Кўзяра

photo_2017-01-05_10-44-38

Юсуф ота аёли Мавлуда ая билан елиб-югуриб ҳалол меҳнат билан орзуларидагидек ўғлилари Олимжон ва Ғуломжонни бараварига уйлантиришди. Икки келинли бўлган қайнона ва қайнота фарзандлари бахтидан хурсанд бўлиб, эрта-ю кеч уларга Аллоҳдан бахту саодат, шириндан шакар фарзандлар тилаб дуо қилишарди.

* * *

Санобар ҳар доимгидек эрта туриб ҳовлиларни супириб, эрталабки нонуштани ҳам тайёрлаб қўйишга улгурди. Овсини Латофат кечқурунги сериалларни тугатиб, эри билан ҳам бироз жанжаллашиб ухлагани учун сал кечроқ уйғонди.

Латофат юз қўлини ювар экан, овсинини қилган ишларидан кўнгли тўлар-тўлмас “Санобархон ҳорманг”, деди ва остонасида қолиб кетган бир дона конфет қоғозини кўрсатиб, “савоб қилсангиз охригача қилингда, овсинжон!” деб Санобарга юзланди.

— Узр опажон қолиб кетибди-да, ҳозир оламан.

— Қўйинг, қўяқолинг ўзим йиғшитираман.

— Ҳа-я, Санобархон Ғуломжон ишдан алламаҳалда келдими?

— Ҳа, опажон  ишлари кўпайиб кетибди, — деди қисқароқ қилиб кичик овсин.

— Шу кунларда қайнижонимизни юриш-туришлари бошқача бўлиб қолди-да, сизга сезилмаяптими Санобархон?

— Вой нега унақа дейсиз, опажон. Мен Ғуломжон акамни яхши биламан, улар тўғри инсон, ёмон иш қилишга қўллари бормайди.

— Эй, овсинжон сиз бу эркакларни билмайсиз-да, кўз очиб кўрганим сенсан, деб кўчага чиққанидан кейин билганини қилишади. Мана, масалан, муллаакангизни олайлик, мактабда ўқитувчи бўлгани учун кўрганлар Олимжон жуда яхши инсон, қўй оғзидан чўп олмайди, дейишади. Бу инсонни қанақалигини мендан сўрашсин қўй оғзидан чўп олмаган эмиш, бўлмаган гап, ишдан қайтганда кийимларида аёлларнинг хушбўй атрининг ҳиди келади, бунга нима дейсиз?!

— Қўйсангизчи, опажон муллаакам зиёли ўқитувчи бўлсалар, сизни хафа қилмайди, жуда меҳрибон, атир ҳидига келсак, ҳозир мактабда ўқиётган қизлар замонавий бўлиб қолишган. Ҳархил атир-упа сепишиб келишади. Беихтиёр кийимига ҳиди ўтириб қолади-да.

— Ҳа, майли қўйинг шу муллаакангизни, мен сизга айтсам сизни бир фолбин аёл бор, Қўштепада. Онамларни маҳалласига яқин жойда ўтиради. Ҳақиқатни шундай юзингизга қараб айтиб беради. Эрингизни бир очтириб кўринг. Ҳамма нарсанинг вақтида олдини олган яхши. Агар Ғуломжон бошқа бир аёлга илакишиб қолган бўлса-я..?!

— Вой унақа, деб мени қўрқитманг, опажон.

  • Нега қўрқасиз, овсинжон? Ғуломжонни топиш-тутиши яхши. Тагида машинаси бор, қош-кўзи жойида. Нима кўп ишхонасида эрдан чиққан жувонлар кўп. Биттаси шундай бошини айлантирса, юраверасиз калишингизни судраб.

Латофатнинг овсинига юрагига шубҳа-гумон солишидан мақсад қайнисининг топиш-тутиши яхши, ҳар куни ишдан қайтаётиб, уйга совға-салом билан келади. Қайнона, қайнотаси ҳам Ғуломжонни жуда яхши кўришади. ¤зининг эри Олимжон ўқитувчи олган ойлиги аранг йўлкирасига етади.

Қайнонасини кичик келинга қилаётган ширин муомаласи Латофатнинг кундан-кунга ҳасадини келтирарди. Қилган ишларидан камчилик топиб узундан-узн маслаҳатлар бериши унинг ҳиқилдоғига келди. Алоҳида уй олиб чиқайлик, деса эрининг ойлиги рўзғорни тебратишга етмайди.

Бу золварзин кунлар унинг борган сарин ғазаблантириб, шафқатсиз аёл қиёфасига солиб борарди.

Санобар кўча эшигидан хурсандчилиги ичига сиғмай қадамини катта-катта ташлаб кириб келди. Биринчи бўлиб бу янгиликни овсини  Латофатхонга айтди: Опажон бугун дўхтирга боргандим, биласизми, у нима деди?

— Вой қаёқдан биламан, ичимни қиздирмасангизчи, нима бўлди, касал эканмисиз?

— Э, нафасингизни шамол учирсин, нега касал бўламан, мен фарзандли бўларканман.

— Ҳа, шунга шунчами ўтакам ёрилиб кетай, деди, бирбало бўлиб, қолибсизми, деб ўйлабман, — дедида юзини тескари бўриб уйига кириб кетди.

Бу хушхабар тез тарқалди. Қайнона-қайнота биринчи неварамиз деб Санобарни еру кўкга ишонмай авайлашарди.

Латофатга эса бу хушхабар ханжардек санчилди. Қайнонасининг ҳар бир гапи унга аввалгидан ҳам баттарроқ таъсир қила бошлади.

* * *

Латофат овсини билан қайнонасидан уйларига бориб келишлари учун рухсат сўради. Мавлуда ая келинларини раъйига қараб, норозигина оҳангда майли болам фақат Санобарни эҳтиёт қиласиз, унга кўп ҳаяжонланиш мумкин эмас, деб рухсат берди.

— Майли, аяжон биз тезда қайтамиз, — дея у Санобарни етаклаганча Қўштепадаги фолбин аёлнинг уйига борди.

— Қани келингларчи, — фолбин аёл худди икки овсинни кутиб тургандек ичкарига чорлади. — Тўғридаги хонага киринглар мен ҳозир кираман. Санобар кўзлари катта-катта, қоп-қора қошлари туташган фолбин аёлни кўриб овсинини қўлидан ушлаб, опажон намунча қўрқинчли бўлмаса, бу аёл, юринг бу ердан кетайлик — деди.

— Вой, қаёққа кетамиз, тўхтанг ҳозир шу сиз қўрқинчли деган аёлнинг кароматини кўрасиз. Сиз қўрқманг кўриниши шунақа бўлгани билан ҳақиқатни гапиради, —  деб Санобарни ичкарига етаклади.

Бир қўлига оппоқ сурп билан бир косада сув олиб — ҳа, яқинда фарзандли бўламан, деб турибсану, бошқа аёлга бало борми, шу эркакларга ҳайрон қоласан, — деб секингина хонтахтанинг бурчагига ўтирди. Икки овсин ҳайратланиб, бир-бирига қаради. Латофат секин гап бошлади. — Шу десангиз қайнимизни юриш-туришлари ўзгариб қолди, бу киши овсиним, унинг хотини. Шу бизга…

— Бўлди, бўлди, тушундим, — деди фолбин қўлидаги оқ сурпни косадаги сувга ботириб олдида Санобарнинг юзига қартиб силкита бошлади. Бир оз кўзларини юмиб, тебраниб-тебраниб гап бошлади, — эринг ичмайди, чекмайди, лекин бир аёл эрингни йўлдан урган. Ҳозир у билан бирга шаҳар четидаги бир ҳовлида — деди-да — эрингни касофати қорнингдаги болага уради у… катта кўзларини Латофатга қадаб. — Бўлди энди, бошқа мени олдимга келманглар, деб ташқарига чиқиб кетди. Санобар бу гапларни эшитиб ранги докадек оқариб овсинига қаради.

— Опа нега гапини охригача айтмади? Болам, боламга нима қилади, туринг опажон сўранг, айтсин боламга нима бўлади?

Латофат Санобарни тинчлантириш мақсадида кўчага чиқаверинг мен ўзим сўраб кўраман, деди ва анчагина вақт ичкарида қолиб кетди.

Санобар кўз ёшларини тўхтата олмай нега мени алдадинг номард сенга нима ёмонлик қилгандим, деб ўзига-ўзи гапириб йиғларди. Орадан бир оз вақт ўтиб Латофат ҳам кўзлари қизариб чиқиб келди. — Опа сўрадингизми, боламга ҳеч нарса қилмасмикан, айтинг тезроқ опажон!

— ¤зингизни қўлга олинг,  ҳаммаси жойига тушиб кетади, фақат болангиз ногирон туғилар экан, — деди кўзларини чирт юмиб.

— Йўқ, йўқ, унақа бўлмайди, дея ҳушидан кетди, Санобар. Латофат қўрқанидан унинг юзларига уриб-уриб, ўзига келтирди.

Номошом қаронғусида уйга кириб келган икки келин ташқари сўрида ўтирган қайнонасига салом беришди. — Узр аяжон, машина бўлмади, бироз пиёда юрдик, — деди — Ҳа, майли болам уйингиздагилар яхшимикан?

— Яхши, раҳмат салом айтиб юборишди, дея Латофат уйига кириб кетди. Санобар кўзлари қизариб, сўри четидаги ёстиққа бошини қўйиб уввос солиб  йиғлаб юборди.

— Э, болам, сизга нима бўлди? Нега йиғлаяпсиз? Бирор жойингиз оғрияптими, қизим, — деди Мавлуда ая хавотирланиб.

Санобар ичидаги дардларини айтмоқчи бўлган эди, Латофатнинг “Санобархон агар мен сизни бу ерга олиб келганимни уйдагилар билишса мени оилам бузилиб кетиши мумкин, ҳар ҳолда оиламни бузмассиз, мен сизга яхши бўлсин, деб бу ерга олиб келгандим, холос” деган  гаплари қулоқлари остида жаранглади.

— Йўқ, ўзим ойижон бироз чарчадим, оёқларим оғриб кетди, — деб уйига кирди.

Санобар кундан-кунга асабийлашиб, эрига нисбатан нафрат ўтида ёнарди. Бу асаббузарликлар охир-оқибат ёвуз самарасини кўрсатди. Санобар биринчи фарзандидан айрилди. У Ғуломжон ва Мавлуда аянинг ялиниб-ёлворишларига қарамай уйига кетиб қолди.

Латофат оиладаги барча юмушларни қилмасин, қайнонасига қанча яхши гапирмасин барибир Санобарнинг ўрнини босаолмасди.

Орадан уч ой ўтди. Сабр косаси тўлиб қудасиннинг, яъни Санобарнинг ота уйига борган Мавлуда ая келинидан бўлган воқеани эшитиб йиғлаб юборди. — Нега менга шунча гапларни айтмадингиз, қизим, ахир менга айтганингизда фарзандингиз, неварагинам омон қоларди, бир фолбинни гапига ишониб ҳаётингизни остин-устин қилиб юбордингиз-а. Мавлуда ая бир оз хўрсиниб кўз ёшларини артар экан бир нарса эсига тушгандек сапчиб ўрнидан турдида, қўштепалик фолбинни уйига йўл олди.

Мавлуда аянинг важоҳатини кўрган фолбин аёл Латофатдан олган тилла зирак эвазига бу уйдирма гапларни айтганини тан олди.

Мавлуда ая уйига қайтди. Катта ўғли Олимжонни ҳам оиласини бузиб қўйишдан қўрқиб, эшитган гапларини чоли Юсуф отадан бўлак ҳеч кимга айтаолмади.

Чоли кампир мастлаҳатлашиб Олимжон билан келинига алоҳида уй олишиб, рўзғорини ажратишди.

Орадан бир йил ўтиб Мавлуда аянинг ҳовлисида чақалоқ овози янгради.

Фарзандсизликдан қийналган Латофат бормаган жойи, қарат-кўрсат қилмаган дўхтирлари қолмади. Бир куни уйига кириб келган лўли аёл Латофатни сен фарзанд кўрасан, аммо қайнона-қайнотангни рози қилишинг ва уларнинг дуосини олишинг керак деб чиқиб кетди.

Латофат қайнона-қайнотасидан кечирим сўраб, дуо қилишларини ва қилган ишидан афсусда эканлигини айтиб йиғлади.

Мавлуда ая — “Болам, қўйинг йиғламанг қушнинг ҳам уйи бузилмасин, Сиз ҳам этагингиз тўла фарзандлар кўринг” деб дуо қилди.

Муҳиддин СОЛИЕВ

Сирдарё вилояти

 

Мақола 313 марта ўқилган

2 Комментариев для Кўзяра

  1. Yahshi maqola bunday folbunlar deb kop oyila buzilib ketvotti
    Lolilarni ham folbunlari kop lekin ota onani rozi qilib duo ol degan lolini birinchi marotaba eshitishim
    Chunki hardoyim ular duo qilishadi bir narsa ilinchida.
    Maqolangizni shu 2 joyida ö)) harifi tushib qolibti chamamda
    ((Латофатнинг овсинига юрагига шубҳа-гумон солишидан мақсад қайнисининг топиш-тутиши яхши, ҳар куни ишдан қайтаётиб, уйга совға-салом билан келади. Қайнона, қайнотаси ҳам Ғуломжонни жуда яхши кўришади. ¤зининг эри Олимжон ўқитувчи олган ойлиги аранг йўлкирасига етади.))
    ((-¤зингизни қўлга олинг,  ҳаммаси жойига тушиб кетади, фақат болангиз ногирон туғилар экан, — деди кўзларини чирт юмиб.))

  2. РАХМАТ ТЕХНИК ХАТОЛИК УЧУН УЗР

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*