Олислар яқин-у, яқинлар олис

 

photo_2016-10-17_18-17-50Одамлар қадим-қадимдан ҳамкорлик, ҳамроҳлик, ҳам­жи­ҳат­ликка интилиб яшаб келади. Бир-бирини излаш, бир-бирига интилиш инсон ҳаётининг асосий маъно-мазмунидир.

Ўтмишда инсоннинг бу эҳтиёжини таъминловчи илк восита ЙЎЛ эди. Одамлар дастлаб йўллар орқали бир-бирови билан алоқа қила бошлади. Йўл аввалига қабилаларни шакллантирди, кейинчалик қишлоқлар, шаҳарлар ва бутун бошли давлатларнинг пайдо бўлишига замин яратди.

Асрлар мобайнида қуруқлик йўллари, денгиз йўллари ин­сониятни ўзаро боғлаб келди, ХХ асрда эса ҳаво йўллари очилди. Аммо булар инсониятнинг бир-бирини излаш, бир-бирига интилиш ва ўзаро мулоқот эҳтиёжларини барибир қондиролмади. Чунки бу йўллар иқтисодиёт, маданият, сиёсат ва савдога кўпроқ хизмат қиларди.

Инсонлардан бир-бирига сўз, фикр ташувчи мактубнинг қадр-қиммати эса асрлар мобайнида тушмай келди. Номалар одамларнинг ҳаёт ҳикматлари, дил розлари, таклифу табриклари, ўкинчу ўтинчлари, қувончу ташвишларини қишлоқлар, шаҳарлар, қитъалар оша бир-бирига етказарди.

ХХ асрнинг сўнгида кенг истеъмолга кирган интернет сайё­рамиз кишиларини бир-бировига жуда яқинлаштирди. Ай­ниқса, ижтимоий тармоқлар инсониятни юзма-юз қилиб қўя қолди.

Интернетни мажозий маънода “ўргимчак тўри” дейишади. Ле­кин, ижтимоий тармоқлар ҳақиқий маънода ўргимчак тўр­ларидир. Ижтимоий тармоқлар борасида сўз кетганда, бугун гап “тўр”да эмас, балки “ЎРГИМЧАК­ЛАР”да бўлиб қолди.

* * *

Кўпчилик “Ижтимоий тармоқлар” деганда интернетдаги онлайн социал тармоқларни тушунади ва унинг келиб чиқишини ҳам шунга боғлайди. Аслида, бу тушунча илгаридан бор, ижтимоий тармоқлардан интернет пайдо бўлмасидан олдин ҳам самарали фойдаланишган.

“Ижтимоий тармоқ” тушунчасини 1954 йили “Манчестер мактаби” ўқувчиси Ж.Барнс киритган.

Ижтимоий тармоқларнинг кенг илмий ўр­ганилиши дунёни тармоқлар орқали бош­қариш назарияларига ҳам асос бўлди. Буни интернетдаги ижтимоий тармоқлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Йил сайин уларнинг маънавий-мафкуравий таъ­сири каттариб борди. Ижтимоий тармоқлар воситасида содир этилган инқилоблар, турли талотўп­лар қанчадан-қанча мамлакатларнинг тақдирини хавф остида қолдирмоқда.

Алоқалар қанча кўп бўлса, кўрсатадиган таъ­сир доираси шунча катта ва кенг бўлади. Бинобарин, ижтимоий тармоқлардаги шахс­лараро ва гуруҳлараро ҳар қандай алоқалар тармоқлар “бошида” турганларнинг назорати остида эканини унут­маслик керак.

 

* * *

Дунё тараққий этаяпти, бизнинг “оғири­миз­ни енгил” қилган нарсалар ахборот техно­ло­гияларининг ютуқлари билан албатта боғлиқ. Бугун уммон ортидаги оғайнимиз билан бемалол сўзлашишимиз мумкин. Уйда ўтириб онлайн дўконлардан ул-бул харид қила оламиз. Умуман олганда, интернет имкониятлари жуда кенг.

Маълумотларга кўра, дунёда инсонлар 50 фоиз янгиликни ижтимоий тармоқлар ор­қали олмоқда. Бугун жаҳонда ҳуқуқ-тартибот органларининг уч­дан икки қисми жиноятларни фош қилишда иж­тимоий тармоқлардан фой­даланяпти. Интернет ҳар олтинчи ишсизга иш топишида ёрдам беряпти. Анъанавий оммавий ахборот воситаларининг 65 фоиз мухбири янгиликларни ижтимоий тар­моқ­лардан топади. Кўпчилик одамлар иж­тимоий тармоқлардан узоқдаги оила аъзолари ёки дўстлари билан алоқа қилиш мақсадида фойдаланади, янги дўстлар орттиради. Хул­лас, кўпчилик учун ижтимоий тармоқларсиз ҳаёт тўхтаб қолар даражага етди.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам, аксарият кишилар учун ижтимоий тармоқ бўлмаса “ҳаёт” гўё тўхтайди. Чунки ижтимоий тармоқларда мил­­лионлаб одамлар ўзи “яратган” виртуал оламда ўзи хоҳлагандай “яшамоқда”. Бу ерда одамлар реал ҳаётдагидан кўра ўн чандон эркинроқ, улар учун фикрини баён қилишда, муносабатларда, ахлоқда чегаралар йўқ. Тармоқда ким билан дўстлашиш ва ким билан гаплашмасликни фойдаланувчининг ўзи ҳал қи­лади. Агар тармоқдаги дўсти ни­маси биландир ёқмай қолса, шунчаки уни ўз рўйхатидан ўчиради-қўяди. Бирор нарсани тушунтириш ёки ўз ҳа­ракатини асослаб беришнинг ҳожати йўқ. Бу маконда ҳамма “ўз олами” ҳукмдори, ҳаммани ўзига қаратгиси келади, ўзининг қизиқишларини бошқаларга улашади, ақлли сўзлар топиб дунёни лол қолдиришни истайди. Бу оламда ундан чи­ройли ва келишган одам йўқлигини исботлаш учун ўзининг турфа хил кўринишдаги суратларини жойлаштиради. Хуллас, улар учун бу “ҳаёт” ўзига хос завқли.

Дўппини бир четга қў­йиб ўйлаб кўра­диган, бир қур кузатадиган бўлсак, бу “ҳаёт”нинг завқи-ку яхши, аммо жабри ҳам кам бўлмаяпти. Ижтимоий тармоқларга мук­касидан кетган болалар, ёшлар ҳам­дардлик билдириш, ҳам­фикр бўлиш туйғусини йў­қотиб қўйишмоқда. Виртуал оламда ўзини қандай тутса, ҳаётда ҳам шундай тутишга одатланяпти.

Ижтимоий тармоқларга муккасидан кет­ган­­ларда маънавий мулоқотнинг ўрни, қадри йў­қолиб боряпти, мулоқот шунчаки алоқага айланмоқда. Интернетга боғланиб қолиш ҳоллари кучаймоқда. Улар кун да­вомида бир неча марта сайтларга кириб, у ерда соатлаб қолиб кетишмоқда. Айнан шундан жаҳлдорлик, ғазаб, ишёқмаслик, ҳаракатсизлик, атрофга нисбатан бе­фарқлик шаклланаяпти. Бундан ташқари, виртуал дунёда бегоналар билан танишиш ва ўзи истаган нарсани реал нарсадек тасаввур қилиш осон. Аммо кўпчилик ёшлар соатлаб компьютер ёки телефон олдида ўтириб, ўзини реал хурсандчиликлар, ҳаёт гўзалликларидан чеклаб қўяётгани, ўзи ўйлаб чиқарган об­разда яшаш натижасида эса жиддий руҳий бузилиш­ларга учраётганини сезмаяпти.

Нафақат ёшлар, ҳатто ўрта ёшдаги ки­шилар ҳам ижтимоий тармоқларга кириб олиб, миясига келган фикрни айтиб одамларни эътиборини тортмоқчи бўлади, уни кимдир маъқулласа, ўзига катта баҳо бериб қо­лаётганлар ҳам йўқ эмас. Ўз суратларини жойлаштириб, тагига ёзилган мақтов сўзлардан ўзига ишончи ортиб ва ўзида бўлмаган хислатларнинг борлигига ишо­ниб, натижада ёлғон тасаввур гирдобига тушиб қолаётганлар талайгина. Ўз ижодидан шеър ё ҳикоями жойлаштирган ижодкорларни виртуал дунёдаги ҳайбаракаллачи дўстлари мақтаб, кўкка кўтариб буюк ижодкорга чиқариб қўяётган ҳолатлар ҳам кўп учраяпти. Ижодкор бечора эса виртуал ҳаёт­даги “обрў”сини реал ҳаётдан излаб тополмай овора. Буларнинг бариси инсон руҳиятига путур етказмоқда, дидини, савиясини сусайтириб, та­факкурини ғариблаштиряпти.

Ҳеч қандай технология инсоннинг ўрнини боса олмайди. Фарзанд тарбиялаш, уни имонли, эътиқодли қилиб улғайтириш, оқ-қорани танитиш каби бурч ва масъулиятларни фақат инсоннинг ўзигина уддалай олади.

Интернет адабиётнинг оммалашишига хизмат қиляпти, дунёнинг бир четидаги ижодкор асарларини бир зумда уммон нарисидаги ўқувчига ҳам ўқиш имкониятини яратиб, адабиётнинг бойишига хизмат қилмоқда деган гапларга тўлиқ қўши­лолмайман. Бугун интернетдаги, ўқув­чилар­нинг талаби, диди ҳаминқадар. Виртуал оламдаги дид билан реал ҳаётдаги диднинг фарқланишини олимлар исботлаган. Савияси паст китобларнинг бозори чаққон бўлиб бораётганига интернет ҳам катта ёрдам беряпти. Чинакам адабиёт инсон қалби, тафаккури, шуури билан боғлиқ жараён. Ижодкор қаламидан тўкилган ондаёқ адабий асарнинг тақдири ҳал бўлган бўлади. Хоҳ уни интернетга жойланг, хоҳ ёзув столида ётсин, яхши асар яхши асарлигича, ёмон ёмонлигича қолаверади.

Боя айтганимиздек, бугун болалар ёппасига интернетга, ижтимоий тармоқларга ёпишган. Ҳали ақлини танимайдиган боланинг қўлида “ақлли” телефон. Интернет ёниқ бўлса, билингки, дунё билан юзма-юз. Интернетнинг “жин кўча”лари кўп, бу “кўча”ларда эса ғараз ниятли кимсалар изғиб юради. Шунинг учун болаларимизнинг руҳини тарбиялаб, савиясини ўстиргачгина, компьютер ва телефонлар билан, интернет билан ошно қилсак бўлар. Акс ҳолда, ғўр кўнгилларни бой бериб қўйиш ҳеч гапмас.

Хуллас, ЙЎЛдан бошланган мушо­ҳа­даларимиз йўли ҳам охирлаб қолди. Инсонни бирдамликка ундаган, юксалишга бошлаган ЙЎЛ одамлар қалбида ҳам, ҳаётда ҳам йўллигича қолди. Одамларнинг онгини, қал­бини туташтирувчи интернетга пистирма қурган қароқчиларнинг молимиз билан иши йўқ, улар руҳимизни, шууримизни мўлжал олади. Шунинг учун ҳамиша виждонимиз бедор, қалбимиз уйғоқ бўлсин! Ўзимизнинг ке­лажагимизни асрайлик!

 

Нурали ШОДИЕВ

Мақола 631 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*