Она

onaМуниса хола бугун хурсанд уйғонди. Саҳарлаб печкага қозонни ўрнатиб, шўрва ташлаб қўйди. Қўшиқ хиргойи қилиб юрди. Кечқурун қориб қўйган ҳамири кўпиб кетибди. Тезроқ нонга зувала босиш керак…

Ўғли Шавкатбекнинг иши шаҳарда бўлгани учун бола-чақаси билан “дом”да туришибди. Қишни ўша ерда чиқарасизлар, деб Муниса хола ўзи рози бўлганди.

Ўтган сафар Муниса хола ҳудди шундай нон ясаб ўтирганди, синглиси телефон қилиб қолди. Шаҳарга, укаларини кўргани бирга бориб келишларини айтди. Муниса хола бироз ўйланиб турди. Укалари ҳам ўз араваларини ўзлари тортиб, ҳеч бири опалари ҳақида ўйлашмайди. Кўргилари ҳам келмасмикин-а? Айниқса, Шодмонбек укаси доим ўзича ҳақ. Ҳамиша бир хил гапни гапиради: “Опалик – оналик бурчингни бажарасан-да, нима бўлади ўзларинг исташиб келиб туришсанг?..”

“Ҳа, етмишга кирган кекса опа излаб юриши керак…”,ўзича қадрига хафа бўлади Муниса хола. Жигар барибир жигар экан, ўрни бошқа экан уларнинг. Туриб-туриб юрак бағри эзилади унинг. Дарров тугун-бўғин қилиб йўқлагани боради ўзи.

Бугун эса қандайдан бўлиб укалари келишармиш. Бу хабарни кеча эшитгани учун эрталабдан тараддудни бошлаб юборди. Айниқса, кичик укам Мўминшер девзира гуручда бўлган паловни жуда суйиб ерди, деб ўйлаб, кеча шомда ошга сабзиларни ҳам тўғраб қўйган.

Печкадан қозонни олиб, чой қўйди. Кейин қаймоққа пиёзни майда тўғраб, нон ёпди. Қўшнисига “янги қаймоқ қилиб беринг”, деб тайинлаганди-я, уни олиб чиқиб қўйиш ҳам керак. Хуллас, Муниса хола қувватдан кетган бўлса-да, ҳозир укаларининг ташрифидан хурсанд, оёғини қўлга олиб чаққон ҳаракатлар қиляпти.

Орада укасига сим қоқди: “Иним, тезроқ келинглар, кутяпман…”, – деди.

– Нима камчилик бор? – сўради Мўминжон.

– Ҳамма нарса бор, укажон, дастурхонни тузаб қўйганман. Фақат тез келинглар…

Айтганча, идишларни иссиқроқ уйга олиб кириб қўяй, деб Муниса хола ташқарига йўналди. Чинни идишларни қўлига оларкан, беихтиёр, кўзларига ёш қуйилди. Ўтиб кетган ота-онасини эслади.

…Муниса хола ҳунармандлар оиласидан эди. Ҳали- ҳануз ҳеч ёдидан чиқмайди ўша кунлар. Ёш қизча эди ўшанда. Онаси касал, отаси косибчилик ҳунари ортидан 4-5 болани боқарди. Кейин эса уруш бошланиб, дадаси урушга кетди.

Ҳувиллаган уйда майда болалар билан қолган онаси дўппи тикиб кун кўрар, жажжи Мунисани ҳам тикиш-бичишга ўргатар эди. Ёш туриб ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотган Муниса укаларига жуда меҳрибон бўлган. Дўкондан қора буханка сотиб олиб келиб, тухумга булаб қовуриб, иссиқ овқат ўрнида ҳаммасига бир кесимдан берарди. Ҳаттўо, овқат солгани бирон бир дурустроқ идишлари ҳам йўқ, ҳамма қўлида ушлаб ейишарди…

Касаллик онаизорини ҳам бу дунёдан бевақт олиб кетди. Ота-онасидан айрилган ёш қиз укаларига она бўлди. Уларни едириб, ичириб, парваришлай бошлади. Дадаси урушдан ногирон бўлиб қайтди. Шароит қанчалар қийин бўлмасин, яна ота ўзини ишга уриб, фарзандларини ҳалол луқма билан боқди. Бироқ, отасининг ҳам умри калта экан, болаларининг роҳатини, камолини кўрмай ўтиб кетди.

Муниса вояга етиб ўзи ҳам оила қурди, она бўлди. Ушалмаган орзуларимни фарзандимдан кўрай, деб ёлғиз болсини ўқитди. Эри Зокиржон ака эса фарзандини уйлади-ю, оламдан ўтиб кетди.

Муниса хола укаларини уйли-жойли қилди. Яхши ишларга жойланишида ҳам кўп ҳаракат қилди. Ният яхши бўлса, натижаси хайрли бўлар экан. Секин-аста барча қийинчиликлар ортда қолди. Аммо “она” бўлиш қийин экан. Укаларини йўлга солиб, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишларида жуда кўп машаққат чекди.

“Майли, ҳаммалари тинч бўлсин, илоҳим…”, – шукр қилади Муниса хола.

Шу орада онахоннинг кўзи илинди. Тушига онаси кирибди. “Болам-ей, сендан хурсандман. Сендан розиман, болам! Укаларингга меҳринг бошқача. Сендан… розиман…”, дерди у.

… Бир пайт ташқарида ғала-ғовур бўлиб кетди. Мунис хола чўчиб уйғонди. Қараса, кун ёришиб кетибди. Кўрган тушини эслаб, янада дили равшан тортди. Кейин аста ўрнидан туриб, ташқарига бўйлади.

Укалари! Укалари келибди. Ўрнидан даст туриб, уларга пешвоз чиқди. Меҳмонлар билан бир-бир кўришаркан, кўзларига ёш қуйилди.

Манзура БЕКМИРЗАЕВА

Интернет манбаларидан олинди.

Мақола 1 093 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*