Кўкарбоевнинг янги фильми (пародия)

photo_2016-10-29_16-51-29Ўтган йили кинокиссаларни обод қилган “Оташин севги” ёхуд “БМҚ”, яъни “Бўрибосар ва бир муҳаббат қиссаси” фильмининг режиссёри Мастонқул Кўкарбоевдан янги фильм! “Оташин севги” ёхуд “БМҚ”, яъни “Бўрибосар ва бир муҳаббат қиссаси – 2”.

…Кинотеатр чироқлари ўчирилиб, катта экранда қиз билан йигит кўринади. Қиз – шаҳардаги энг катта бойлардан бирининг арзандаси. Йигит – узоқ қишлоқлик камбағал одамнинг ўғли. Улар шаҳардаги севишганлар хиёбонининг дарахтлари қуюқ кунжагида учрашяпти.

– Қоқигулим, тушун, ахир, сени бир кун кўрмасам, ўлиб қоламан, – дейди йигит нўхат юлган кишининг кафтидек қабариб кетган қўли билан қизнинг оқ билагидан ушлаб.

– Алдаманг, Маматқул акажон! – дейди қиз қўлчаларини гўё йигитнинг қўлидан бўшатишга урингандек оҳиста тортқилаб. – Ёз бўйи интизор кутдим, қорангизни кўрсатмадингиз-ку…

– Зато, сен ҳар сония қалбимда бўлдинг, – йигит шу жойда бир шоир дўстининг луғат бойлигидан шпаргалка сифатида фойдаланди. – Ишонмасанг, юрагимга қулоғингни тут…

Қиз йигитнинг кўксига олов юзини босади…

Англаганингиздек, фильм ишқ-муҳаббат мавзусида. Қоқигул образини ёш иқтидорли актриса Қурбоной Қулниёзова талқин этган.

– Қурбоной билан беш йилдан бери ишлаймиз, – деди режиссёр Мастонқул Кўкарбоев премьерадан олдин. – У шу давр мобайнида ўзининг бетакрор иқтидор соҳибаси эканини бир неча бор исботлади.

Қаҳрамон йигит – Маматқулни эстрада юлдузи Дижей Дамин ижро этган.

– Мухлисларимга ўзимнинг яна бир ёрқин қиррамни кўрсатдим, – деди у ва томошабинларга ўзини олқишлашлари учун уч сония имконият берди. Таассуфки, шусиз ҳам чапак чалавериб қўли толган мухлислар “санъаткор”нинг ширин истакларини пайқашмадими, олқишни насия қилишди. “Юлдуз” давом этди: – “Эътибор берган бўлсанглар, – “санъаткор” халқни ўзига яқин олди, сенсиради – айнан “бўлсанглар” деди, – фильмда Қоқигул билан истироҳат боғларида бир неча бор учрашаман. Биласизми, съёмкаларнинг бирида шунчалик қизиқ бир воқеа юз бердики…”

Дижей ҳикоя қилмоқчи бўлган “қизиқ” воқеанинг халқ учун қизиғи йўқ экан, шекилли, залда бирдан қарсаклар янграб, “санъаткор” ҳикоясини ютиб юборди…

Фильм оригинал лавҳаларга бой. Йигитдан қизга совчи боради. (Негадир, кейинги пайтларда фильмларимизда совчилик саҳналарини умуман кўрсатишмаётган эди!) Қизнинг отаси, яъни Бойбува совчиларга улар ўзининг тенги эмаслигини айтади. Кунларнинг бирида Бойбуванинг бошига катта савдо тушади. Севимли ити Бўрибосарни катта йўлда бехосдан машина туртиб юборади. Тасодифан шу кўчадан ўтиб бораётган ошиқ йигит Маматқул бу ҳодисани кўриб қолиб, жониворни чаққонлик билан мол дўхтир ҳузурига етказади. (Маматқул ветеринарнинг шу яқин орада яшашини ўзининг қаҳрамонона интуицияси билан сезади.) Севимли Бўрибосарнинг жони омон қолади. Маматқул итни бойнинг дарвозасига етаклаб келади. Итни киргизади-ю, ўзи ҳовлига киришга унамайди. Уйга кириб, Бойбуванинг муборак қўлидан бир пиёла чой ичишни таклиф қилган хизматкорларга шундай дейди:

– Бойбувамнинг итлари соғ-омон бўлсалар бўлди. Мен қишлоғимга кетяпман…

Бой эса йигитнинг мардлигига қойил қолади.

Фильмнинг аксарият лавҳалари ҳомийлик қилган кишиларнинг ҳовлиларида суратга олинди.

– Ушбу фильмнинг тарбиявий аҳамияти бор, – дейди режиссёр, кинони бетарбия одамлар кўриши керак, деган оҳангда.

Тақдимотдан сўнг мухбирлардан бири режиссёрдан: “Фильм Қоқигул ва Маматқулнинг тўйи билан якунланди. Уларнинг кейинги ҳаёти ҳақида ҳам кино олиш ниятингиз йўқми?”  деб сўради.

Бунга Кўкарбоев қисқача жавоб берди:

– Ҳаммаси фильмнинг қанча даромад келтиришига боғлиқ.

Кинотеатрлар гавжум. Демак, Кўкарбоевнинг “Оташин севги” ёхуд “БМҚ”, яъни “Бўрибосар ва бир муҳаббат қиссаси – 3”, “… – 4”, “… – 5”, “… – 6” фильмларини ҳам томоша қилиб қолсак, ажаб эмас.

Элмурод НИШОНОВ

 

Мақола 904 марта ўқилган

1 Комментарий для Кўкарбоевнинг янги фильми (пародия)

  1. Ха бу хикоя жуда кўп ўзбек фильмларини эслатяпди

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*