Кўринмас совға

146788412312-2

И Ми Э

Дўстим Шисэнинг отаси жамиятда ўз ўрнига эга бўлган ҳурматга сазовор инсонлардан эди.

Шу сабабли ҳам уларнинг моддий аҳволи ҳавас қилгулик эди.

Кунларнинг бирида, уй вазифаларини бажариб ўтирганимда, ташқаридан кимдир менинг исмимни айтиб чақираётгани диққатимни бўлди. Деразамиз тагида кулиб турган Шисэни кўриб, мен ҳам беихтиёр жилмайдим.

«Тонггу, юр ўйнаймиз!»

«Кечир, дўстим. Уй вазифаларини тайёрлаяпман. Бошқа сафар. Бугунча менсиз ўйнай қол».

Гапимни тугатиб, уйга кириб кетишимдан хавотирга тушган Шисэ бир айланди-да, менга сирли жилмайиб: «Ҳа, ҳа, ҳа, мана, кўриб қўй, менда нима бор. Бугун олиб беришди», – деди.

Ўртоғимнинг портфели мақтанишга арзигулик эди.

«Жудаям зўр! Хурсандман. Яхши бор», дея қўлимни силкитдим.

«Бўпти, сен ҳам албатта шунақасидан ол! Мен кетдим, хайр».

Шисэ ҳам қўлини силкитганча уйи томон юрди. У кетгач, қўлим дарс қилишга бормай қолди. Ич-ичимдан сиқила бошладим. Шисэ менинг энг яқин ўртоғим бўлса-да, унинг янги сумкасини китоблар оғирлигини зўрға кўтариб турган, эскириб кетган портфелим билан солиштирар эканман, ўзим билмаган ҳолда унга ҳасад қилаётганимни сезиб қолдим.

Уй вазифаларини ҳам йиғиштириб онамнинг қошига ошиқдим. Унга яқинлашар эканман, ичимдагиларни айтиш ёки айтмасликни билмай бир қарорга келолмай, анча қийналдим. Секин бориб, ёнига чўккаладим.

«Ойи… менга ҳам янги портфел олиб бера оласизларми?»

«Портфел? Майли… аммо янги йилгача сабр қилишингга тўғри келади».

Онам худди шундай деди. Бу сўзлар менга жуда яхши таниш эди. Бу оиламиз анъ­ана­си. Биз ака-укалар баҳордан кузгача нималар олиниши ва янги йилда бизга бериладиган совғалар ҳақида хаёл сурардик. Биз бу куннинг келишини орзиқиб кутардик. Ҳали бирор марта оиламиз анъанаси бузилмаган, ота-онамиз ҳали бирор марта ҳам ваъдаларини бузишмаган эди. Шундай қилиб, бу сафар ҳам янги йилда орзиқиб кутган совғамга эга бўлдим.

Бошланғич синфни тугатиб, ўрта мактабга ўтадиган кунларим ҳам яқинлашиб қолди. Орадан кунлар ўтиб, янги йил ҳам эшик қоқди.

Кунларнинг бирида дадам бизни ўз хонасига чорлади. Биз олти фарзанд барчамиз чордона қуриб ўтириб олдик. Анъанага кўра, кичкиналардан бошланди. У ўзи истаган совғани айтди, дадам эса дафтарга ёзиб қўяверди. Им: «менга конфет», деди.

Энг кичигимизга конфет, сингилларимнинг бирига шишадан ясалган маржон, кейингисига эса свитер керак экан. Навбат катта синглимга келди. У баланд овоз билан: «Менга пальто керак!» деди.

Онамнинг кулишга жуфтланган лаблари қотиб қолган бўлса, отамнинг юзи тундлашди. Дадамнинг қалам тутган қўллари қалтираб кетганини кўрдиму чуқур қайғуга ботдим. Мен чарм туфли ҳақида айтишни мўлжаллаб тургандим. Аммо оилавий шароитимизни, жигарларимнинг истакларини ҳам инобатга олиш зарурлиги борасида ўйлай бошладим.

Навбат менга келди.

«Қани, Тонггу, сен нима истайсан?»

Дилимдаги истагим тилимга бошқача бўлиб кўчди.

«М-мен-менга жун қўлқоп керак».

Дадам ва ойим менга тикилиб қолишди. Ўша тун ҳаётимдаги энг оғир тун бўлди. Хонамга кирдиму кўрпамга бошимни буркаб олдим. Хаёлимда уйимизнинг эшикларидан тортиб шифтларимизгача чуқур қайғуга ботгандек эди, гўё. Шу дам хонам эшиги очилиб, кимдир киргандек бўлди. Кўрпамга бошимни яхшироқ буркаб олдим-да, ўзимни ухлаганга солиб ётавердим. Дадам кўрпамни аста кўтариб, бошимни оҳиста силаркан, синиқ овоз билан: «Куюнма, ўғлим, бу кунлар ҳам ўтади, албатта, ўтади», деди-да,  секингина хонани тарк этди.

Бу йилги янги йилда мен ўз совғамни олдим. Қўлқоп ичида мактуб ҳам бор эди. Бу онамдан экан.

«Ота-онасининг севимли, жонкуяр ўғли Тонггуга! Яратган сендан ўз марҳаматини дариғ тутмасин».

Мен хатни букладим-да, қўлқопга қараб кўнглим жуда кўтарилди. Сабаби, бу оддий совға эмас эди. Унга онамнинг чексиз муҳаббати жо бўлган эди. Мактубга қараб дадамнинг «Бу кунлар ўтади, албатта, ўтади», деган сўзлари қулоқларим остида янграгандек бўлди. Бу ҳаётимдаги энг бебаҳо совға эди.

Корейс тилидан Тўмарис АЪЗАМ таржимаси.

Мақола 495 марта ўқилган

3 Комментариев для Кўринмас совға

  1. Гап йўқ.
    Болаликни ширин хотираларни эслатиб юборади

  2. Йиғлагим келиб кетди.

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*