Лимоннинг биз билган ва билмаган хусусиятлари

lemon23-728x350Ҳаёт сизга лимон берса, лимонад қилинг. Албатта бу ҳазиломуз ибора ҳаёт қийинчиликларида хайр борлигига ишора қилиб айтилган. Аммо чиндан ҳам лимон бироз нордон таъмли бўлса-да, жуда лаззатли мева ҳисобланади. Мабодо сиз лимонни у қадар хуш кўрмасангиз ва ёки уни истеъмол қилолмасангиз ҳам, ҳеч қачон ташлаб юборишга шошилманг! Озгина лимон шарбати ёки лимон пўстлоғи ошхонангизни тозалашда сизга беминнат ёрдамчи бўла олади. Ошхона анжомларидаги ҳар хил ёқимсиз доғ ва ёпишқоқликни лимон шарбати ёрдамида йўқотишингиз мумкин.

Қуйида лимоннинг шу ва шунга ўхшаш фойдали хусусиятлари ва шифобахшлиги ҳақида айрим маълумотларни тавсия этамиз.

 Лимон саломатлик ва гўзалликда

  1. Лимонли скраб

Лимон шарбати таркибидаги алфа ва бета гидрооксиди кислоталари теридаги ўлик ҳужайралардан халос бўлишга ёрдам беради. Бундан ташқари, лимон сепкил ва қуёш нурлари сабабли тушган доғларни ҳам йўқотишда фойдаланиш мумкинлиги билан эътиборга сазовордир. Лимондан ҳар хил скраблар тайёрлаш мумкин. Ҳатто парфюмерия дўконларидан ҳам тайёр лимонли тозалаш воситаларини топиш қийин эмас.

Лимонли пилинг тайёрлаш:

Лимон майда қирғичдан ўтказилади. Қирғичдан ўтказилган лимон устига 100 грамм сметана (ёки қаймоқ) ва 5-8 томчи розмарин ёғи қуйилади. Аралашма терига суртилади ва 15-20 дақиқадан сўнг ювиб ташланади. Ушбу тавсия ҳафтада бир-икки марта мунтазам қўлланилса, кутилган натижага эришилади.

  1. Лимон ёрдамида тирноқлар парвариши

Лимон ёрдамида тирноқлар парваришлаш тавсияси жуда оддий. Бунинг учун яримта лимонни шарбатини сув тўлдирилган идишга қуясиз. Бармоқларингизни шарбатли идишга солиб 3-5 дақиқа ушлаб турасиз. Тирноқларингиздаги бўёқ қолдиқларини лимон пўсти билан артиб ташлашингиз мумкин.

  1. Беҳузурлик ва ҳолсизликда

Агар ёмон ҳид ёки беморликда кўнглингиз айниб, ҳолсизланаётган бўлсангиз бир тилим лимонни оғзингизга солиб, бир муддат ушлаб туринг. Ҳолсизлик ва кўнгил айниши сизни тарк этади.

  1. Лимонли тоник

Лимон қайта тикловчи, тетиклантирувчи хусусиятга эга. Лимонли тоник тозалаш, дезинфекциялаш билан бирга организмингизга қувват ва тетиклик бағишлайди. Одатда лимон тоник минерал сув ва асал ёрдамида тайёрланилади.

  1. Хуш нафас

Лимон шарбати билан оғиз чайилганда, оғиз бўшлиғи дезинфекцияланади. Натижада оғиздан хушбўй ҳид келади. (Лимон кислотаси бактерияларни ўлдириш имкониятига эга). Лимон шарбати билан чайганингиздан сўнг албатта, оғзингизни сув билан ҳам чайишни унутманг. Акс ҳолда лимон кислотаси тишларингиз эмалига дарз етказиши мумкин.

  1. Хуш ифорли ҳаммом

Лимонли эфир мойи қўшилган ванна қабул қилиш асабларни тинчлантириш билан бирга ортиқча вазндан қутулишга ҳам ёрдам беради.

  1. Соч қазғоғига қарши восита

Лимонни бўлакларга бўлиб, тилимлари соч илдизларига суртилади. Бу усул ҳафтада бир-икки бора қўлланилади. Аммо бу тавсия қуруқ терили инсонларга хос эмас. Чунки лимон терини қуритиб юборади.

  1. Шамоллаганда лимоннинг ёрдами

Лимон шамоллашга қарши курашда яхшигина ёрдам беради. Масалан, оғиз орқали буғ ваннаси қилинганида ҳам лимондан фойдаланиш яхши самара беради. Бир стакан қайноқ сувга лимон шарбати қўшилади ва беш дақиқа мобайнида оғиз орқали буғ ваннаси қабл қилинади.

  1. Қўлларни тозалашда

Лимон ёрдамида қўлдаги ёқимсиз ҳид ва доғлардан қутулиш имконияти мавжуд.

  1. Лимонли сув – саломатлик манбаи

Кундалик истеъмол қилинадиган сувга лимон аралаштирилса, организм фойдали минерал ва витаминларга тўйинади.

  1. Томоқ оғриғи ва йўталда

Томоқ оғриғи ёки йўталда икки чой қошиқ лимон шарбатига ярим чой қошиқ асал қўшиб ейиш тавсия этилади. Бу муолажа бемор томоғини юмшатиб, йўталдан халос бўлиш учун ёрдам беради. Бундан ташқари, лимон шарбати, асал ва қайноқ чой ҳам беморнинг тезроқ тузалишини таъминлайди.

  1. Ари чаққанда

Ари чаққанда оғриқ ҳудудига лимон шарбати суртилса оғриқ ва шиш бирмунча камаяди.

 

Лимон ва унинг пўчоғи озиқ-овқат ҳамда ичимликларда

  1. Универсал зиравор

Лимон пўстлоғи майин қирғичдан ўтказилса, ажойиб, ўзига хос зиравор ҳосил бўлади. Бундай зиравор билан ҳар қандай таомга ўзгача лаззат бағишлаш мумкин. Фақат лимонли зираворни қуруқ ва совуқ жойда сақлаш тавсия этилади.

  1. Балиқ ва гўшт маҳсулотлари учун зиравор

Балиқ ва гўшт маҳсулотлари учун уй шароитида лимонли зираворлар аралашмаси тайёрлаш мумкин. Бунинг учун бизга қора мурч ёки қалампир, туз, саримсоқ пиёз ва албатта майда қирғичдан ўтказилган лимон пўчоғи керак бўлади.

Зиравор-аралашмани тайёрлаш усули:

Қирғичдан ўтказилган лимон пўстлоғи идишга солинади. Бироз қора мурч ёки қалампир қўшиб, аралаштирилади. Аралашма пишириқ қоғозига қуйилиб, газ печида бир соат мобайнида паст ҳароратда димланади. Вақт-вақти билан зираворлар ҳолатини текшириб туриш мумкин. Сўнг аралашмани қаҳва майдалагичда туйиш тавсия этилади. Шу жараёнда аралашмага таъбга кўра туз қўшишингиз мумкин. Лекин бу унчалик шарт эмас. Бу зираворлар аралашмасидан йил бўйи фойдаланиш мумкин.

  1. Агар сиз лимонли чойни яхши кўрсангиз, демак қуйидаги тавсия сизга албатта ёқади.

Икки дона лимон пўстлоғи майдаланиб, пластик идишга жойлаштирилади (битта лимоннинг майдаланган пўчоғи 2-3 чашка чой учун етади). Майдаланган лимон пўстлоғи устидан бироз шакар сепилади. Бунда лимон пўстидан табиий мой ажраб чиқади. Сўнг яхшилаб аралаштирилади ва қуритиш учун бирор соатга олиб қўйилади. Бу аралашма чойга ўзгача таъм ва маза беради.

  1. Меваларни сақлашда лимоннинг фойдаси

Олма, банан, авакадо каби меваларни дарахтдан янги узилгандай сақлаш учун ҳам лимондан фойдаланиш мумкин. Бунда меваларга лимон шарбати сепиш тавсия этилади. 25. Лимонли муз

Муз қолиплари ёрдамида лимонли муз тайёрлаш мумкин. Бунда сувга лимон шарбати қўшиб музлатилади. Ичимлик идишини майдаланган лимон пўстлоғи билан безатиш мумкин.

  1. Шакарни узоқ муддат намлантирмай сақлашда

Жигарранг шакарга бироз майдаланган лимон пўстлоғи қўшилса, у узоқ муддат сақланса ҳам намиқиб кетмайди.

  1. Лимонни кўп муддатга сақлаш

Лимонни кўп муддатга сақлаш учун, уни бўлакларга бўлиб, ҳар бир тилимига шакар сепиб музлаткичда сақлаш тавсия этилади.

  1. Кўпроқ шарбат олиш учун

Лимон шарбатини кўпроқ сиқиб олиш учун, мевани бироз қўлда ишқалаш керак. Шундан кейин лимонни кесиб, шарбатини сиқиб олиш мумкин. Бундан ташқари, мевани сиқишдан олдин иссиқ мувда бироз муддат ушлаб туриш ҳам мумкин.

  1. Салатларда ишлатиш

Лимон таъмли салат нафақат фойдали ва мазали бўлади, балки ёқимли ҳиди билан ҳам иштаҳани қитиқлайди. Бунинг учун тайёр салатга бироз лимон шарбати ва зайтун мойи қўшиш керак бўлади.

  1. Лимонад тайёрлаш

Лимонад тайёрлаш учун уч дона лимон блендерда эзилиб, шарбатига сув аралаштирилади. Таъбга кўра шакар қўшиб аралаштиришда давом эттирилади. Шунингдек, лимонли муз ва ялпиз баргларини ҳам қўшиш мумкин.

 Лимон ёрдамида уй ва рўзғор анжомларини тозалаш

  1. Табиий тозалаш воситаси тайёрлаш

Идишга лимон пўстлоғи ва сирка солиб, қопқоғи маҳкам ёпилади. Суюқлик икки ҳафта давомида сақланади. Сўнгра суюқликка тенг нисбатда қайнатиб совутилган сув қўшилади. Тайёр тозалаш воситасидан бемалол фойдаланиш мумкин.

  1. Ҳашаротлардан қутулиш учун

Чумолилар цитрус меваларининг ҳидига тоқат қилолмайдилар. Уйнинг турли бурчакларида, айниқса, ҳашарот чиқиши мумкин бўлган бурчакларга лимон шарбати томизилса ёки лимон пўчоғи ташлаб қўйилса нафақат чумолилар, ҳатто суварак, бурга каби ҳашаротлар ҳам йўқолади.

  1. Табиий оқартирувчи восита

Лимон ўзининг оқартириш ва тозалаш хусусияти билан фахрланса арзийдиган мева. Кийимлардаги доғларни кетказиш ва оқ рангли кийимларнинг рангини сақлаб қолишда ҳам лимондан фойдаланиш мумкин. Бунинг учун кир ювишдан олдин кир ювиш машинаси ёки тоғорага бироз лимон шарбати қўшиб юбориш керак бўлади.

  1. Музлаткичдаги ҳидни йўқотишда

Музлаткичга бир неча бўлак лимон пўсти қўйилса, у ердаги ёқимсиз ҳидни ўзига шимиб олиш билан бирга, музлаткичдан хуш ифор таралишга сабаб бўлади.

  1. Човгум ва чойнакни тозалашда

Човгум ёки чойнакни тозалашда лимон кислотасидан фойдаланиш тавсия этилади. Бунда лимон кислотаси билан тозалагандан сўнг сув қайнатилади ва тўкиб ташланади. Ундан кейингина яна сув қайнатиш ёки чой дамлаш мумкин.

  1. Микротўлқинли печни тозалаш

Лимондан микротўлқинли печни тозалашда ҳам фойдаланиш мумкин. Косага лимон шарбати қўшилган сув қуйилади ва микротўлқинли печга қўйилади. 3-5 дақиқа давомида печ қиздирилади. Бунда аралашма қайнаши керак. Сўнг буғланган печ артилади. Кўриб турибсизки, микротўлқинли печингиздан ҳам хушбўй ҳид келади, ҳам кўзни қамаштирадиган мусаффоликдан баҳараманд бўласиз.

  1. Мусаффолик ва ёқимлилик

Уйдаги иситиш плиталар ва панелларни лимон шарбати билан артиш мумкин. Бунда уйдаги нохуш ҳидни йўқотиш билан бирга, плита ва панелларни ярқиратиб қўйиш мумкин. Шунингдек, пластик идишларни ҳам лимон шарбати билан артиш тавсия этилади.

Дераза ойналарини артишда ҳам лимон шарбати ёрдамга беради. Уй жиҳозлари, мебелларни янгидек ялтираб туришини истасангиз, лимон шарбати билан артишни тавсия этамиз.

  1. Ахлат челагига бирозгина лимон пўчоғи ташлаб қўйсангиз, ундан ёқимсиз ҳид келмайди.
Мақола 863 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*