиги барибир унга панд берди, бир-икки йил мактабда ишлагандек бўлди-да, кейин ўзини    бошқа соҳаларга уриб кўрди, бироқ қайси идорада ишламасин, тезда бизга аён сабаб билан “думи тугилди”.

Мен бу воқеани бежиз эсламадим, бугуннинг мактаби зиммасига биргина ёш авлодни ўқитиб, саводини чиқариш эмас, уни эртанги кунга, ўзининг бир умрлик касбини танлашига тайёрлаш вазифаси юклатилган. Умумий ўрта таълим мактабларида психолог штатининг жорий этилгани, ўқувчи онгига мактаб остонасини ҳатлаган илк йилидан бир умрлик касб тушунчасининг сингдирилаётгани, 9-синф битирувчилари, уларнинг ота-оналаридан таълимнинг кейинги босқичида (академик лицей, касб-ҳунар коллежлари) қайси йўналишни танлаётгани юзасидан бир эмас, уч маротаба сўровнома ўтказилаётгани фикримизнинг далилидир. Шунга яраша бугуннинг ўқувчиси хилма-хилликка интилаяпти, энди уни ўқитишнинг йиллар давомида бир қолипга сингдирилган услублари қониқтирмаяпти, унда янгиликка талпиниш кучли, шу боис ўқитувчидан ҳам услуб, шакл, пировард натижада, мазмун янгиланишларини кутаяпти.

Тараққиёт асрида яшаяпмиз. Ёшу қари бирдек фойдаланаётган уяли алоқа воситаларини олайлик, у фақат оддийгина алоқа воситаси бўлиб қолмасдан, доимо чўнтагимизда юрадиган, мураккаб ҳисоб-китобларни оний лаҳзада ҳал қилиб берадиган, вақтни аниқлашда асқатадиган механизм, бўш вақтимизда эрмак бўладиган кўнгилочар ўйинлар қурилмаси, дунё янгиликларини аён этувчи интернет хизмати, кўнглингиз тусаган адабиётни излаб, мутолаа этишда қўл келадиган кутубхона…

Қўл телефонининг ўзиёқ биз билган, билмаган шунча хизматларни бажарар экан, янги авлод компьютерлари муҳайё этадиган қулайликлар таърифини келтиришга бисотимиздаги сўз бойлиги ожизлик қилиши шубҳасиз. Бугун энг овлоқ, чекка маскандаги мактаблар ҳам энг замонавий компьютер синфлари, улардаги нетбук, ноутбуклар, бошқа ахборот-коммуникация технологиялари (улардан қандай фойдаланиш мактаб жамоаси, биринчи навбатда, ўқитувчилар виждонига ҳавола), электрон дарсликлар, дарс ишланмалари билан таъминланган. Буларнинг ҳаммаси ўқувчида мантиқий фикрлаш қобилиятини шакллантиришга хизмат қилади. Гапнинг очиғи, энди билимларни синашнинг урфга айланган тест услубида тушунчанинг ўзига эга бўлиш кифоя эмас, мантиқий фикрлаган кишигина вазиятдан чиқа олади. Шу иқтидорга эга бўлган  ўқувчи ҳам вақтдан ютади, ҳам қисқа фурсатда кўп сонли тест саволларининг тўғри жавобини топа олади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, олий ўқув юртларининг кириш имтиҳонларидаги уч блокка киритилган юздан ортиқ тест саволини бирма-бир, оддий услубда ечиш учун ажратилган вақт кифоя қилмайди, аммо ҳар бир саволнинг қўйилишига қараб, мантиқий фикрланса, ечим ўз-ўзидан келиб чиқади. Ўқувчида мантиқий фикрни ривожлантириш эса бу унга таълим-тарбия бериш вазифасини зиммасига олган ўқитувчи салоҳиятига боғлиқ. Шу жараёнда тағин бир муаммо бор бўй-басти билан намоён бўлади. Муаммо марказига эса эскича тафаккур қулига айланган ўқитувчи чиқади. 20-30 йил мобайнида бир хилликка ўрганиб қолган ўқитувчиларнинг барчасида биз хоҳлаймизми, йўқми, янгича фикрлаш хоҳиши устувор, дейиш қийин, ахир ким ҳам ўқитишнинг йиллар мобайнида ўзи қўллаб келган “шаблон” услубларидан осонгина воз кечиб қўя қоларди.

Бугунги кун ўқувчиси қизиқишлари доирасини аниқлаш учун синов тариқасида ўтказган кўп сонли сўровномаларим натижаси шуни кўрсатаяптики, энди ўқувчи дарс жараёнида оддийгина истеъмолчи бўлиб қолмай, унинг фаол иштирокчисига айланишни хоҳлаяпти. Бу истак эса ўқитувчи томонидан кўникма ҳосил қилинган “синфда мен хўжайинман, дарсни истаган йўналишга буриш менинг қўлимда” қабилидаги “яккаҳокимлик” даъвосига путур етказади. Мазкур қарама-қаршилик айниқса кадрлар тақчиллигига дуч келинадиган, чекка қишлоқ мактабларида яққол кўзга ташланиб қолди. Икки қарама-қарши уфқ ўртасига тушган мактаб раҳбари қандай йўл тутиши керак? Аслида унинг ўзи муаммони тўла тушуниб етаяпти, деб бўладими?

Ўтган йили октябрь ойида малака ошириш марказий институти бир ойлик курсида таҳсил олдим. Малака ошириш тизими, айтиш мумкинки, замон талабига қараб тубдан ўзгарган, бу тутумга ҳамма ҳам бирдек кўникма ҳосил қилди, дейиш амримаҳол. Очиғи, айрим сабоқдошларимнинг (тўғри, улар оз сонли, бир ҳисобда шунисига ҳам шукур) бугунги кун мактаби олдига қўйилаётган вазифалар ҳақида фикрлаш доираси энсани қотирадиган даражада. Яхши мактаб ўз номи билан яхши мактаб, айрими ўртамиёна бўлишни афзал кўраяпти, аммо ўртамиёнадан паст билим масканлари ҳам йўқ эмас. Бу жараёнда эришилган озгина ютуқларга маҳлиё бўлиб қолаверсак, ўқувчининг мантиқий фикрлаш қобилиятини ким шакллантиради?

Умумий ўрта таълим мактаби раҳбари сифатида тез-тез турлича тарзда ташкил этиладиган дарсларни кузатишимга тўғри келади. Бири иккинчисини такрорлайдиган дарсларга кирганимда зериккандан тарс ёрилгим келади, менда-ку кузатадиган дарсимни, ўқитувчини танлаш имконияти бор, аммо кун бўйи бир қолипдаги дарслар ўтадиган муаллим қўли остига тушиб қолган ўқувчи нима қила олади? Масалага бундай ёндашиш ўқитувчи ва ўқувчи муносабатларида қарама-қарши икки қутбни ҳосил қилмайдими? Шу нуқтаи назардан қараганда, ечимини кутаётган энг асосий саволга дуч келамиз:

— Бизга қандай ўқитувчилар керак???

Келгусида айнан шу саволнинг жавоби юзасидан фикр юритиш ниятидамиз.

Абдунаби АБДИЕВ

«Qashqadaryo» газетаси архивидан олинди.

Мақола 355 марта ўқилган

1 Комментарий для ЎҚИТУВЧИ ВА ЎҚУВЧИ улар қарама-қарши икки қутбми? (Биринчи мақола)

  1. Juda to’g’ri fikrlar yozilibdi.

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*