Меҳр

photo_2016-11-21_10-25-18

 

Бурноғи йили кампир ёлғиз қолди. Йўқ. Ёнида неваралари, икки ўғли, келинлари бор. Лекин негадир у ўзини якка сезади. Юраги сиқилади. Бугун ҳам ланж уйғонди. Тавба, тонг отиб қуёш тикка келди ҳамки, биров ундан хабар олмайди. Ўликми, тирикми онам бор эди демайди. Кампирнинг ажлиги тутди. Соат мили 10 га яқинлашгунча ўтирди. Ўғлини қидириб кирган кичик келинига гап қотди.

— Ҳа, керагим бўлмай қолдими? Хонамга киришга ҳам ярамайсизлар? Келининг гапи оғзида турган экан. Дарров жавоб бера қолди:

— Нима бу уйда битта мен яшайманми? Ана катта келинингиз қарасин. Ой туғсаям, кун туғсаям шунга-ку.

— У ишлайди. Сенга ўхшаб дипломни сотиб олиб ҳеч бир ишга ярамай ўтиргани йўқ.

— Ким айтди, сизга дипломни сотиб олган деб. Эрим катта-катта топиб келаётган бўлса, нима қиламан ишлаб.

— Сенга гап деса. Онанг гапга туққанми, нима бало?

— Ҳе, онамга тил теккизманг. Ана чойингиз тайёр чиқиб ичинг. Ё, оғзингизни боғлаб қўйибманми?

Кампир мунғайиб қолди. Шусиз ҳам кемтик кўнгли янаям камигандай бўлди. Ташқаридан келиннинг қарғангани эшитилди.

— Алвасти. Ажалинг келсин илойим.

Катта ўғли севганимни олиб берасиз, деб туриб олганида хўп қаршилик қилган эди. Унга қасдлашиб кичик ўғлига келинни ўзи топди. Аммо соддагина кўринган бу қишлоқи қизнинг пихини ёрган, устамон эканлигини айтмайсизми. Тунов куни Дилдор хола синглисиникидан қайта туриб бозорга кирганди. Катта ўғлинин қизига қалпоқ олди-ю, кичигиникига пули етмади. Шундоғам кийими кўплигидан шкаф ёрилай дейди. Ўзи емас, бировга бермас зиқна келинига “берворинг муҳтожларга” деса бобиллаб беради. Ўшанинг алами ҳали ҳам тарқамаган шекилли.

Кампир инқиллабгина ўрнидан турди. Хаёлида чоли “Ҳа, кампиргинам-а, қийналиб қолибсан-у” деб кузатиб тургандек бўлди. У ёқ-бу ёғига қараб олгач, “астағфуруллоҳ” деганча ошхонага йўл олди. Кичик келини сомса пиширган шекилли, гуп этиб ҳиди димоғига урди. Кампир нарса оч қолган экан. Оғзининг суви қочди. Бироқ ҳеч ерда сомса кўринмади. Шу пайт кичик невараси Собиржон кириб қолди.

— Менга ҳам сомса қолдирдингларми Собиржон? — сўради Дилдор хола.

— Йўқ, бувижон. Ойим кампир кишида сомса егани тиш борми деб охиргисини опамнинг сумкасига солиб берди.

Кампирнинг кўзига ёш тўлди. Индамай қуруқ чойни хўплади-ю, хонасига кириб ётди. Кечқурун катта келини олиб кирган маставани ҳам ичмади. Бирин-кетин ўғиллари киришди, оналарининг тоби йўқлигини кўриб, дўхтир чақиришди.

— Бир оз чарчабди, ёлғизлаб қўйибсизлар, — деди Дилдор холани текшириб кўргач у. — Яхши парвариш қилсаларинг тузалиб кетади. Икки ўғил ҳам ер чизди. Ахир иккиси ҳам ўзи билан ўзи оворалиги рост-да.

Дилдор хола туз тортмай қўйди. Кундуз чоли эккан ўрикка, тунлари рамкага солиб илиб қўйилган уй тўридаги расмга тикилиб ётаверди. Аҳволи оғирлигини эшитиб етиб келган сингилларига ҳам бир оғиз гапирмади. Ё тилдан қолди, ё гапиргиси келмади.

Нима ҳам дейди, ёлғизланиб қолдим. Ўғилларим ўзи билан ўзи овора. Менинг ҳеч кимга керагим йўқ, ўлмоқчиман дейдими? Ёки келиним бир дона сомсани мендан қизғанди, шунга аразман, дейдими? Дилдор хола шифтга қараб ётаркан, кичкина келини овқат кўтариб кирди. Устига кашнич тўғралган мошхўрданинг ҳиди бутун уйни тутиб кетди. Хонага баҳор ҳавоси ёпирилиб киргандек бўлди. Келиним ўзида йўқ хурсанддир, ахир ажалинг етсин деб қарғаган ўзи-ку, ўйлади бемор. Секин бурилиб келиннинг юзига разм солди. Йўқ, анча хафа кўринади. Демак, уни ўлишини хоҳламайди. Келин Дилдор холанинг ёнига келди. Каравотнинг бир четига ўтирди.

— Мени кечиринг ойижон, — деди йиғламсираб. — Ёшлигимдан тилим югурик. Онам бизни жуда кўп қарғаб гапирарди. Қулоғимга қуйилиб қолганда. Сиз чиқмаётганингизга ҳовлимиз ҳам файзсиз бўлиб қолди. Тезроқ тузалиб кетинг деб мошхўрда қилдим.

Келиннинг кечиримидан мижжалари ёшланиб, Дилдор холанинг сийрак, калта киприклари нам бўлди.

— Майли, — деди секин. — Едириб қўя қолинг.

Келини қувониб кетди. Қошиқни олиб Дилдор холага авайлаб овқат ичирди. Кейин эса иссиққина чой қуйиб берди. У кетгач, хола яна дераза ортидаги ўрикка разм солди. Шохларда куртаклар бўртиб қолибди. Бир пасда баҳор ҳам келибди-да, дея ўйлади у. Ичига овқат эмас, меҳр кирган кампир мириқиб уйқуга кетди.

 

Саида ИБОДИНОВА

 

Мақола 407 марта ўқилган

1 Комментарий для Меҳр

  1. Ха оналарга хаётлигида мехр бериш керак. Онажонларимиз омон бўлсин.

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*