Либос — инсонни безаб турсин ёхуд замонавийликни бошқача талқин қилаётган ёшлар ҳақида

libos«Мода бу — турмуш тарзининг ўзгарувчанлиги, ўзига бино қўйишлик усули» — деган эди файласуфлардан бири. Чиройли кийиниш катта маҳорат, катта санъатдир. Биз замонавий кийинган одамни кўрсак, унга ҳар хил қараймиз. Бировлар унинг кийинишидаги замонавийликни маъқуллайдилар. Баъзилар эса бу модадаги камчиликларни сезиб, бундай кийинишдан тортинадилар.

Бугунги кунда гулдай қизларимиз кўча-кўйда, жамоат жойларида ўзларини ҳаддан ортиқ замонавий кўрсатишнинг синалган усули бу «модний» кийинишда деб билишлари кишини ўйга толдиради. Айниқса, айрим қизлар «замонавий» кийинишни тор-танқис ёки бўлмаса калта, бе-ўхшов юбка-ю очиқ кофталарда деб билиши ўзбекона ҳаё ибога, маъно ва мантиққа тўғри келадими?

Бундай қизлар бачкана либослар кийишни ўзига эп кўраётганликларининг сабаби нимада экан? Балки ўзларига эътибор қаратишдир. Агар шундай бўлса, бундай «бежирим» кийинган қизлар табиийки, ҳамманинг эътиборида, назарида бўлади.

Афсуски, чекка қишлоқлардан ўқишга келган содда, ибо-ҳаё пардасига ўранган хокисор қизларнинг айримлари ҳам шаҳарга келгач, эгниларига илмаган кийимларни кийишиб, замонавий бўлиб олаётганларига нима дейсиз. Кўпинча бекатда бир қизни кўраман. Афтидан талаба. Кийинишини кўриб «тавба» дейсиз. Мен уни биринчи сафар қип-қизил елкаси очиқ кофта билан, тор ва ситилиб кетадигандай тиззадан юқори турадиган юбка кийган ҳолда кўрдим. Ушбу либос қизни хунук кўрсатди. Кейинги сафар ҳаво анча совиб қолган, одамлар қалин кийимлар кия бошлаганда тор шим, эгнида эса тўрли кофтада кўриб ҳайратландим. Бир мен эмас, бекатдаги ёшу-қари таажжубланиб, баъзилари нафрат билан боқди унга. Шунда шу қизни ишониб, яхши ниятлар билан ўқиш учун жўнатган ота-онага ҳам раҳмим, ҳам ғазабим келди. ШУ кийимлар қанийди ўша қизга ярашса? Ўша либослар замонавийликка интилган қизнинг ҳуснига-ҳусн қўшса? Балки, ойдай чеҳрасини бузиб, камига уни кўрган одамларда «уятсиз қиз» деган фикрни уйғотса-ю, наҳотки қиз буни пайқамаса? Ҳеч қурса уни ўқитадиган ўқитувчилар, қўни-қўшнилар ота-она ўрнида бўлиб, панд-насиҳатлар айтиб, озгина таъсир ўтказолмаса?

Аҳвол шу даражага етадики, бундай қизларнинг жамоат жойларида, транспорт воситаларида, ўқув хоналарида беллари ва қоринлари очилиб қолса у эмас, ён атрофдагилар ҳижолат тортишлари аниқ. Бу ҳолатларда қизларнинг тарбияси, ор-номус, андишаси ҳақида нима деб ўйлашни, айбни шу аҳволда кўчага чиқишига йўл қўяётган ота-онагами, ёки юзидаги ибо пардасини сидириб ташлаб, беор либосларни кийишни эп кўраётган қизга тўнкашни ҳам билмай қоласан.

Ўзбек қизларимиз танлаб кияётган либос қанчалик эътиборталаб, қоматини кўрсатувчи бўлса, бу шундай ҳунук, одми, камтарона ва ярашган кийим эса инсонни мафтункор ва жозибали кўрсатишини унутмаслик керак. Зеро, либос инсонни безаб кўрсатиш учун хизмат қилмоғи лозим.

Зумрадхон АБДУЛЛАЕВА.

Интернет манбаларидан олинди.

Мақола 1 234 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*