Оналарнинг биз тушунмайдиган, бизнинг ўлчовимизга сиғмайдиган ўз олами борга ўхшайди

photo_2016-10-24_14-14-58Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг қирқдан ортиқ асарлари минг-минглаб китобхонларнинг маънавий мулкига айланишга улгурган. Ушбу асарлар жой олган китобларнинг умумий тиражи эса 2 миллион нусхадан ошган. Ёзувчи асарлари кўпгина хорижий тилларга таржима қилинган. Бу натижалар ҳар қандай ижодкор орзу қиладиган, интиладиган маррадир.

Биз қачон китобни севиб ўқиймиз? Унда таниш қисматлар акс этган бўлса, қаҳрамонлар билан дарддош, бахтдош бўла олсаккина. Шу нуқтаи назарда Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” қиссаси ўқувчилар қалбидан чуқур ўрин эгаллаган асар сифатида қадрли. Қисса ҳақида  Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад шундай деганди:

“Дунёнинг ишлари” асарини қисса эмас, достон деб аташни истардим. У қўшиқдай ўқилади. Уни ўқиб туриб, ўз оналаримизни ўйлаб кетамиз. Шу мушфиқ, шу жафокаш оналаримиз олдидаги бир умр узиб бўлмас қарзларимизнинг ақалли биттасини уза олдикми, деган бир андиша, бир савол кўз олдимизда кўндаланг туриб олади. Қисса бизни инсофга, инсонни қадрлашга, ҳурмат қилишга чақиради”.

Қуйида “Дунёнинг ишлари” асаридан кўпчилигимизга қадрдон бўлган парчаларни келтирамиз.

* * *

Юлдузлар тўла осмонга тикиламан. Эҳтимол, осмондаги энг ёруғ юлдузлар оналарнинг жонидир. Эҳтимол, оналарнинг сўнган юлдузлари бирлашиб қуёшга айлангандир. Офтобни она дейишлари, эҳтимол, шундандир.

* * *

— Волидаи меҳрибонингиз хўп ярлақаган одам эканлар. Тўшакда ётмабдилар, бировга зориқмабдилар… Бунақа беозор ўлим ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Эҳтимол шундайдир. Онам бу дунёда камсуқумгина яшарди. Ҳеч кимга озор бермасди. Ҳеч ким билан ҳеч нарсани талашмасди. Эҳтимол табиатнинг энг шафқатсиз элчиси билан ҳам олишиб ўтиришни хоҳламагандир.

* * *

Илгари бир ҳақиқатни билардим. Она учун боланинг катта-кичиги бўлмайди. Энди яна бир ҳақиқатни англадим. Бола учун ҳам онанинг катта-кичиги бўлмас экан. Она она экан. Унга бошқа сифат керак эмас.

* * *

Оналар фарзандлари ҳамиша бирга бўлишини истайдилар. Қисмат эса уларни қанот чиқариши билан ҳар ёққа учириб кетади. Ҳаёт лоақал шу масалада ҳам оналарга шафқат қилмайди.

* * *

Ҳақиқат ҳавога ўхшайди. Нафас олиб турасизу ўзини кўрмайсиз. Онам айтган афсоналар ҳам ҳаётдек оддий, ҳаётдек чуқур ҳақиқат экан.

* * *

— Нимага бировнинг боласи бўлар экан! – тўсатдан онамнинг жаҳли чиқиб кетди. – Йиғлаб турган боланинг бегонаси бўладими? Уялмайсанми шунақа дегани? Йиғлаб турган норасидага раҳми келмаган одам – одамми?

Индамадим. Аммо барибир ўшанда онамни ноҳақ ҳисоблаган эдим. Йўқ, чамамда, оналарнинг биз тушунмайдиган, бизнинг ўлчовимизга сиғмайдиган ўз олами борга ўхшайди.

* * *

Ҳар ким ҳар кимнинг кўзига чўп солиши мумкин, ҳар ким ҳар кимга хиёнат қилиши мумкин. Фақат она ўз боласига ҳеч қачон хиёнат қилмайди. Эҳтимол, инсон ҳаётининг шунча йиллардан буён давом этиб келаётгани шундандир.

* * *

Эҳтимол, дунёнинг бу четида туриб бир одам айтган қўшиқни дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Эҳтимол, дунёнинг бу чеккасида туриб бир одам айтган энг оқилона фикрни дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Бироқ дунёнинг бу чеккасида туриб она айтган аллага дунёнинг нариги чеккасидаги гўдак бемалол ором олади. Нега шунақа? Наҳотки, гўдак тушунган нарсага биз   тушунмасак? Эҳтимол, бунинг боиси  бошқа жойдадир. Эҳтимол она тушунган нарсани бизлар тушунмасмиз. Балки шунинг учун ҳам она – табиатнинг энг буюк ихтиросидир.

* * *

Оқ мармар, қора мармар… Бу сўзларнинг ҳар битта ҳарфига қанчадан қанча кўзёши томганини биламан. Эҳтимол булар инсон боласининг ҳаётда энг рост сўзларидир. Фақат… ҳар гал уларни ўқиганда бир нарсани ўйлайман: мана шу сўзларни юрак-юракдан, изтироб билан айтган фарзанд онаси ҳаёт эканлигида қанчалик кўнглини ололди экан?

* * *

Фақат бир нарсани аниқ айтишим мумкин. Мабодо Тангри марҳумларга қайта жон ато қилса-ю оналар тирилиб қолса, ҳаёт пайтида меҳр берганми, бермаганми – барибир фарзандларини мақтаб гапирган бўларди. Оналар ҳатто вафотидан кейин ҳам оналигича қолади.

* * *

Баҳор деворининг офтобрўя этакларидан бошланмайди. Баҳор ариқларнинг кунгай соҳилларидан бошланмайди. Баҳор мана шу ердан бошланади. Қабрлар устида қўнғироқ чалган чучмомалар, ловиллаб ёнган қизғалдоқлар оналарнинг фарзандини юпатиш учун тақдим этган чечаклари бўлса ажаб эмас…

Замира РЎЗИЕВА тайёрлади.

Мақола 410 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*