Келинг, «мириқиб» реклама кўрайлик!

ochilish«…Бошқа каналга оламиз»

Э, бу рекламалар бор бўлсин-ей! Вақтимизнинг, ҳаётимизнинг тобора кўпроқ қисмини эгаллаб боряпти. Бу фикрга қўшилмай ҳам кўрингчи! Кайфияти яхши одам беихтиёр хиргойи қилгани каби телевизор орқали кўравериб, эшитавериб ёд бўлиб кетган рекламалардаги айрим жумлалар (айниқса кулгилилари) баъзан иш, суҳбат орасида тилимизда айланаверади, бир-биримизга жўр бўлиб такрорлаб қоламиз. Айниқса, “Тах-тахдан хохогача”, дейилса тамом, бошга бир оғриқ кирадики…

— Рекламалар психологик қонуниятлар асосида тайёрланади. Руҳшунос олим Ибенгауз тез-тез такрорланадиган ҳаракат ёки сўзларгина хотирада узоқ вақт сақланишини айтиб ўтган, — дейди психология фанлари номзоди Нигора Шомуродова. — Телерекламалар худди шу қонуниятга мувофиқ ихтиёрий-мажбурий тарзда бериб борилади. Бундай такрорий тасвирлар онг остини ҳаракатга келтиради, оқибатда кўпчиликда асабийлашиш, зўриқиш юзага келади. Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни 6 моддасида «Қонунийлик, аниқлик, ишончлилик, рекламадан фойдаланувчига зарар, шунингдек маънавий зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланиш рекламага доир асосий талаблардир», дейилади. Аммо қонунда рекламанинг тиббий-психологик томонлари ҳисобга олинмаган…

Хўш, мана шу рекламаларда тил қоидалари ва мантиқ бузилаётган бўлсачи? Унда улар икки ҳисса зарарли эканда?! Тушунганлар “шу хатони ҳалиям тузатишмади”, деб асабийлашса, бундай хатолар тушунмаганларни янада чаласавод бўлишига олиб келиши турган гап. Айни кунларда телевидение орқали (нафақат телевидение, балки барча ташқи рекламаларда ҳам) берилаётган рекламаларнинг кўпи дори воситалари билан боғлиқ. Йилдан-йилга уларнинг тури кўпа­йиб боряпти. Қизиқчилардан бири айтганидек, ҳозир шундай дори воситалари борки, унга яраша касал йўқ (бўлмасин ҳам). Буларнинг рекламаси ҳам ғалати. Баъзиларини кўриб, кулишниям куйишниям билмайсан, киши. «Оғриқ ва яллиғланишдан қуруқ йўталда». Бу “жилвакор” жумлани қандай тушунсангиз тушунаверинг. Нима демоқчилигини фаҳмлайсиз, албатта. Аммо тил қоидалари ва мантиққа нисбатан бу «янгилик». Ёки яна бирида «Бел, бўйин ва бўғим оғриқларида ёрдам беради» дейилади. Бир қарашда сезилмайдиган нуқсон: демак, бу восита шу нуқталарнинг оғриши учун ёрдам берарканда! Ахир худди шундай маъно келиб чиқаяптику. Ҳолбуки, организмнинг «шу-шу» қисмларидаги оғриқларни даволашга ёрдам беради, дейилса тўғри бўларди. “Синепар гелнинг рекламасидаги матн эса одамни янаям кўпроқ ўйга толдиради: «Болалигимда, ёшлигимда, ҳатто кексайганимда ҳам у менга ёрдам беради», дейди 80 ёшлардаги ўрис момо. Савол туғилади: демак, бундан 70 йилча бурун ҳам шу гел бўлган эканда? Худди шу мазмундаги баъзи рекламалар матнига қўшилган бироз лоф кишида ишончсизлик, шубҳа уйғотади. Айнан мазкур гелнинг рекламаси кўпчилик томонидан аччиқ кулги остига олинганига гувоҳ бўляпмиз. «Бир гапни гапирки, одам ишонсин. Шунча йилдан бери ишлатавериб, организми заҳарланиб кетмабдими момонинг», дейишади (ножўя таъсири назарда тутиляпти). Тўғри, бу гапда ҳам бироз лоф бор (саломига яраша алиги, дегандек). Айни пайтда телевидение — энг катта аудитория. Уни турли савиядаги одамлар томоша қилади. Демак, матнларни ўта ҳушёрлик билан, пишиқ-пухта, юксак саводхонлик даражасида тайёрлаш талаб этилади. Бундай мантиқий ғализликлар кўпроқ рус тилидан сўзма-сўз таржима қилиш оқибатида юзага келаётир. Наҳотки, шу дори воситаларининг рекламаси учун тасвирнинг ўзбекча муқобилини яратиш мумкин эмас? Ахир кампирнинг тиззасини, ёш қизнинг белини, яна бировининг бошқа ерини томоша қилавериб, юзимиз қизармайдиган ҳам бўлдику! Она билан ўғил, ота билан қиз бирга ўтириб, эмин-эркин кўриб бўлмайдиган рекламалар анчагина. (Шукрки, гигиеник воситалар кўринмай қолди. Акс ҳолда ёш болаларнинг саволига жавоб беролмаган оналар яна кўпаярди). Ваҳоланки, реклама кино эмас: бир амаллаб ўтказиб юборсангда, шу билан «қутулсанг». Битта филм тугагунча бир реклама нақ беш марта такрорлангач, қаёққа қочасан.

Ҳар бир миллатнинг ўзига хос ҳаёт тарзи бор. Четдан кириб келаётган рекламалардаги айрим тасвирлар ўша миллат учун оддий ҳол бўлсада, бизга ёт эканини катталар тушунар, аммо ёшларчи? Ёшларимизни «оммавий маданият» ниқоби остидаги иллатлар таъсирига тушиб қолишдан асраш кераклигини бот-бот такрорлаймизу

— Чет давлатдан сотиб олиниб, ҳеч бир ўзгаришсиз, ўзбекчага чала-чулпа ўгириб берилаётган арзон-гаров рекламалар истеъмолчига нисбатан ҳурматсизлик, — дея сўзини давом эттиради Н. Шомуродова. — Бу ўринда миллий қадрият, урф-одат, миллий онгу тафаккуримиз асло эътибордан четда қолмаслиги керак. Аслида, менталитетимизга мос тарзда қайта ишланган рекламалар ўша арзон-гаровларидан кўра кўпроқ натижа беради. Масалан, “Донна” сариёғининг рекламасида иштирок этган қизалоқ, унинг онаси ва нариги аёл биз учун бутунлай нотаниш. Ундан кўра, ўзимизнинг эстрада, спорт ёки кино юлдузлари ёрдамида олинган кадрлар аҳоли учун қизиқарлироқ бўларди. Ўша қизалоқ айтадиган гап эса («еб қўяман») кўпчиликнинг меъдасига тегиб, эътирозига сабаб бўлмоқда…

Жамоатчилик иштирокида ўтказган сўровимиздан маълум бўлдики, рекламаларга навбат берилганда деярли ҳамма: “Ҳозир нима кўп, канал кўп. Ёнгинамизда пулт деган дастёр тургач, нима қилардик, дақиқада бошқа каналга оламизда”, дейишди. Қизиқ, унда рекламаларни ким томоша қиларкин?! Балки, теледастурлар орасида алоҳида реклама дастурини ташкил этиш керакдир. Кимга керак бўлса, марҳамат, кўраверсин!Маълумки, рекламалар билан боғлиқ қонунларимизга бир неча бор ўзгартиришлар киритилди. Балки келгусида юқорида руҳшунос таъкидлаган жиҳатларга ҳам эътибор қаратилиб, мазкур қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш керакдир?!

Биридан шодсан, биридан…

Ташқи рекламалар, яъни шаҳримиз кўчаларидаги баннерлар, паннолар, бозору дўконлар пештоқидаги ёзувларда учрайдиган хатоликлар, тил қоидаларининг бузилаётгани тўғрисида кўп бор бонг урилди ва бу чиқишлар анчагина иш берган кўринади. Бугун бу борада жиддий, қўпол хатолар кўзга ташланмайди. Аммо бу хато умуман йўқ, дегани эмас. Ташқи рекламаларда ҳам рус тилидан қилинган тўғридан-тўғри (калка) таржималарда мантиқий ғализликлар бор. Масалан, “Шохона чегир­малар” (Олой бозори атрофидаги баннерда) жумласига эътибор беринг. Наҳотки чегирманинг ҳам шоҳонаси бўлса?! Ушбу жумлада мантиқий хато билан бирга имло хато ҳам бор. Биринчи сўздаги тил орқа товуши “х” ўрнига бўғиз товуши “ҳ” ёзилиши лозим. Ёки «Биз сизларга Европадан энг сўнгги ишлаб чиқариш ускуналарни етказиб берамиз» (Абай кўчасидаги баннерда) деган ёзувни олайлик. Бу ерда ҳам мантиқ бузиляпти. «Энг сўнгги» бирикмасидан кейин керакли сўзнинг тушириб қолдирилгани боис ушбу жумла «охиргиси» (бошқа йўқ) деган маънони англатяпти. Аслида, «Биз сизга Европанинг (ёки Европада ишлаб чиқарилган) энг сўнгги русумдаги ускуналарини етказиб берамиз», деб ёзилса мақсадга мувофиқ бўларди. Шунингдек, «ускуналарни» сўзида эгалик қўшимчаси “и” тушириб қолдирилган.

“Мы открылиснинг «Биз очилдик» тарзида ўгирилганини қаранг. Айнан битта жойда бўлса қанийди, бутун шаҳар миқёсида — чойхонадан тортиб, катта савдо мажмуалари пештоқигача шу — «Биз очилдик». Гулмидингки, очилсанг, дейсанда беихтиёр. Янги йил арафасида кўп такрорланган, ҳозир ҳам шаҳарнинг аксарият ҳудудларида учрайдиган “Cоcаcола” рекламаси рус тилида “Подари счасте другому” бўлиб, ўзбекча муқобилини «Яқинингга бахт улаш», тарзида таржима қилиб беришди. Аслида, «Бошқаларга ҳам шодлик (чунки бахт кенгроқ тушунча) улаш» дейилса, тўғри бўлмасмиди?! Рекламалардаги матнлар, таржималар рус ва ўзбек тилларини мукаммал биладиган мутахассис назаридан ўтказилиши зарурлигини қачон тушуниб етамиз? Ёшларнинг саводхонлиги, ўзбек тилига эътибор ва ҳурмат асло майда масала эмас.

Яна бир масалага тўхталиб ўтмасак бўлмас. Юқорида хатоликлар анча камайгани ҳақида гапирдик. Бу томонидан хурсанд бўласан киши. Аммо бошқа томондан… Марказий кўчалардаги (Тошкент шаҳридаги) аксарият рекламалар, дўконлар пештоқидаги ёзувлар, хусусан, «Пойтахт» ва «Зарафшон» савдо марказларидаги барча дўконлар номи ё рус, ё инглиз тилида. Ҳозирги кунда ушбу икки тилни кўпчилик билади, тушунади, бу яхши, албатта. Лекин бу ўзбекча номлардан воз кечиб, ўз тилимизга эътиборсизлик қилиш мумкин, дегани эмас. Тўғри, ҳар учала тилдан фойдаланилган ўринлар ҳам учрайди, улардан ўрнак олса арзийди. Аммо диққат қилган бўлсангиз, бу борада ўзбек тилидан фойдаланиш нари борса ўн-ўн беш фоизни ташкил этяпти, холос.

Бир қатор мамлакатларда, хусусан, Хитойда тараққиёт натижасида кириб келган янги сўзларга нисбатан ибратли ёндашув бор экан: улар ушбу сўзларнинг ўз тилидаги муқобилини топиб, шуни қўллаш таклифини киритишаркан. Натижада, тил софлиги, миллатга, қадриятларга ҳурмат сақланиб қолади. Биз эса ўз тилимиздаги сўзларни қўллашдан ё уяляпмиз, ё бўлмаса… балки бунга тегишли мутасаддилар изоҳ берар?!

Келинг, келгусида сарлавҳадаги қўштирноқни олиб ташлаб, рекламаларни ҳақиқатан мириқиб томоша қилайлик. Кўчалардаги ёзувлар ҳам бундан буён мукаммаллик даражасида бўлишига ишонгимиз келяпти.

Холида ФАЙЗИЕВА,

«Ҳуррият»

Мақола 755 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*