Онаизор

 

photo_2016-10-11_18-33-36Oна учун бугун қувонч­­ли кун бўлди.

Ўғлидан хушхабар келди-да. Неча йиллар интиқ бўлиб кутганди бу дамларни. Кеча қўшниси Турсиной қоранинг боласи унинг жигарбандини учратганини, шу жума онасини кўришга боришини айтганини суюнчилаб кирди. Аввало уч кун олдин худо дилига солиб, тушида аён қилганди ҳам: тиниқ булутлар сузиб юрган мусаффо осмон қаъридан оппоқ кабутар учиб чиқиб елкасига қўнувди. Билдики, яхши хабар эшитади. Мана ўша хурсандчилик. Ён қўшниси олиб келди.

– Умридан барака топсин угина бола. Илойим, ғам кўрмасин, – дерди қайта-қайта. Қумри кампир ичига сиғмай тинимсиз дуо қиларди. Туни билан уйқуси қочди. Худди бугун жумадек тонг саҳарданоқ туриб куймаланди. Ўғлининг болалик пайтларидаги ширин қилиқларини эслади. Илк тетапоя бўлганида отаси қувончдан ўзини қўярга жой тополмай байрам қилишувди. Қўшни болаларга ширинлик­лар улашганди. Ҳаммаси кечагидек кўз ўнгида турибди. Бахтиёр кунлар эди. Эртага қўзичоғи – жигаргўшаси келади. Қанақа бўлиб кетган экан. Ҳойнаҳой, танимаса керак. Ўзгариб кетгани аниқ. Янаям улғайиб, катта киши бўлиб қолгандир. Туғилганда бир парча гўшт эди. Набиралари-чи? Уларни олиб келармикин ё ўзи сўппайиб кириб келадими?.. Набираларининг ҳеч бирини кўрмаган. Эшитгандан бери ҳар турли саволлар тинчини бузди. Майли, ўзининг дийдорига тўйса бўлди.

* * *

Ниҳоят бугун чанг босиб ётган сандиқнинг қулфигаям калит солинди. Кампирнинг бор бисоти ана шу ерда эди. Озодининг чақалоқ ки­­йимчалари ҳам ўша вақтда келинлик сандиғига жо бўлганди. Латта-путталар тагидан уларни топиб, искаланди. Худди ўзи. Ўғилчасининг иси келяпти. Мушки анбар-а?.. Анчагача кийимчаларни ҳидлаб, қайта-қайта термулди. Қиқир-қиқир кулгулари қулоқлари остида жаранглагандай бўлди. Охири зерикди, шекилли, бир кийимлик чит олиб, сандиқни ёпди.

Қуёш бош кўтармай тикувчи Мастура чўлоқнинг эшиклари тақиллади. У ҳайрон бўлди. Куни билан келди-кетди кўп бўларди-ку, аммо бундай каллаи саҳардан остона ҳатловчилар йўқ эди. Апил-тапил туриб, дарбоза томон шошди.

– Ким у? – деб овоз берди кета туриб.

– Мен… мен Қумри холангман, – деди кампир вазмин оҳангда.

– Ҳозир юз-қўлимни чайволай, – деди яна у.

Қумри холанинг сабри чидамай ҳовлиқди.

– Ҳой Мастурахон, эшикни оч!..

– Ҳозир, ҳозир. Мана кетяпман.

Йўлакда Мастура чўлоқнинг оқсоқланган оёқ олиши эшитилди.

– Келинг, хола, – деди шошинқираб кўришиб. – Хуш келибсиз.

– Сенга иш олиб келдим. Мана шуни тикиб бермасанг бўлмайди.

У қўлидаги читни тикувчига тутқазди. Мастура лом-мим демай ичкарига бошлади.      Айвонга кириб, Қумри холанинг эгнини ўлчаб чиқди.

– Шу бугуннинг ўзида тикиб берасан! – деди қатъий.

– Бунча тез бўлмаса. Ҳали битмаган ишларим турувди.

– Сен билмайсан-да. Эртага ўғилгинам келяпти. Тушундингми?

Қумри холанинг узоқ йиллардан буён танҳо яшашини бутун қишлоқ биларди: ёлғизгина ўғли ҳарбий хизматга кетган-у, қайтмаган. Уйланиб олибди, деб эшитишарди. Хаста отаси кута-кута ўн беш йил деганда аза очди. Элга ош бериб, худойи қилди. Шундан кейингина жони ором олиб, бу фоний дунёни тарк этди. Ўша-ўша Қумри хола ёлғиз яшайди. Лекин ноумид шайтон. Ўғлининг тириклигига ишонади: ҳали-ҳануз кутади.

Мастура индамади. Ҳаям, йўғам демади. Кампирнинг хурсандчилигини бузгиси келмади. Қумри хола унинг “Ўтиринг, чой-пой ичинг” дейи­шигаям кўнмади. Ҳар қанча қистовига қарамай шошиб чиқиб кетди.

* * *

Қумри холанинг қиладиган ишлари кўп эди. Уйига қайтибоқ бузоқчани бўшатди. Бироз ийдириб олиб, сигирни соғди. Томорқага эккан кўкпиёз, турли хил кўкатлардан юлиб, боғлам-боғлам қилиб тугунга жойлади. Сутни кўтариб, бозорга ошиқди. Қумри хола мана шундай кун кечирарди. Уларни сотиб, пулига у-бу олиб келар, шу билан рўзғорини тебратарди.

Пайшанба бозори гавжум эди. Ошкўклар бир зумда эгасини топди-ю, аммо сутнинг харидори чиқмади. Ҳозир ҳамманинг уйида сигир. Одамлар сут-қатиққа муҳтож эмас. Барибир бирор кимса чиқар, деб ўйлади. Бозорда одам сийрак­лашиб борарди. Бир чеккада ғужанак бўлиб олган кампир:

– Сут. Янги соғилган сут. Ҳой ўғлим, манг, олинг. Бугун саҳарда соққанман-а, – деб харидор чорларди.

Улгуржи бозор тугади. Чаканачилар келиб жойларини эгаллай бошлади. Энди сут оладиган кам бўлади. Оёқлари ҳам толиқди. Шундай бўлса ҳам бироз турди. Ҳеч ким сут сўрамади. Энди кетмоқчи бўлганда ортидан бировнинг:

– Онажон, сутми? – деган товуши эшитилди. Қумри хола суюниб кетди.

– Ҳа-ҳа. Янгигина.

– Растага олиб киринг энди, – деди хотиржам паттачи.

Тарвузи қўлтиғидан тушган кампир уйга қайт­­ди. Кела солиб сутни қайнатди. Бироз совитди-да, оқлик солиб, қатиқ ивитиб қўйди. Инқиллаб юриб уйларни тозалади. Чанг­ларни артди. Супур-сидир қилди. Ҳаммаёқни саранжом-саришталади. Кечга яқин тикувчи Мастура чўлоқ битган кўйлагини қизидан бериб юборибди. Кийиб кўрди. Қолипга солгандек ярашиб тушди. Қўли дард кўрмасин, деб қизга ҳақ берганди, олмади. Чевар қизи тушмагурни қаттиқ тайинлаб жўнатган экан. “Аям хафа бўлади”, деб туриб олди. Шундай бўлса-да, ҳовлининг этагидаги зарғалдоқ шафтолидан бир сатил териб ўтди. Олишга кўнмаганди, мен ҳам хафа бўламан, деб оёқ тиради. Қиз кетгач, кўйлагини такрор-такрор кўздан кечирди. Бичимларини текшириб кўрди. Кўнгли жойига тушиб, яна дуо қилди. “Ўзи чўлоқ бўлса ҳам қўли гул унинг, – дея хаёлидан ўтказди. – Одамнинг ўлчами билан бирга дилини ҳам топади. Болаларига бош бўлиб юрсин, илойим”.

* * *

Шу бугун амаллаб кунни кечкиртирди. Ўзининг қилган ишларидан ҳавасланди. Туни билан мижжа қоқмай чиқди. Эртанги дийдорни ўйлади. Ўғлимнинг олдида кўзёши қилмайман, деб ўзига ўзи сўз берди. Яна ким билади. Эплай олармикин буни. Ярим тунда қаттиқ шамол турди. Дарахтларнинг шохлари синиб кетгудек тебранди. Ўчоқ бошида идиш-товоқларнинг жаранглагани эшитилди. Ташқарида кимдир юрганга ўхшади. Чиқиб қарашга қўрқди. Тарақа-туруқ тинмади. Ёлғизнинг ёри худо, деб дадил бориб, эшикни тирқишидан қаради. Ҳеч ким кўринмади. Аввалдан тайёрлаб қўйган бешликни қўлига олиб, ташқарига чиқди.

– Ким у!? – деди қалтироқ овозда. – Ўғримисан? Сенга нима керак? Бор бисотим ўлимлигим холос менинг. Шундан бошқа ҳеч вақом йўқ. Қорнинг оч бўлса…

Кампирнинг ёдига нимадир тушиб, шошиб қолди. Қўрқувдан асар ҳам қолмаганди. Эси қурсин, бугун бозордан олган бир парча этини қозон бошига қўйган эди-ку! Жон жаҳди билан олдинга ташланганди, ўчоқ ортидан бир қора ит югургилаб,  девор оша қўшнининг ҳовлисига ўтиб кетди.

– Туф-туф. Юрагимни чиқараёзди-я, – деди пичирлаб. – Хайрият, тегинмапти.

Ит пастдаги кул тоғорани искаб, йиқитворган экан, тўғрилаб қўйди. Гўштни олиб, илмоққа илди. Эртага ўғлининг келишига қулинг ўргилсин қовурма ош қилади. Раҳматли эри шунақасини яхши кўрарди.

* * *

Эрта тонгдан қўшни хотинлар хабар олгани киришди. Анчагача у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтиришди. Ўғлини мақташди. Сийрати раҳматли отасига тортганини айтиб ялтоқланишди. Бири қўйиб, бири тоза оғзини кўпиртирди. Кампир бу гапларнинг бариси таскин учун айтилаётгини жуда яхши биларди. Уларнинг мақтовлари юрагига игнадек санчилаётганини қўшнилари тушунишмасди… Ёки атай қилишаётганга ўхшарди. Шартта туриб қувиб солгиси келди. Айниқса, Сайёранинг гапи ёқинқирамади. Нима эмиш, ўғлини ўзи куёв қилмоқчи бўлганмиш. Ордона қолсин-а. Унинг гапларидан қошлари чимирилди. Энди безовталана бошлаганди, қўшнилар туришди. Турсиной қора ўғлига нимча тикиб чиқибди.

– Озодбек бизнинг ҳам ўғлимиз, – деди у. – Бу ернинг совуғи билдирмай белдан уради. Келганда кийиб олсин.

– Мен ҳам дўппи тиккандим. Озодингизга насиб қилибди. Ҳар қалай, яланг бош юрса бўлмас. Қишлоқ жой. Униси-буниси гапиришмасин тағин, – деди рўпара қўшниси Сайёра ҳам.

Одамнинг юзи исссиқ-да.

– Барака топинглар, барака топинглар! – деди иложсиз кузата туриб, тил учида.

Улар чиқиб кетишди. Яна ёлғиз қолди. Куни билан ғимирлаб дунёнинг ишини қилди. Пешин бўлдиямки, ўғли келмади. Ошнинг масаллиқларини тўрғаштириб, тайёрлаб қўйди. Кутди. Ўтириб, узоқ вақт гуручнинг тошини териб, овунди. Уст-бошларини алмаштириб, янги тикдирган кўйлагини кийиб олди. Пича пардоз-андоз қилган бўлди. Ойнага қараб ўкинди. Ажинлар ўргимчак тўридек томир ёйибди. Ҳаммаси вақт қурғурнинг найранги. Кутмаганинг – кўзингга кўринади. “Энди буёғига ёшарармидим”, дея ўзига далда берди. Ўғлидан бўлса ҳамон дарак йўқ эди. Тиқ этса дарвозахонага кўз югуртирди. Кўнглига қил сиғмасди. Кечга яқин ўчоққа ўтин қалаб, олов ёқди. Ёғни доғлаб, ошнинг зирвагини қилди. Кўнглидан ҳар не ўйлар кечди. Йўли бехатар бўлсин, деб қайта-қайта Яратгандан сўради. Бироқ… остона босиб бирор кимса кириб келмади уйига. Яна қоронғи туша бошлади. Ҳовлига одатдагидек ёлғиз сукунат бостириб кирди. Ҳар кундаги каби унинг ҳукмронлиги бошланди. Худди тушунгандек қурбақалар ҳам сайрамади. Чигирткалар чирилламадиям. Ҳақиқий сукунат эди. Уни бузишга бирор жонзотнинг ҳадди сиғмасди. Бу оғзини ланг очиб, одамни ютворишга шай турган аждарҳога ўхшарди. Фақат кутарди, пайт пойларди, холос.

Лекин у эртакдагидек ҳеч қачон келмасди.

* * *

…Бу сукунатни онанинг ноласигина бузишга қодир эди. Шундай ҳам бўлди. Қумри хола тун ярмигача ўғлини кутиб ўтирди. Умидини узмади. Охири она қўлларининг зарбини соғинган, девор илгагида чанг босиб ётган чилдирма жонланди. У ошни пишириб, човгумнинг сувини биқирлатиб қайнатаётган, ўчоғ оғзидаги ўчиб бораётган чўғда обдон қизиди. Терилари таранглашган чоғ, Қумри холанинг юраги олдига борди ва чапандоз­­ча* товуш берди: бак-бум, бум-бак-бум…

Чилдирма садолари онанинг эзилган юрагига малҳам бўларди. Анчагача шу тахлит товуш такрорланиб турди. Сўнг дилдаги қийноқ тилга қайнаб чиқа бошлади. Улар ҳазин нолалар орқали сўзга айланди. Қумри хола дард билан куйлади. Қўшнилар тиқ этса йўқловга киришмоқчи эди. Охири кута-кута уйқуга кетишганди. Чилдирма садоларини эшитиб ҳаммалари уйғонишди. Қумри холанинг гап-гаштакларда ялла қилиб туришини билишарди. Бошқа пайт қўлига чилдирма ушламасди ҳам.

Бу тун ҳеч ким мижжа қоқмади. Онанинг овози тонгга қадар тинмади. Қўшниларнинг эса бирортасини туриб чиқишга юраги бетламади. Қумри холанинг нолаларига қулоқ тутиб ётаверишди. Лекин қўшиқ сўзларини англаб олиш маҳол эди. Ора-орадагина “Болам-а…”, “Келмадинг-ку!”, “Кутаа…аман” деган дардли сўзлар аниқ эшитиларди, холос.

Турсиной қора қоронғида пайпасланиб, ун қорадиган сурпанинг орасидан узун ўқловни топди. Пишиллаб ухлаб ётган ўғлини устига бостириб кириб:

– Сен ер юткурга қачон ақл киради! Одамларнинг тинчини бузган ҳайвоннинг қорни ёрилса бўлмасмиди, – дея савалаб кетди. Турсиной қоранинг важоҳати ёмон эди. Ўғли уйқусираб калтак зарбини ҳам сезмади. Вазиятга тушунмай:

– Нима қилдим, – деб илтижо қилди.

– Бировнинг боласини учратмай ҳар бало бўлгур! Мана шу кўрган кўзларинг оқиб тушсин сен итнинг, – деб яна сўкди.

Доира садолари авжига минди. Гап нимадалигига ақли бовар қилмай талмовсираб турган ўғил калтаклар сабабини эндигина англаганди. Чилдирма овози аниқроқ эшитила бошлади.

Бак-бум…мм, бум-бак-бум…мм.

Ва ниҳоят Турсиной қоранинг ўғли ўзи сабаб бўлган фожиани тушунгандек бўлди. Тунов кунги хабари Қумри холанинг уйига хурсандчилик эмас, мотам олиб келганди.

* * *

Бу куниси ҳамма ўзи билан овора бўлди. Ҳатто бир-бирларидан “Нима гап?” деб сўрашга ботинишолмади. Қумри холаникига чиқишга бўлса, ҳеч кимнинг юраги дов бермасди. Пешинга яқин Турсиной қора бир коса мастава қуйиб, хабар олгани ўғлини киритди. “Ён қўшни – жон қўшни-да барибир. Бир гап бўлса югургилаб чиқиб келади. Яна иссиқлик ҳам кўтариб киришади”, деб хаёлидан ўтказди Қумри хола.

– Бироз мазам қочди, – деди кўзлари мўлтиллаб косага қўл узатаркан.

– Яхши бўп кетасиз. Шуни иссиғида ичиб оларкансиз, – деди қўшни бола ҳам ерда пардаси ёрилиб ётган чилдирмага кўз тикиб.

– Қўлимдан тушиб кетди.

Қумри хола шошқатор қуйилиб келаётган кўз ёшларини енгининг учига артди.

– Қовурғаси бутун, тузатса бўлади. Уста Умар бирпасда зўр қилиб юрак парда қоплаб беради, – деди қўшни бола ҳам айбдорларча кўзларини яшириб.

– Менга кўпам ачинма, – деди Қумри хола хаста тувушда.

Бу гап боланинг қулоқларига “Ҳамма ёлғонларингни биламан”, дегандек эшитилиб кетди. У ҳар шаҳардан қайтганда Қумри хола ўғлини сўрарди. Кўрган-кўрмаганини суриштирарди. Ўқишга қайтар маҳали қўярда-қўймай у-бу егуликлар бериб юборарди. “Учратиб қолсанг бирга ерсизлар”, дерди. Қанийди шундай бўлса-ю, у ҳам кампирнинг мунгли қарашларидан қутулса. Охири шу ёлғонни тўқишга мажбур бўлди. Зора, ёлғони ростга айланса, деб ўйлаганди. Қаёқда. Ҳаммаси чаппасига кетди. Энди умуман алдамайди. Бўйнига қилич келса ҳам бу ишни қилмайди.

– Сендан бир ўтинчим бор, – деди Қумри хола суюқ ошни ичаркан. Айтмоқчи бўлган гапини йўқотиб қўйдими, бироз каловланди. Сўнг: – Дийдор қиёматга қолса, Озоджонимга отаси билан мени қаерда ётганимни кўрсат. Ундан рози бўлганимизни ҳам айт. Одамларнинг гапларига ишонмасин, – деди.

Энди Қумри хола умидини бутунлай узган эди. Тўғри-да. Кута-кута кўзлари тўрт бўлди-ку. Аслида-ю, эр-хотин иккови ўғлимиз озод юрсин деб ўзлари шундай исм қўйишганди. Ўшанда эркинлик пардасидан кафан бичишганини қаёқдан билишибди. Бу ёғига худо пошшо. Пешонасига битилгани шу экан. Азалда не ёзилган бўлса, ҳаётда ўшани кўрди. Тақдирга тан бермай иложи йўқ.

Турсиной қоранинг ўғли атрофга аланг-жаланг боқди. Туриб чиқиб кетишга важ қидирарди.

– Ҳой Аҳмад. Ҳа жувонмарг-а! Бунча қолиб кетдинг мўлтонига ўхшаб, – деб чақирди онаси.

У баҳона топилганидан қувониб кетди. Тура солиб ўзини кўчага урди. Йўлда: “Одамлар! Мен онамни яхши кўраман”, деди пичирлаб.

Бошқа гап юракка сиғмасди. Уч кун шу тахлит ўтди. Қўни-қўшнилар бири қўйиб, бири хабар олиб туришди. Боласини кутиб дамланган ош қозонда ачиди. Унинг ҳузурини қўшнисининг кўппаги кўрди.

Қумри хола кутишни унутиб энди оёққа турганда кутилмаган ҳол юз берди: беш яшар болани етаклаб ўғли кириб келди. Тушимми-ўнгимми, дея, онаизор довдираб қолди. Хурсандчилик билан бирга кўнглининг туб-тубида қандайдир ўксинишга ўхшаган ҳиссиёт бош кўтарди. Аммо неварасини кўриб меҳри жўшиб кетди. Ҳа-ҳа. Эндигина сўниб бораётган умид учқунлари қайтатдан аланга олди. Яна оналик меҳри уйғонди. Ахир жигарининг жигариям жигари-ку!.. Она набирасини қучиб эркалади. Шу пайт дарвозахонада ёшгина бир аёл кўринди. Неварасининг унга қараб талпинганидан келини шу эканини билди. Жигаргўшасини бағридан юлиб олган бу жувонни ич-­ичидан ёмон кўриб юрарди. Лекин ўзи ўйлагандек эмас экан. Кўзлари кулиб одамни эритворарди. Беихтиёр ўғлига қаради. Юзидан самимият барқ уриб турарди. Хаёлига келган, ҳаловатидан айирган ёмон ўйларни эслаб ўзини койиди. Нима қилсин!?.. Ахир Яратгандан шу дийдорни сўрамаганмиди?..

 

Бахтиёр Нуриддин

«Yoshlik» журналидан олинди.

 

Мақола 682 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*