Кечирган ҳаётингга назар ташлаганингда, унинг нилуфардек покизалигини кўришдан ҳам яхши нарса борми?

скачанные файлы (1)

Француз адиби Оноре де Бальзак ижодий режалари орасида шундай қисқагина ёзув бор экан: “Чол – оилавий пансион – 600 франкли рента – қизлари деб ўзини ҳамма нарсадан маҳрум қилади, аммо ҳар иккала қизнинг 50000 франкдан даромади бор; итдек хор бўлиб ўлади”. Бу хомаки ёзув адибнинг машҳур “Горио ота” романи сюжети эди. Оила, жамият, инсоннинг энг эзгу туйғулари ва уларни емирилишга маҳкум этган сабаблар хусусида сўз юритилган асардаги фикрлар, ҳатто ижтимоийлари ҳам, бундан бир ярим аср илгари айтилган бўлишига қарамай бугунги ўқувчини бефарқ қолдирмайди, ўзи ва жамият ҳақидаги мулоҳазаларини янги тасаввурлар билан бойитади.

…Бу ерда ҳаёт шундай ваҳимали тўс-тўполон билан ўтардики, фақат энг ғайриоддий ҳодисалар кишилар тасаввурида хийла узоқроқ сақланиб қолиши мумкин.

***

Ҳолбуки, баъзан бу ерда ҳам шундай оғир ғуссага дуч келиш мумкинки, мараз иллатлар билан хайрли фазилатлар чирмашиб кетиб, ўша ғам-ғуссани дабдабали ва улуғвор қиёфага киритади: бу мусибат қаршисида тамагирлик ва худбинлик орқага чекиниб, раҳм-шафқат туйғусига ўрин бўшатиб беради, лекин ширин мевани шошқалоқлик билан ютиб юборганда мазаси оғизда қолмаганидек, бу ажиб ҳиссиёт ҳам тезда унут бўлади.

***

Қайси бири даҳшатлироқ: тошюрак одамларга риоя қилишми ё қовоқ каллаларгами, буни ким ажрим қилиб бера олади?

***

Эжен де Растиньяк – йигитнинг номи шундай эди – муҳтожлик оқибатида меҳнатга ўрганган йигитлардан эди, бундай йигитлар оила аъзоларининг бутун умиди ёлғиз ўзларидан эканини ёшликданоқ яхши тушунадилар ва илмнинг жамики фойдали томонларини яхшилаб тарозида тортиб кўриб ҳамда келажак жамият тараққиётидан биринчилар қаторида баҳраманд бўлишни ўйлаб, бутун олган илмларини жамиятни тараққий қилдириш йўлига мослайдилар, ўзларига иложи борича порлоқ истиқбол ҳозирлашга тиришадилар.

***

…аёл кишининг ҳусни-жамоли кийим бошида бўлганидек, нафосати унинг хотиржамлигида.

***

…одамлар нуқсонларни кечирсалар кечирадилару, аммо бундай нарсаларга ёпишиб оладилар… Ёки бўлмаса, одамзод ҳамма оғирликни мўмин-қобиллиги, бепарволиги ё бўлмаса ожизлигидан кўтариб кетаверадиган одамларнинг сабр-тоқати қанчага етишини синаб кўриш учун, табиатан жўрттага шундай қилармикан? Ахир ҳаммамиз ҳам ўз афзаллигимизни дуч келган кимсада ёки дуч келган нарсада синаб кўришни яхши кўрмаймизми? Ҳаттоки кўча боласидек заиф бир гўдак ҳам қаҳратон қиш пайтида одамларнинг кўча эшикларидаги қўнғироқларни бирма-бир чалиб қочади, ё бўлмаса эндигина ўрнатилган янги ҳайкалга чиқиб олиб, унга ўз номини ёзиб кетади.

***

…шундай бир туркум одамлар борки, ўзларининг энг яқин одамлари ва дўстларига сира яхшилик қилмайдилар, ваҳоланки бундай одамларга яхшилик қилиш уларнинг бевосита бурчи; шунга қарамай, бундай одамлар бегоналарга яхшилик қилишади, сабаби – бегона одамлар назарида ўз баҳосини кўтармоқчи бўладилар.

***

Одамзоднинг қалби яхши муносабатлар довонига кўтарилишда тиним олиши мумкину, аммо ёмон ҳислар жарлигига тушиб кетаётганда камдан-кам тиним олади.

***

Кўнгли тор одамлар ўзларининг хоҳ яхши, хоҳ ёмон ҳисларини беҳисоб майда қилиқлар қилиб қондирадилар.

***

Ўзининг маънавий жиҳатдан қашшоқлигини ўзгаларга ҳам ёпиштириш – бефаросат, калтафаҳм одамларга хос ўтакетган бемаъни одат.

***

Баъзи эркаклар учун, икки соат муттасил кўз ёш тўкиб, оҳ-воҳ қилганидан кейин, ҳозир ўлиб қоладигандек ўзини ташлаб юборадиган ва ҳидлаш учун ҳушига келтирадиган дори сўрайдиган аёл олдида тургандан кўра яккама-якка олишувда ҳадемай кўксига шамширини санчиб олиши муқаррар бўлган ўзга эркак қаршисида туриш осонроқ бўлади.

***

Куёв – сиз билан бизнинг ўн етти йил мобайнида ардоқлаб боқиб катта қилган, Ламартин таъбири билан айтганда, томир-томири билан жисмимизга туташиб кетган, энг қимматли жигаримизни – оиламиз қувончини уйимиздан олиб кетиб, кейин шу қувончни бошимизга битган балога айлантирувчи эркак.

***

Бизнинг юрагимиз — бир хазина: уни бирдан сарфлаб қўйдингизми,  гадо бўласиз қоласиз.

***

Бошимизга бирор бахтсизлик тушиши биланоқ, дарров бу хабарни етказиб, юрагимизга ханжар уриб, уни кавлайдиган ва ханжарнинг бежирим дастасини томоша қилишимиз учун, уни шу алфозда ташлаб кетадиган дўст ҳамма вақт ҳам топилиб туради.

***

Аёллар сизни истеъдодли ва ақлли йигит деб эътироф этишлари биланоқ, эркаклар бунга ишонадилар, уларнинг ҳафсаласини ўзингиз пир қилиб қўймасангиз бас.

***

Дунё унга ҳақиқий башарасини очиб кўрсатганди: бойлик олдида ахлоқ ва қонун ожиз эди…

***

Шубҳасизки, фикрлар узоқдан туриб ўз манбаи ҳисобланмиш кучга тўғри мутаносиб равишда ҳаракат қилади ва мортирадан отилган бомбани бошқарадиган қандайдир математик қонунга ўхшаган бирор қоидага асосан айнан мия йўналтирган нуқтага бориб урилади. Бунинг натижаси ҳар хил бўлиши мумкин. Юмшоқ табиатли одамлар бўладики, бундай одамларнинг дили кўнгилга чуқур жойлашиб олган ўзгаларнинг фикридан вайрон бўлади; аммо шундай мустаҳкам иродали одамлар ҳам учрайдики, бундай одамларнинг мия қопқоғини гўё бронзадан қуйилган дейсиз — деворга отилган ўқ унга урилиб ерга тушганидек, ўзга кишининг фикри ҳам унга урилиб пачақ-пачақ бўлади.

***

Бир ўзинг ҳаммага қарши борсангу, ғолиб чиқишингга ишонч бўлса, мана шундай одам ролини ўйнашнинг ўзи гўзал эмасми?

***

Дуэль, ўғлим, болалар эрмаги, аҳмоқлик. Дуэлда икки тирик одамдан бири ўлиши лозим бўлгандан кейин фақат аҳмоқ одам ўзини тасодифлар қучоғига ишониб топширади.

***

Доим орзу қиламиз, аммо ҳеч вақт орзуни ушата олмаслик кишининг тинкасини қуритади.

***

Пулдор бўлишни ҳисобга олиб уйланиш – хотиннинг олдида икки букилиб қуллуқ қилиб туриш, қайнонанинг оёғини ўпиш, ҳатто чўчқанинг ҳам ори келадиган даражада бемазагарчиликлар қилиш деган сўз…

***

Хоинлик ҳар қадамда учрайди, истеъдод эса ноёб нарса. Шунинг учун хоинлик ҳамма ёқда тўлиб-тошиб ётган истеъдодсиз одамларнинг қуроли бўлиб қолган…

***

Парижда индамай ишини битказиб юрадиган ва ҳеч ким билан сирдош бўлмайдиган одам – ҳалол одамдир.

***

Принциплар билан қонунлар ўзгармас нарсалар бўлганда эди, одамлар уларни биз кўйлак алмаштириб турганимиздек, ҳадеб алмаштиравермаган бўларди.

***

Олижаноблик билан, ҳалоллик билан меҳнат қиламан. Кечаси-ю кундузи ишлашга тайёрман, фақат шу йўсинда бойлик орттираман. Бу бойлик орттиришнинг энг мушкул йўли, аммо ҳар куни кечқурун ёстиққа хотиржамлик билан бош қўяман, биронта ҳам ёмон фикр уйқумни ҳаром қилмайди. Кечирган ҳаётингга назар ташлаганингда, унинг нилуфардек покизалигини кўришдан ҳам яхши нарса борми?

***

Одатда ёшлар ҳақиқатдан юз ўгиргандан кейин виждон ойнасига қарашга юраги бетламайди, ваҳоланки, катта ёшдаги кишилар эса бу пайтда у ойнага қараб тўйган бўладилар; одамлар ҳаётида икки давр ўртасидаги тафовут мана шу, холос.

***

Одамзод катта муҳит қучоғида қилиши керак бўлган ишларини кичиккина доира ичида амалга оширса ҳам қаноат ҳосил қилиш мумкин.

***

Фақат муҳаббат туйғулари ғойиб бўлгандан кейингина пул роль ўйнай бошлайди.

***

Ёлғон гапириш – ўзингдан юз ўгириш деган гап!

***

Муҳаббат ҳам бир дин, унга сиғиниш бошқа нарсаларга сиғинишдан қимматроқ туради: муҳаббат тез ўтиб кетади.

***

…йўлга отланишдаги охирги тайёргарликлар билан рассомнинг расмга охирги пардоз бериши ўртасида аллақандай ўхшашлик бор: шу охирги ишларга асосий ишга кетгандан кўра кўпроқ вақт сарф бўлади.

***

Ота албатта бой одам бўлиши керак, болаларининг жиловини қўлида маҳкам ушлаб туриши керак.

Бекзод ЎКТАМ тайёрлади.

Мақола 293 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*