Маданият соҳилига қачон етамиз?

photo_2016-11-14_14-29-32Ижод оламида шундай ўлмас мавзулар, боқий асарлар борки, қайси даврда яратилишидан қатъи назар, ўз аҳамиятини йўқотмайди. Абдулла Авлонийнинг “Маданият тўлқунлари” номли фелетони шундай асарлар сирасига киради.

Алломанинг фикрича, халқни том маънода маданиятли қилиш учун, аввало, иқтисодий ҳолатни яхшилаш керак. Қорни оч, усти ямоқ одамга «китоб ўқинг» денгчи, нима дейишини кўрасиз. Узоққа бормай ўзимиздан мисол келтирсак, қорнимиз оч пайти, ҳатто мусиқа эшитишни ҳам хоҳламаймиз. Бу масала юзасидан Авлоний шундай фикрлар билдиради: “Ҳар бир миллат маишат тарафиндан тараққийга юз қўймаса, маънавий тарафдан, яъни маърифат тарафидан ҳам тараққий қилолмас, бир кишининг ўз маишатига етарлик молу дунёси бўлмаса ва буларнинг сабабига ҳаракат қилмаса, моддий ва маънавий ишларни қилмоқдан ожиз қолур”.

Фелетон ўз даврининг ижтимоий, иқтисодий ҳолати ҳақида образли тасаввур беради. Унда инсонларнинг ейишга нони йўқлиги, саксон олти фоиз аҳолининг энг паст ишларни бажариб, зўрға кун ўтказаётгани ҳақида куйиниб гапирилади. Шароит оғир бўлсада, тўй-томоша учун сарфланган харажатларнинг кўплиги танқид остига олинади. Исрофгарчилик қораланади: “Ажабо. Бу исроф тўлқинлари бизларни на ерга олуб борадир?.. «Дард устига чипқон» дегандек, кундан-кун бидъат устига бидъат ортмакда. Уламо, фузало ва эшонларимиз зикр ва тасбеҳ ўрнига «тўй устига тўйлар бўлсин» сўзини вирди забон қилмакда. Ағниё ва сарватдорларимиз тўй пойгаси қилуб, бир-бирларининг бор-йўқларига қарамасдан, фақир ва камбағалларимиз уйларини, боғларини, отларини, тўнларини сотуб тўйга сарф қилмакдалар”.

Бу жумлаларни бугунги кун учун ҳам тадбиқ қилиш мумкин. Айтингчи, бугун тўй пойгалари қай даражада давом этмоқда? Одамларимиз тўкин-сочинлик билан қилинган тўйни обрў, деб қабул қилишаётгани ачинарли ҳолдир. Ҳатто, тўй куни қанча кўп егулик ортиб қолса, маросим шунча зўр бўлди, дея баҳоланади. Ўзи емай-ичмай фарзандларининг эҳтиёжларини бир четга суриб йиғилган маблағни бир кунлик ҳашамга сарфланишига нима дейсиз?

Дадажон, устозим “Сариқ девни миниб” китобини ўқишни уйга вазифа қилиб бердилар. Дўконда бор экан. Олиб беринг, синфдошларим олдида уялиб қолмай.

– Ўғлим, ахир сенга айтгандимку. Ҳозир бир сўм ҳам беролмайман. Кейинги ҳафта акангни тўйи бўлса… Ортиқча харажат қилолмаймиз

Бу ҳолатга ўзим гувоҳ бўлганман.

Китоб харид қилишни «ортиқча харажат» деб баҳолаш илм хазинасини рад этиш ҳаммамизга таниш манзара. Аксарият янги оила қурганлар оёққа туриб кетишда қийналишади. Бўйинларига осилган қарз, орқага тортаверади, тортаверади. Йўқчилик туфайли уруш-жанжаллар келиб чиқади. Натижада муносабатларга совуқлик тушади. Ҳатто, гулдек оила бузилиб кетади. Бахтсиз оилалар сонининг кўпайиб кетаётгани сабабини узоқдан эмас, балки ўзимиздан қидирсак яхши бўларди.

Авлоний ўша асарида бугунги куннинг ҳам долзарб муаммоси бўлган маданият ва «оммавий маданият»нинг фар­қига эътиборимизни қаратган.

“Баъзи ёшларимизга ўхшаш усти ялтираган, ичи қалтираган бўлиб, бошларига Европа қалпоғини киюб «Маданият!», «Маданият!» деб оғизларини кўпиртируб, оз-моз мусулмонча, чала-ярим русча сўзлашуб кулгу бўлиб юрмак маданият бўлмай, масхарабозликнинг бир шўбасидир”, дея кескин фикр билдиради.

Атрофингизга теранроқ назар ташласангиз, ўзини маданиятли билиб, чет эл хўрозқанди бўлса ётволиб ялайдиган инсонлар ҳали ҳам озайгани йўқ.

– Вой ўлибгина қолай… Болам, бу нима туриш. Нима қўшнимизни ити таладими сени? Сочинг нимага бундай титилиб ётибди? Ия, йиртиқ шим билан қаерга кетяпсан? Олиб кел бу ёққа, тикиб бераман. Кўйлагингнинг ярми нега осилиб ётибди?

Эйй, бувижон, сиз ниманиям тушунардингиз. Ахир, бу модаку. Ҳозир замон ўзгарган…

Бундай суҳбатларга кўп гувоҳ бўламиз ва дилимиз ғашланади. Наҳотки, йиртиқ шим, таралмаган патала соч замон талаби бўлса…

Авлонийнинг фикрича, кишилар чинакам маданиятли бўлиши учун ёшларни шунга монанд тарбиялаш, таълим-тарбия бериш учун моҳир адиб ва адибалар етиштириш, ёшларни ишбилармон, тадбиркор қилиб вояга етказиш, замонга мувофиқ ҳаракат қилиш, турли иллатлардан сақланиш, ўзликни унутмаслик лозим.

Дарҳақиқат, маданият инсониятнинг зеб-у зийнатидир. У бўлмаса одамзодга берилган ақл-у заковат ўз ишини қила олмайди ёки ёвуз мақсадлар учунгина хизмат қилади. Маданият бор экан ривожланиш, тараққиёт бор, инсонлар орасида меҳр-муҳаббат, оқибат, илм-маърифатга чанқоқлик, яратувчанлик ҳисси мавжуд. Шунинг учун ҳам маданият тўлқинлари ҳар бир замон учун, ҳар бир халқ учун муҳим. Шу сабабли ҳам Абдулла Авлонийнинг ХХ асрда ёзган асари бугун ҳам ўз қимматига эга.

Маданият нимадан бошланади, деган саволга ҳеч иккиланмасдан ўз қалбимиздан, дея жавоб берган бўлардим. Кўнглимиз эзгуликка ошно, юрагимиз поклик чашмасидан сув ичган, онгимиз яратувчанликка мойил бўлса, этика ва эстетика қоидаларига ўз вақтида риоя қила олсак, демак, маданиятлимиз.

Ш.КОМИЛОВА

uzhurriyat.uz 

Мақола 581 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*