Меҳр-оқибат боқийдир

F7lCo4ygp-AИнсоннинг умри ўткинчи, Инсон хоҳ шоҳ бўлсин, хоҳ гадо, бари бир умри битганда, албатта, охиратга қайтади. Уни бу йўлдан на бойлиги, на молу-дунёси сақлаб қола олади.

Унгача эса инсон нималар қилмайди, дейсиз? Молу давлатига суянади, бойлиги билан мағрурланади, пул кетидан қувади. Буларнинг олдида меҳр-оқибатни унутади. Айниқса, ота-онасига, ака-укаларига силаи раҳм қилмайди. Яқин қариндошларидан юз ўгиради.

Аммо дунёда энг унутилмас нарса — бу меҳр-оқибат эканлигини билмайди.

Ёшим улғайиб, кексайиб боряпман. Бот-бот хасталаниб қоламан. Уч фарзандимнинг бири ногирон, бир кунини амаллаб кўради. Катта ўғлим ҳунарманд, лекин ҳеч уйда ўтирмайди. Қизим бўлса, бировнинг уйида. Вақт топса келиб хабар олади, бўлмаса йўқ. Кўп қаватли уйларда тураман. Биласиз, домда биров билан бировнинг иши йўқ.

Ёлғиз ўзим қолганимда кўп афсус чекаман. Чунки бир пайтлар жигар-бағирларимдан юз ўгирган эдим. Қишлоқдаги ота жойимда яшайдиган укаларим билан мерос талашиб, юз кўрмас бўлиб кетганмиз. Айниқса, катта укамни нари обориб, бери обкелганман. Судларга берганман. Охири у яшаётган уйини бузиб, ёғочларидан бергандан сўнг нафсим қонган…

Лекин ўртада меҳр қолмаган. У мени йўқламасди, мен қишлоққа борганимда уни кўриб келмасдим. Шу зайл анча йиллар аразлашиб юрдик. Орада мен оғир дардга чалиндим, беланги бўлиб, узоқ ётиб қолдим. Шу кезлари укагинамга қилган ёмонликларимдан кўп пушаймонлар едим. Уни соғинар, кўргим келарди. Борай десам, юзим чидамасди, келин, жиянларимдан номус қилардим.

Охири бўлмади, бир ҳамқишлоғимни учратиб қолиб, укамни айттириб юбордим.

— Касалман, виждон азобида қийналяпман. Ҳолимдан хабар олгани одам йўқ. Укамга айтинг, келиб-кетсин, — дедим.

Укамнинг кўнгли оқ экан, эртасигаёқ бола-чақасини олиб, етиб келди. Йиғлаб кўришдим. Қилмишларимдан пушаймонлигимни айтдим. Укам эса ҳаммаси унут бўлиб кетганини, мен буздириб юборган уйларини қайтадан тиккалаб олганини айтиб, мени юпатди. Мен ундан қайта-қайта кечирим сўрадим.

Ўшанда укам ёлғиз яшаманг, мен қатор-қатор уйлар солиб қўйганман, биттаси сизга, деб мени қишлоққа олиб кетди. Анча вақт даволатди, соғлигим тикланди.

Буни кўриб айтаманки, туққан-туққан билан топишади, ётга бало ёпишади деган гап ҳақ экан. Мана, биз ҳам жигарларимиз билан топишиб кетдик. Бу меҳр-оқибат ўлмаганидан-да. Ҳа, ҳамма нарса ўтар экан, бойликлар савил қоларкан, аммо меҳр-оқибат боқий яшар экан.

Шу ўринда таъкидлашни хоҳлардимки, Одамлар, меҳр-оқибатни унутманг. Ота-она, жигар-бағирларингиз билан юз кўрмас бўлманг. Силаи раҳм қилганни Аллоҳ ўз раҳматига олар экан. Мана шу Рўзаи Рамазон кунларида ҳар қандай гина-андуҳ, ҳасрат-надоматларга чек қўяйлик-да, инсонларни, яқинларимизни ғанимат билайлик. Зеро, дунё абадий эмас. Меҳр эса сўнмайди…

Ўғилой ая ҚОДИРОВА.

Мақола 483 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*