Кунчиқар юрт ҳикматлари

скачанные файлы (4)

Халқона мақол ва маталлар – шу халқ ҳаётининг кўзгуси. Уларда халқнинг яшаш фалсафаси, маънавий тамойил ва қоидалари, қолаверса, катта ҳаётий тажриба ўз аксини топади.

Япон халқ оғзаки ижодининг нодир намунаси бўлган мақоллар ҳам шундай хусусиятларга эгалиги билан ажралиб туради. Кунчиқар юрт фуқаролари – доно халқ. Улар ўзларини ўраб турган борлиқ – табиат, ундаги мавжудотлару бир осмон остида, бир замин устида яшаётган одамлар билан ҳам ўзаро уйғунликда, баҳамжиҳат ҳаёт кечиришга одатланган. Японлар бетартиблик, ортиқча дабдабани ёқтирмайди, оддий ва камтарин яшашни устун кўради. Капалакнинг қанот қоқишидан тортиб ҳар бир қурт-қумурсқанинг ҳаракатидан ҳам сабоқ чиқариб яшайдиган бу халқ мақоллари замирида шу кузатувлардан ҳосил бўлган содда, буюк фалсафа ётганини илғаш мушкул эмас.

Қуйида япон халқ мақоллари, ҳикматли сўзларидан намуналарни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

***

Агар муаммони ҳал қилишнинг йўли бўлса, ташвишланишнинг ҳожати йўқ, агар уни ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, ташвишланишнинг фойдаси йўқ.

***

Ўйлаб ҳал қил, ҳал қилдингми, ўйлама!

***

Кетаётганни тўхтатма, келганни эса ҳайдама!

***

Тезлик — танаффуссиз секинлик.

***

Ёмон одамнинг дўсти бўлгандан кўра, яхши одамнинг душмани бўлган афзал.

***

Оддий одамлар бўлмаса, буюклари ҳам бўлмайди.

***

Зинапояни юқорига чиқишни истаган одам ўйлаб топган.

***

Эр-хотин қўл билан кўздай бўлиши керак: қўл оғриганида кўз йиғлайди, кўз йиғлаганида қўл унинг ёшини артади.

***

Офтоб ҳақ-ноҳақни ажратмайди, у кимнидир иситишни мақсад қилмасдан нур сочади. Ўзини топган одам худди офтобга ўхшайди.

***

Денгиз майда дарёлардан юз ўгирмагани учун ҳам улкандир.

***

Энг олис йўл ҳам яқиндан бошланади.

***

Найза умрда бир маротаба ишлатилса ҳам, уни ҳамиша ёнда олиб юрган маъқул.

***

Чиройли гул яхши мева тугавермайди.

***

Қайғу худди йиртиқ кўйлакка ўхшайди, уни, яхшиси, уйда қолдирган маъқул.

***

Агар муҳаббат кўзи билан қаралса, чечакдан қолган чўтир ҳам яноқдаги кулгич каби гўзал кўринади.

***

Ўринда ётган одам қоқилмайди.

***

Бир оғиз яхши гап қишнинг уч ойини ҳам қизита олади.

***

Аҳмоқ ва девонага йўл беринг.

***

Новдани тасвирлаётганда шамол нафасини ҳис қилиш керак.

***

Бировдан шубҳаланишдан олдин етти марта текшир.

***

Сен имконинг борича ҳаракат қил, қолган ишни тақдирга қўйиб бер.

***

Бахт кулги-табассум бор уйга киради.

***

Ғалаба рақибидан кўра ярим соат кўпроқ бардош беролган одамга насиб этади.

***

Баъзан тош сузиб кетади, япроқ сувга чўкади.

***

Жилмайиб турган юзга қарата ўқ узмайдилар.

***

Совуқ чой ва совуқ гуручга чидаш мумкин, лекин совуқ қараш ва совуқ сўзга тоқат қилиб бўлмайди.

***

10 ёшда — мўъжиза, 20 ёшда — даҳо, 30 ёшдан сўнг эса оддийгина одамга айланамиз.

***

Агар аёл истаса, қояни ёриб ўтади.

***

Сўраганда бир дақиқага уяласан, билмасанг — бир умр.

***

Ёмон устанинг қўлидан бежирим кўза чиқмайди.

***

Сал эгилишдан қўрқма — янада тикроқ қад ростлайсан.

***

Чуқур дарёлар сокин оқади.

***

Агар ўз ихтиёринг билан йўлга чиқсанг, минг чақирим ҳам бир қадамдай туюлади.

Х.ҚИЛИЧЕВА тайёрлади.

Мақола 417 марта ўқилган

2 Комментариев для Кунчиқар юрт ҳикматлари

  1. Shunchaki, zo’r aforizmlar!!!!!!

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*