Коинотдан келган меҳмон

meteroitБундан 3-4 йил аввал Россиянинг Урал ҳудудида жаҳон жамоатчилигини саросимага солган Чебаркуль метеорити (кўл номига аталган) портлади. Лекин ўтган давр мобайнида ана шу воқеа билан боғлиқ саволлар камайиш ўрнига, аксинча, кўпаймоқда.

«Метеоритнинг бир қисми портлаган бўлса, унинг асосий қисми қаерда қолди? Челябинск шаҳрини ким ҳимоя қилди? Метеорит билан бирга қандай мавжудотлар ёки бактерологик моддалар ерга тушди», деган қатор саволлар кўпчиликнинг диққат марказида.

Олимларнинг таъкидлашича, метеорит 10 минг тонна оғирликда бўлган. Табиат қонунига кўра, Ер атмосферасига кирган ёт жисмларнинг 10 фоизи ерга етиб келиб, қолган қисми ёниб кетади. Бу эса, ерга етиб келган метеоритнинг асосий қисми қаердадир ётганини англатади. «Метеоритнинг асосий қисми ўрмонда», деган тахмин бор. Лекин ҳозирча иқлим шароити имкон бермаётганлиги сабабли у ерга экспедиция жўнатилгани йўқ. Қидирув ишлари фақатгина май ойидан бошланиши кўзда тутилган. Аммо олимлар қўлида метеоритнинг жуда кўп майда қолдиқлари бор. Уларни Чебаркуль кўлидан, шунингдек, унинг атрофидаги ҳудудлардан тўплашди. Геологлар фикрича, бу оддий хондритлар синфига кирувчи тошли метеоритдир.

— Метеорит таркибига кирувчи асосий минераллардан бири бу силикатлардир. Бир томондан, бу минераллар ерда ҳам бор. Иккинчи томондан, метеорит тасир-никель қоришмасидан иборат бўлиб, ер юзида бундай қоришма учрамайди, — дейди Россия геология ва минерология институти лаборатория мудири Николай Карманов.

Метеорит ерга қулаши билан интернетда ёт жисм билан хавфли микроблар кириб келганлиги тўғрисида баҳс-мунозаралар авж олди. Худди шундай йўл билан 80-йиллар бошида ерга СПИД (ОИТС) вируси кириб келган, деган тахминлар ҳам бўлди. «Роскосмос» бошқармаси ҳатто бундай «миш-миш»ларга қарши раддия берди: «Атмосферага кирган метеорит 2500 градус температура атрофида ёнади. Бундай юқори ҳароратда ҳар қандай вирус ўлади. Топилган метиорит қолдиқлари ўрганилганда ҳеч қандай хавф аниқлангани йўқ.

Ёт жисм Челябинск шаҳрини йўқ қилиб юбориши мумкин эди. Лекин шаҳарни НУЖ (номаълум учар жисм) қутқарди, деган «миш-миш»лар ҳам тарқалди. Бунга сабаб портлаш пайтида олинган тушунарсиз видеотасма бўлиб, уни бир неча бор телеканалларда намойиш қилишди.

— Биз видеотасмани синчиклаб текшириб чиқдик. Тасвир автомобиль ичидан олинган. НУЖ автомобиль ойнасидаги ёриқ бўлиб, кадрда метеорит билан битта чизиқда бўлган. Портлаш юз берганда метеоритни ракета ёки НУЖ билан тўқнашганга ўхшаш кўриниш пайдо бўлган, — дейди «Космопоиск» илмий-тадқиқот уюшмасининг координатори Вадим Чернобров.

Кейинги пайтларда ерга учиб келаётган ёки унинг ёнидан учиб ўтаётган ёт жисмлар ҳақидаги хабарлар кўпайиб бормоқда. Бунинг сабаби нимада?

— Кузатиш воситалари ривожланиб, ҳатто заминимизга яқинлашаётган майда жисмларни ҳам кузатиш мумкин бўлмоқда, — дейди геохимия ва анатомик химия институти лаборатория раҳбари Михаил Назаров. — Ҳар йили коинотдан ер юзига 27,5 тонна жисм келиб тушади. Россия ҳудуди анча катта эканлиги ҳисобга олинса, тушаётган жисмларни аксарияти айнан ана шу ҳудудга тўғри келмоқда. Сибир ҳудудига келиб тушаётган метеоритларни кузатиш жуда мушкул. 1749 йилдан ҳозирги давргача Россияда 134 та метеорит топилган бўлиб, ундан фақат 51 тасининг тушаётгани одамлар томонидан кузатилган.

М. Назаров фикрича, метеоритлар инсониятга ҳеч қандай хавф-хатар олиб келмайди, тушган жойидаги вайронагарчиликни ҳисобга олмаганда.

НАСА астрофизиги Николай Горькавўй, аксинча фикр юритади.

— Статистик маълумотларига кўра, ёт жисмлар ҳужуми кўпаймоқда. Ер учун хавфли метеорит яқин орада келиши мумкин. Челябинск метеоритидан сўнг АҚШ Конгресси космик хавфидан ҳимояланиш учун тезкор чора-тадбирлар кўра бошлади.

Бу каби ҳодисалар, улар билан боғлиқ турли-туман фикр ва тортишувлар бундан кейин ҳам давом этиши муқаррар. Нима, қандай деган саволларга эса фақат вақт тўғри жавоб беради.

Шу ўринда Россия ҳудудига охирги 10 йилликда тушган метеоритларни санаб ўтамиз:

  1. Иркутск области (2002 йил, 25 сентябрь). «Витимск болиди» номи билан рўйхатга олинган. Маҳаллий аҳоли текширилганда салбий ҳолатлар кузатилган.
  2. Рязань области (2003 йил, апрель). «Дронино» метеорит ёмғири номи билан рўйхатга олинган. Дронино қишлоғи яқинида мелиоратив ишлар давомида занг рангидаги тошлар топилган. Олимлар уларнинг ёт жисмга мансублигини аниқлашган. Экспедиция давомида 550 дона, умумий оғирлиги 2800 кг. бўлган ёт жисмлар топилган. Улардан энг оғири 250 кг.ни ташкил қилган.
  3. Алтай ўлкаси (2007 йил, 10 январь). «Угловск метеорити» номи билан рўйхатга олинган. Аҳоли учиб кетаётган катта оловли шарни кўрган. 2007 йил май ойида ёт жисмнинг портлаган жойи ва қолдиқлари топилган.
  4. Киров области (2010 йил, 17 сентябрь) Ёрқин чақнашни 100 км. масофада кузатишган, портлаш ўнлаб км. узоқликда эшитилган. Ёт жисм Чебоксаридан учиб ўтиб, Шабалино қишлоғи ёнида портлаган.

Челябинск метеоритига ўхшаш ёт жисмларнинг ерга қачон келишини фан олдиндан айтиб беришга ожиз. Ягона тахмин Апофис астероидига тегишли бўлиб, диаметри 300 метрли ёт жисм 2029 йилда ернинг яқинидан ўтиб кетиши тахмин қилинмоқда. 2036 йилда иккинчи бор яқинлашув чоғида траекторияси ўзгариб, ер билан тўқнаш келиш хавфи ҳам бор.

«АиФ» газетасидан Нигора ТОЖИМАТОВА таржимаси.

Интернет манбаларидан олинди.

 

Мақола 2 249 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*