Мусиқа — минг дарднинг давоси

photo_2016-11-29_12-23-27

Қадимий итальян мусиқа асбобларининг бир нечтасида «Мусиқа қалбни даволайди» деган ёзув учрагани тарихий манбалардан бизга маълум. Аҳамиятлиси, Қадимги Миср табиблари беморларни оҳанг кўмагида даволаш бўйича яхшигина натижаларга эришишган. Хитойлик табиблар эса беморнинг касаллигига қараб уларга мусиқатерапиянинг ягона дориси —  куй-қўшиқларнинг фойдалисини тавсия қилишган. Дунё тиббиёт оламининг даҳоси Ибн Сино ҳам куйнинг инсон руҳиятига таъсири борасида қимматли маълумотларни ўз асарида  батафсил ифодалаган.

Кимдир бош оғриғи ёки тушкун кайфиятни турли дори воситалари билан бартараф этишни истаса, баъзилар учун ушбу муаммолардан халос бўлиш учун яхшигина мусиқа тинглашнинг ўзи кифоя.

Хўш, мусиқа қайси касалликларни даволашда самарали натижа беради?

XIX аср охирларида америкалик врач-невропатолог Жеймс Корнинг мусиқанинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиб чиқди. Натижада бир нечта касалликларни мусиқа ёрдамида даволаш мумкинлиги яна бир бор ўз исботини топди. Айниқса, асаб касалликлари билан оғриган беморларда бу яхши самара берди. Шундан сўнг у ўзи фаолият олиб бораётган касалхонада «шифобахш» мусиқий концертларни ўтказишни йўлга қўйди.

Орадан юз йил ўтгандан сўнг   Америка ва Европада ҳам шифокорлар стоматология ва операция хоналарида ҳамда болалар касалхоналари ва ҳарбий госпиталларда ҳам «мусиқатерапия»дан фойдалана бошлашди. Айниқса, ҳарбий соҳа вакилларида ватанпарварлик ҳиссини ошириш, уларни шижоатли, довюрак бўлишга ундашнинг энг самарали воситаси мусиқа эканлиги амалда исботланди.

Тарихдан бизга маълумки, мусиқа нафақат халқ ҳаётида соф эстетика омили, балки шомон­бахшилар, афсунгарлар томонидан инсон руҳиятига таъсир кўрсатувчи, чўпонлар ва деҳқонлар томонидан бошқарувчи, қўрқитувчи, чорловчи товуш сифатида ҳам аҳамиятли бўлган, ­ дейди Қарши давлат университети қошидаги 1-академик лицей ўқитувчиси Зокир Шукуров. ­ Юнон афсоналарида илоҳий чолғу сифатида улуғланган арфа ва чилторнинг сеҳри ҳам айни шунда. Яъни уларда ижро қилинган куй тирик жон руҳиятига кучли таъсир кўрсата олишидадир. Машҳур афсонада бойликни қўриқловчи аждарнинг айни чилтор навоси билан сеҳрланиши бунга мисол бўла олади.

Бундан бир неча йиллар илгари Рим фанлар академияси олимларининг изланишлари натижасида мусиқа ёрдамида инсондаги қўрқув, депрессия, юрак қисмидаги оғриқларни, гипертония, стрессни тўлиқ даволаса бўлади, деган хулоса эълон қилинди. Эришилган натижалар кўпгина касалхоналарда оммалаштирилди.

Бугунги кунга келиб, аксарият мутахассислар беморлар айнан мумтоз мусиқаларни тинглаши яхши самара беришини таъкидлашмоқда. Масалан, шўх мусиқа диққатни жамлашга, сокин куй уйқунинг меъёрлашувига ёрдам беради. Мутахассисларнинг фикрича, пианино орқали чалинган куй қалқонсимон без фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Скрипка эса юрак иши фаолиятини яхшилайди. Мусиқа тинглаган инсон руҳиятида раҳм-шафқат ҳисси фаоллашади. Виолончель эса буйрак  фаолиятини нормаллаштириши   тадқиқотларда аниқланган.

Флейта ва най чолғу асбобларини чалган инсонларда ўпканинг тозаланиши қайд этилган. Зарбли чолғу асбоблари эса юрак ритми тикланишига ёрдам бериб, қон айланиш тизимига самарали таъсир кўрсатади. Уйқусизлик пайтида сокин мусиқаларни тинглаш тавсия этилади.

Миллий мумтоз мусиқа инсонларни таъсирчан, атроф-муҳитга, инсонларга меҳр-муҳаббатли  қилиб тарбиялайди, ­ дейди психолог Мавжуда Омонова. ­ Бундан ташқари, сабр­қаноатли бўлиш, ўзгаларни тинглай олиш ва ҳаётнинг ўткинчилигини англашда мумтоз мусиқа асарларининг ўрни катта. Аммо бир пайтнинг ўзида жаз, рок йўналишидаги мусиқалар асабларни зўриқтиради. Шундай экан саломатлик учун ёки кайфиятимизни яхшилаш учун эшитаётган ҳар бир куйимиз инсон сифатида шаклланишимизга ҳам таъсир кўрсатишини унутмаслик лозим.

Мусиқа инсонга куч беришига ишонаман, ­ дейди  кураш бўйича жаҳон чемпионати совриндори   Соҳиба Эштемирова. ­ Ҳар бир мусобақадан олдин мадҳиямизни тинглаш мен учун одат тусига кирган. Юртимиз мадҳиясидаги ҳар бир сўз, мусиқа жаранги кучимга куч қўшаётганини ҳис қиламан.

Буни қарангки, жисмоний машқ-ларни мусиқа тинглаб бажариш одатдаги кўрсаткичдан 20 фоиз  самарали натижа берар экан. Шу сабабли тринажёр залидаги аксарият жиҳозларга мусиқа ўрнатилган. Бунга қўшимча тарзда мумтоз мусиқаларни  кўпроқ тинглаш хотиранинг кучайишига сабаб бўла олади. Шунингдек, севимли мусиқангизни тинглашингиз нафақат қон томир тизимини тартибга солади, балки ўзингизга бўлган ишончни ошириб, янги марралар, зафарлар сари ундаши аниқ. Шу билан бирга мусиқа тинглашда ҳам меъёр тушунчаси борлигини унутмаслик лозим.

Замира РЎЗИЕВА. 

Мақола 413 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*