Ақл бовар қилмас далиллар — Ўлим мавжуд эмас!

скачанные файлы (2)

«Олтин шуъла» оккультизм (инсон онгидан анча юқори бўлган илоҳий кучлар мавжудлигига ишониш) жамиятининг аъзоси, Британия оккультизм фанлари коллегияси ва Лондон спиритизм (ўлганлар руҳи билан гаплашиш мумкинлигига ишонч) жамиятининг президенти, икки томлик «Спиритуализм тарихи» илмий тўплами муаллифи, оккультизмни ўрганишга умрининг 50 йилини сарфлаган медик ва олим — бу таърифларнинг бари афсонавий Шерлок Холмс саргузаштларининг муаллифи сэр Артур Конан Дойлга оид.

СПИРИТИЗМГА ЙЎЛ

1916 йилнинг 21 октябрида «Light» журналида бутун дунёга детектив асарлари билан машҳур бўлган адиб — 47 ёшли Конан Дойл илк марта ўтганлар руҳи билан мулоқот боғлаш мумкинлиги ва бунга ўзи мутлақо амин экани ҳақида мақола эълон қилади. «1882 йилда тиббиёт бўйича ўқишни тугатганимда, — деб ёзади у, — кўпчилик докторлар сингари мен ҳам ҳар соҳада қатъий моддиюнчи эдим. Ўша вақтга қадар, гарчи назаримда, Миср юриши вақтидаги юлдузли тунда Наполеон «Айтинг-чи, жаноблар, юлдузларни ким яратган?» дея атеист профессорларга берган саволнинг жавобини ҳали ҳеч кимса топа олмаган бўлса-да, қизиққон даҳрий бўлишдан чекинмадим. Бироқ ўлим билан юзлашиши тайин бўлган нозик жонимиз масаласига дуч келганимда, шундай туюлдики, табиатдаги кўплаб бир-бирига ўхшаш моддийликлар «ўлган»идан сўнг асл моҳиятини йўқотади. Қачонки, шам ёниб битса, ёруғлик ўчади; сим узилса, электр токи ўтмайди; вужуд ҳалок бўлса, онг ғойиб бўлади. Гарчи мусиқачи доимгидек чала олса ҳамки, синган скрипка исталган товушни бера олмайди».

1886 йил охирларида ўзи иштирок этган спиритик сеанс унда катта таассурот қолдиради: «Мен ҳамма вақт бу мавзуга дунёдаги энг катта тентаклик деб қараб келганман; шу вақтга қадар медиум (ўлганлар руҳи билан гаплашувчи одам)ларнинг шармандаларча фош этилиши ҳақидаги воқеаларни ўқиб, соғлом ақлга эга бўлган одам қандай қилиб бунақа нарсаларга ишониши мумкинлигига ҳайрон қолардим, — тан олганди сэр Артур. — Баъзи дўстларим спиритуализмга қизиқиб қолишди ва мен улар билан бирга «айланувчи стол» орқали ўтказиладиган сеансда қатнашдим. Биз марҳумлар билан алоқа боғлаб, бир неча хабарлар олдик».

Спиритик сеансларда унинг илк кўмакчиларидан бири меъмор дўсти жаноб Болл эди. Улар мижозларнинг оилаларида ўтказилган «айланувчи стол» сеансларини томоша қилишди. Бироқ докторнинг ақли телекинез (фикр орқали таъсир ўтказиш)нинг очиқ-ойдин кўриниб турган далилларини қабул қилишни истамасди. У маслаҳат сўраб, таниши — фалакиёт ва руҳиятга оид тадқиқотлари билан донг чиқарган генерал Альфред Дрейсонга мурожаат қилди. У маслаҳат ўрнида шундай жавоб берди: «Медиумсиз руҳият билан шуғулланиш телескопсиз фалакиётни ўрганишдай гап». Маслаҳатга амал қилган ҳолда Конан Дойл профессионал медиум Хорстед ёрдамида 1887 йилнинг олти ойи давомида ўз уйида олтита сеанс ташкил қилади. Натижалар кутилганидан ҳам аълороқ бўлиб чиқади. Артур бир неча йил теософия (диний-мистик таълимот)ни ўрганди, бироқ ундан ихлоси қайтиб, 1891 йилда руҳий тадқиқотлар жамиятига аъзо бўлди. Бу ташкилот фаолияти «нариги дунё мавжудлигига доир ҳолатлар» ҳақида ҳамма нарсани муфассал ўрганишга қаратилган эди.

ЎЗИНИКИЛАР ИЧРА БЕГОНА

Скептик (ҳеч нарсага ишонмаслик) кайфиятдаги дўстлари Конан Дойлнинг спиритизм билан  машғуллигини наслий носоғломлик деб баҳолашади: адибнинг отаси руҳий заиф киши эди ва у махсус касалхонада дунёдан кўз юмганди. Атрофидагиларнинг бу қараши ҳатто Конан Дойл билан таниқли жамоат арбоби, лорд Жон Дуглас ўртасидаги очиқ-ошкора баҳс-мунозарага ҳам олиб борди ва бу тортишув «Санди экспресс» нашри саҳифаларида эълон қилинди. Рақиб томон бу ҳақидаги мақолани «Конан Дойл ақлдан озмаганми ўзи?» деган сарлавҳа остида нашр қилдиради. Ёзувчилар Жером Клапка Жером ва Бертран Рассел ҳам сэр Артурнинг соғлом ақл эгаси эканига оммавий ахборот воситалари орқали  шубҳа билдиришади. Ҳаммасидан ҳам фантаст ёзувчи Герберт Уэллс тутган йўл унга қаттиқ ботади. Уэллс Конан  Дойлни ўзининг «Жаноб Парэмнинг яккаҳокимлиги» номли романидаги бир қаҳрамон учун прототип қилиб олади, бу қаҳрамон миясида спиритик сеанслар жараёнида Буюк Британия ҳокимиятини эгаллаш ва дунёни уруш гирдобига ботириш мақсади пайдо бўлади. «Г.Ж.Уэллс нимадан ғазабланди?» мақоласида Конан Дойл спиритизмни қаттиқ туриб ҳимоя қилади: «Иккисидан бири: ё кузатувчиларнинг бари ёлғончи ва тентак, ё улар кўрган нарсасинигина айтадиган ҳақиқатгўй. Агар мен гувоҳлар иштирокида марҳума онам ва жиянимни кўрганимни таъкидлар эканман, унда тўла тушунарлики, мен юқоридаги икки тоифадан бирига мансубман. Бу масалани ҳал этишни мени яхши биладиган ва менинг ишларимни муҳокама эта оладиганларга ҳавола қиламан».

ГАРРИ ГУДИНИ ЛАРЗАГА ТУШДИ

Таниқли кўзбойлоғич Гарри Гудини (1874-1926 йиллар) билан Конан Дойл Америкага хизмат сафари вақтида танишганди. Машҳур адибнинг маърузалари спиритизмга бағишланган, кўзбойлоғич бўлса паранормал ҳодисаларга бўлган эътиқод устидан ошкора куларди. Гарри сэр Артурни ўз эътиқодидан қайтариш учун махсус саҳна томошасини тайёрлашга ярим йил вақт сарфлади. «Мен сизга эпчил ва моҳир одам нималарга қодир эканини кўрсатиш учун махсус трюк тайёрладим, — дейди у. — Ва сиздан қаттиқ илтимос қиламан: қачонки ақл бовар қилмас нарсани кўрсангиз, ғайритабиий кучларсиз бундай қилиб бўлмайди, деган хулосага келишга шошилманг». Шу аснода Гудинининг ўзи ҳам спиритизмга шунчалик қизиқиб қоладики, «нариги дунё» сирларини ўрганиш учун атайлаб Россияга бориб қайтади. Бир куни у Конан Дойлга мурожаат қилади: «Менга айтишларича, рафиқангизда кучли медиумлик қобилияти пайдо бўлибди». Дойл: «Ҳа, Жинда бунга иқтидор бор», дея тасдиқлаганида, фокусчи рухсат сўрайди: «У ҳолда, сиз орқали у дунёга бир нечта савол йўлласам бўлармикин?» «Мен қарши эмасман, — деб жавоб беради адиб. — Биз «Амбассадор» отелида учрашишимиз ва сеанс ўтказишимиз мумкин». Томоша кўплаб қизиқувчиларни ўзига жалб этади. Иштирокчиларнинг кейинчалик хотирлашларича, бир томонда якка ўзи ўтирган Жин тезгина транс ҳолатига киради. Сўнг медиум паст овозда сэр Артурнинг илк никоҳидан туғилган ва Биринчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ўғли билан алоқа боғлаганини маълум қилади. Гудинининг саволи қуйидагича эди: «Ундан сўранг-чи, нега менинг онам бундай ғалати васиятнома қолдирди экан?» Бунга жавобан Гарри айнан нимани эшитгани сир бўлиб қолди. Фақат шуниси маълумки, жавоб уни шу даражада ларзага соладики, у ўрнидан сапчиб туриб, хонадан югуриб чиқиб кетади. Сэр Артур эса шу сеансда руҳлар мавжудлигининг яна бир исботини кўрганини таъкидлайди.

СПИРИТИЗМ ТАРАФДОРИ

Конан Дойлнинг ёрқин услубли ёзувчи сифатида машҳурлиги спиритизмни оммалаштиришда катта ёрдам берган. «Спиритизм ва инсоният тараққиёти» мақоласида (1925 йил) у шундай ёзади: «Спиритизм, шубҳасиз, энг муҳим илмлардан бири, у вақт сарфлашга арзийди. Мен шу ўринда Теккерейнинг сўзларини айнан келтирган бўлардим. У бир рақибига шундай деганди: «Сиз айтаётган гаплар асл ҳақиқат, бироқ агар сиз мен кўрган нарсани кўра олганингизда эди, ўз қарашингизни ўзгартирган бўлардингиз». Биз ўз назариямизни далиллар билан мувофиқлаштиришимиз керак. Шу пайтга қадар далилларни ўз назариямиз билан мослаштирган эдик. Агар сиз ҳозирча бизнинг тарафдорларимиз сафида бўлмасангиз, бу ўз томонингиздан қараганда, мутлақо тўғри. Бу илмни тушуниш учун сизга вақт керак. Менинг ўзимга ҳам бунинг учун кўп йил керак бўлди. Ҳозир мен учун бундан кўра муҳимроқ иш йўқ, чунки бу ҳақиқат эканини биламан. Билиш бу — ишониш, дегани эмас-ку. Спиритизм битмас-туганмас. Унда бир-бирига ўхшамаган, ўрганишга арзийдиган ўнлаб томонлар бор. Қачонки, бу нарсалар шахсан ўзингизга тааллуқли бўлганида, сиз ҳам уни тушунасиз ва баҳолай оласиз».

СЎНГГИ ИСБОТ

1930 йилнинг 13 июлида Лондондаги «Альберт-холл»да Артур Конан Дойл хотирасига бағишлаб ўтказилган маросимда саккиз мингга яқин одам тўпланди. Йиғилганлар биринчи қаторда — адибнинг беваси Жин ва унинг ўғли Артур ўтирган ўриндиқлар орасида бўш турган, Конан Дойлга аталган жойга ажабланиб қарашарди. Залда таниқли медиум Эстелль Робертснинг ҳам борлиги эса одамларнинг қизиқишларини янада оширади. Ҳамма сэр Артур ўз ўлими санасини аниқ билганини айтиб, шивирлашарди. Етмишдан ошган ёзувчи иш кабинетига рафиқасини чақириб, шундай деганди: «Менга «у ёқдан» хабар беришди, бу дунёни 7 июлда тарк этар эканман. Албатта, ачинарли, лекин сен ҳамма зарур тайёргарликни кўравер». Эри бежизга кучли медиум деб санамайдиган Жин бу гапни жиддий қабул қилди. Айтилган фурсат тезгина етиб келди. Ёзнинг энг жазирама кунларида Конан Дойл инфарктни бошидан кечирди. 7 июль кечаси унинг ҳаётидаги сўнгги тун бўлди. Иккинчи инфаркт эрталаб саккиз яримда кечди, яна ярим соатдан сўнг эса сэр Артур оламдан ўтди.

Маросимга жимлик чўкди. Адиб беваси йиғилганларга қуйидаги сўзлар билан мурожаат этди: «Хонимлар ва жаноблар! Ўлимидан олдин эрим менга ўз шахсий муҳри урилган мана бу конвертни берди. Робертс хоним сэр Артурнинг руҳи билан боғланиб, хатнинг мазмунини аниқлайди. Биз эса унинг тўғри ё нотўғрилигини текширамиз».

Айримлар қизил сурғучда босилган оилавий муҳрнинг бутунлигига ишонч ҳосил қилишни ихтиёр этишди. Сўнг Эстелль Робертс бўш ўриндиқ олдида турганича, маълум қилди: «Сэр Артур шундай ёзган экан: «Мен устингиздан ғалаба қозондим, жаноби ишонмаслар! Ўлим мавжуд эмас. Тез орада кўришгунча». Конверт очилганида одамларнинг ҳайрати янада ошди: қоғозда айнан шу матн ёзилганди.

Тақдир изни билан садоқатли Жин яна ўн йил умр кўрди. У марҳум эрининг руҳи билан гаплашиб туришини сўнгги нафасига қадар таъкидлаган. Хоним бу дунёни шундай сўзлар билан тарк этди: «У мени чақираяпти».

Муаллиф: Элла ФУРМАНСКАЯ.

Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси.

Мақола 3 175 марта ўқилган

2 Комментариев для Ақл бовар қилмас далиллар — Ўлим мавжуд эмас!

  1. Haa bu bòlgan ishlarni rost yoki yolģon ekanligini yolģiz yaratgan Olloh biladi biz esa 5 daqiqadan keyn nima bòlishini ham bilmaymizz shunday ekan biz faqat «Shukur» qilishmiz kerak

  2. Vo ajjabo karomating va mujizangni cheki yuq ey yaratgan egam’

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*