Меърож кечасида тирноқлари қўрғошиндан бўлиб, ўзларининг юзларини ва куракларини тирнаётган қавмга ўхшаб қолмаяпмизми?!

photo_2016-12-29_09-56-40

Инсонларнинг обрў-иззатларини сақлаш мақсадида ислом дини ғийбатни ҳаром қилди. Чунки ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборат ёмон иллатдир.

Расулуллоҳ (с.а.в.) видолашув ҳажидаги хутбаларида ҳам буни алоҳида таъкидлаб, “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда ушбу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар!” деганлар. Демак, бировнинг молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шундай манфур амаллардандир.

Ғийбат ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирилган бир ҳадисда ривоят қилинади: “Расулуллоҳ “Ғийбат нима эканлигини биласизларми?” деб сўради. Саҳобалар “Аллоҳ ва унинг расули билгувчироқдир”, деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ “Ғийбат бир биродарингнинг орқасидан ўзи эшитса, ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, дедилар. Шунда улардан бири “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?” деб сўради. Расулуллоҳ “Унда бор айбни айтган бўлсанг, ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, агар тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки бу билан ғийбат қилинган бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.

Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён этиб, инсонларга шундай хитоб қилади:

“…(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик ва бирингиз бирингизни ғийбат қилманг! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли Зотдир” (“Ҳужурот” сураси, 12-оят).

Қуръони каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон ташбеҳ билан зикр қилинмаган. Биламизки, инсон ҳеч қачон ўлимтик ҳайвон гўштини емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, ундан янада жирканади. Ўз туғишган биродарининг ўлган ҳолатида гўштини ейиш эса мутлақо инсониятга номуносиб ва ақлдан узоқ ишдир. Ғийбат шундай қабиҳ ҳолатга қиёсланмоқда. Бу эса виждони бор, ақли соғлом ва иймонли ҳар қандай кишининг қалбини ларзага келтиради.

Бундай мудҳиш гуноҳнинг жазоси ҳам, шубҳасиз, даҳшатлидир. Бунга Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам мисол бўла олади:

“Расулуллоҳ Меърож кечасида бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб, ўзларининг юзларини ва куракларини   тирнаётган эдилар. Буни кўриб, ажабланган Расулуллоҳ: “Эй Жаброил алайҳиссалом, булар ким?” деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган ва уларнинг обрўларини тўкадиган кишилар”, деб жавоб бердилар” (Абу Довуд ривояти).

Ғийбат сўзларга қулоқ   солиб турган киши ҳам ғийбатчининг гуноҳига шерик бўлади. Зеро, ҳадисларда ғийбат эшитувчи ҳам ғийбатчиларнинг бири эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бошқа мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ айтдилар: “Кимки бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади” (Имом Термизий ривояти).

Демак, ғийбатчининг ғийбатини тўхтатиб, мусулмон биродарини ҳимоя қилишнинг мукофоти жаннат бўлса, суҳбатга қўшилиб, ғийбатга шерик бўлишнинг оқибати аламли азобдир.

Ривоятларда келтирилишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга ушбу сўзларни ваҳий қилди:

“Кимки ғийбатдан тавба қилган ҳолда вафот этган бўлса, ўша одам жаннатга энг охири кирувчи кишидир. Кимки ғийбатда давом этиб, (тавба қилмасдан) вафот этган бўлса, ўша одам дўзахга биринчи кирувчи кишидир”.

Уламолар “Баъзи ҳолатларда зарурат туғилганда, агар сўралса, одамларнинг айбини гапириш мумкин”, дейдилар. Яъни мазлум кишининг золим устидан шикоят қилиб, унинг айбини гапириши ғийбат эмас.  Бир одамни тўғри йўлга солиш ва ёмон ишдан қайтариш мақсадида  бошқалардан ёрдам ва маслаҳат сўраш ҳам ғийбат бўлмайди. Бирор кимса ҳақида сўралганда, ўша киши ҳақида тўғри тавсиф бериш мақсадида ҳам гапириш жоиз (мисол учун, уй олишда қўшнилар ҳақида, оила қуришда йигит ёки қиз ҳақида сўралса, уларнинг камчиликларини айтиш мумкин). Олим кишилардан фатво сўраш ниятида гапиришнинг ҳам зарари йўқ (яъни “Фалончи менга шундай муомала қилди, мен нима қилишим керак?” каби саволларни бериш мумкин). Гуноҳни ошкора қиладиган ва шу гуноҳи билан мақтаниб юрадиган одамнинг айбини гапириш ҳам ғийбат ҳисобланмайди.

Шундай бўлса ҳам, ғийбатдан сақланиш фойдалироқдир. Ғийбатнинг каффорати икки қисмдир. Афсус-надомат ва тавба қилса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Кейин эса ғийбат қилинган одамни кўрганда ундан кечирим сўраши шарт. У кишининг ҳаққига доимо истиғфор айтиб юриши лозим бўлади. Чунки бу муомала охиратга қолса, оқибати оғир бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в.) бизни мана шу нарсадан огоҳлантириб, шундай деганлар:

“Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг яхшиликлари ҳақдорга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади”.

Аллоҳ таоло барчамизни ғийбатдан ва унинг ёмон оқибатларидан асраб, роҳи ростга бошласин.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Мақола 973 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*