«Мен бахтлиман» денг, бунга сабаблар етарлича…

H5deYQeh3CgАслида бахт нимада? Нималарга эришсак биз ўзимизни бахтиёр ҳис этамиз? Умримиз давомида бу каби саволлар тез-тез хаёлимизни банд этиб туради. Аммо кў­пинча ёнгинамиздаги, кундалик турмушимиздаги кичик-кичик бахт лаҳзаларини сезмай қоламиз. Бахтли ҳаёт аслида кўплаб майда-чуйдалардан иборат.

Барча иш чаппасига кетганида ёки ҳаётингиз издан чиқаётгандек ту­йил­ганида қуйидаги рўй­хатга нигоҳ ташланг. Булар ўзингиз билан фахрланишингиз учун кичик-кичик баҳоналар холос.

  1. Ўтаётган ойнинг барча ҳи­соб тўловларини тўлаб бўл­дингиз. Яна ўзингизга сарфлашингиз учун бироз маблағ ортиб ҳам қолди. Бундай мажбуриятлар қанчалик ғашингизга тегиши аҳа­миятсиз, муҳими, улар мавжуд ва сиз уларни бажаряпсиз.
  2. Тайинли ишингиз, ҳунарингиз бор. Не­ча соат, қандай лавозимда фаолият юритишингизнинг аҳамияти йўқ. Кун кечириш, бошпанангизда тонг оттириб, уст-бош кийишингиз учун пул топа оляп­сиз. Буларнинг ҳаммаси сиз бир пайтлар тасаввур қилганингиздек бўлмаса-да, буни фожиа деб қабул қилманг. Сиз ўз эркинлигингизни қадрлайсиз ва ўзингиз учун ўзингиз жавоб берасиз.
  3. Ёқтирган машғулотингиз билан шуғулланишингиз учун вақтетарли. Ҳатто бу «машғулот» кечки таом ва сериаллардан иборат бўлса-да, сиз бахтли инсонсиз!
  4. Кечқурун қандай егулик тайёрласам экан, деб ташвишланмайсиз. Совуткичингизда тайёр овқат турибди ёки омборчадаги маҳсулотлар орасидан истаганингизни танлаш имконияти бор.
  5. Еяётган таомингиздан роҳатланасиз. Уни шунчаки кун кечириш воситаси эмас, балки мазали емак сифатида ҳис этасиз. Ахир бу ҳам бир бахт.
  6. Иккитагина бўлса-да, яқин, сирдош дўстларингиз бор. Демак, сиз бахтли инсонлар қаторидасиз. Одамлар кўпинча та­ниш ва дўстларнинг сони борасида қайғуришади, аммо охир-оқи­бат соннинг кишилар ўртасидаги яқинлик, қардошлик, муносабатга таъ­сир этмаслигини тушуниб етишади.
  7. Бугун манзилингизга метрода боришга, бир финжон қаҳва ичиш ёки машинангизга ёқилғи қуйдириб олишга жазм этишингиз мумкин. Сиз бу каби икир-чикирларга ҳатто эътибор ҳам бермайсиз-а?!
  8. Сиз энди бир йил олдинги одам эмассиз. Сиз ўқияпсиз, ривожланаяпсиз, қайси ма­салаларда яхши, қайси жиҳатларда ёмон томонга ўзгарганингизни таҳлил этишга қодир бахтиёр кишисиз.
  9. Вақтингиз ҳаммасига етади. Демак, энг зарур юмушлардан ортиб, яна бирор иш билан шуғулланишингиз мумкин. Эҳ­тимол, яқин орада севимли хонандангизнинг концертига тушгандирсиз. Яна бир янги китоб ўқи­ган­дир­сиз ёки бир кунга бўл­са-да саёҳатга отланиб, қўшни шаҳарни томоша қи­либ келдингиз. Суткада 24 соат ишламайсиз, бу де­гани маданий ва маънавий ҳордиққа ҳам вақт топа оляпсиз.
  10. Энг керакли кийимларингиз бор. Қиш­да шапка ва қўл­қоплар тўғрисида ғам емайсиз. Ёз­нинг ис­сиқ кунларида, ҳатто тўй-ҳа­шамларда эгнингизда ял-ял ёниб турувчи чиройли либосларингиз бор. Наҳот, ҳали-ҳамон «бахтсизман» дейишга тилингиз айланса?
  11. Агар ёшлик пайтингизга мурожаат этиш имкони бўлганида ўзингизга шундай деган бўлардингиз: «Биз буни бажардик, уддаладик, биз турмушнинг машаққатли чорраҳаларидан биргаликда ўтдик». Бугун барча жароҳатларингиз ўтмишда қолди, ўз ёшлигингизга: «Келажакда сени осойишта ҳаёт кутмоқда», деб бемалол айта оласиз.
  12. Ўз маконингиз бор. Бу данғиллама ҳовли бўлиши шарт эмас. Бу кичкина хо­на, хонанинг бир қисми, севимли ишингиз билан шуғулланиш ёки дам олиш учун мўъжаз жой бўлса бўлди. Ким митти оламингизнинг бир бўлагига айланиши мумкинлигини сиз ҳал этасиз. Бу ерни шахсан ўзингиз бошқарасиз.
  13. Кўплаб қийинчиликларни енгиб ўтдингиз. Бугун турмушнинг ҳар қандай муаммоларини дадил қабул қиласиз. Бу чигалликни ўтмишдаги бардошингиз етмайдигандек туйилган мушкулликлар билан таққослаб кўринг. Энди сизда тажриба ҳам бор. Ҳаёт енгиллашгани йўқдир эҳтимол, шунчаки сиз бугун кечагидан ақллироқ, оқилроқсиз.

Ушбу ўн уч сабаб бахтингизни янада тўкисроқ ҳис этишингизучун албатта, асос бўла олади.

манбаа: http://www.bekajon.com

Мақола 631 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*