«Микрокредитбанк»нинг Чироқчи тумани филиали бошқарувчиси 385 млн сўмни «еб юборган»

1481888243_microcreditbank

«Микрокредитбанк»нинг Чироқчи тумани филиали бошқарувчиси Маъруф Пирназаров мансаб ваколатларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб, қатор жиноятларга қўл урган. Бу ҳақда «Ҳуқуқ» газетаси хабар бермоқда.

Чироқчи тумани прокурори Одил Паяновнинг мақоласида ёзилишича, бир вақтнинг ўзида «Чироқчи пахта тозалаш» АЖ раиси вазифасида ҳам ишлаган «Микрокредитбанк»нинг туман филиали бошқарувчиси қўйнидан тўкилса қўнжига қабилида иш тутиб келган. Ўзининг қонунга хилоф ишлари билан давлат ва жамиятга жуда катта миқдорда зиён етказган.

У «Uchar lochin» номли МЧЖни ташкил этиб, унга онасини раҳбар қилиб тайинлаб қўяди, аслида эcа ҳамма ишни ўзи юритади. МЖЧ номига банкдан (яъни ўзидан) ҳужжатларни сохталаштириш йўли орқали тўйхона биноси ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчасини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 36 ой муддатга йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 300 млн. сўм кредит олади. Ҳолбуки, унинг бу хатти-ҳаракати 2015 йилнинг 5 авгуситида Адлия вазирлигида рўйхатга олинган «Банкка алоқадор» бўлган шахслар билан тузиладиган битимлар тўғрисида»ги низом талабларига зид эди. Чунки МЧЖнинг 80 фоиз улуши ўзига, 20 фоиз улуши эса онасига тегишли эди. Пирназаров буни билмаган деб ўйлайсизми? Билган, албатта! Шунга қарамай давринг келди сур бегим қабилида ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда кўнглига келган ишларни қилаверган.

М.Пирназаров кредитнинг бор-йўғи 9 млн. 950 минг сўмини мақсадли сарфлайди, яъни бу пул тўйхонани таъмирлашга ишлатилади. Қолганини эса шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

«Микрокредитбанк»нинг Чироқчи тумани филиали бошқарувчисининг нафси ором топиши учун 300 млн. сўм етарли бўлмайди. Натижада ҳали банкка аввалги қарзини ҳам тўламаган «Uchar lochin» МЧЖга юқоридаги «услуб» орқали 24 ой муддатга йиллик 12 фоиз устама тўлаш шарти билан яна 50 млн. сўм кредитни «совға» қилади. Бу пул ҳам мақсадсиз ишлатилиб, ўзлаштирилади. Кредит маблағлари ва фоиз тўловлари тўланмайди.

Бу билан ҳам тинчимаган М.Пирназаров тумандаги фермерлардан бири билан тил бириктириб, у раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигига керакли ҳужжатларни талаб қилмасдан, кредит бюросидан ахборот олмасдан 24 ой муддатга йиллик 12 фоиз устама тўлаш шарти билан яна 35 млн. сўм кредит ажратилишига «кўмаклашиб» юборади. Гаров таъминоти сифатида банкдан отнинг калласидай қарзи бўлган «Uchar lochin» МЧЖ кафил бўлиб ўтади. Табиийки, бу «ҳиммат»нинг сабаби бор эди…

Яна ўша аҳвол такрорланди. Кредит мақсадсиз ишлатилди. Бу пулга қурилиш моллари сотиб олиниб, улар нақд пулга сотилди, тушган пул талон-торож қилинди.

Мақолада қайд этилишича, «Микрокредитбанк»нинг Чироқчи тумани филиали бошқарувчиси Маъруф Пирназаров ҳамда унинг жиноий шериги — фермер хўжалиги раиси суд ҳукмига кўра қилмишига яраша жазо тайинланган.

Tafsilot.uz

Мақола 639 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*