Ўз камчилигини сезиш йўллари

130628180705Кўп одамлар ўз айб ва камчиликларини кўрмайдилар. Бошқаларнинг кўзига тушган хасни кўрадилар-у, ўзларининг кўзларига тушган хасни кўришга ожизлик қиладилар. Ўз камчилигини кўришни истаган кишилар учун тўрт хил йўл бордир.

Биринчи йўл — камчиликни кўра олувчи комил бир одам билан суҳбатлашиб туришдир, бу йўл шогирд билан устоз орасида бўлади.

Иккинчи йўл — самимий, хайрихоҳ дўст топиб, ўзининг қилиб турган ишларини, юриш-туришини кузатиб, хуш кўрилмаган йўллардан қайтаришни ундан илтимос қилишдир. Бир донишманд: «Менинг камчиликларимни ўзимга айтган кишилардан миннатдорман», — дер эди.

Учинчи йўл — камчиликни душманлар оғзидан эшитиб, улардан тегишли хулоса чиқаришдир. Камчиликларни сўзлаб юрувчи душман икки юзламачи, риёкор дўстдан устун туради.

Тўртинчи йўл — халқ ичида юриб, баъзи одамларда кўрилган ёмон қилиқлардан хулоса қилиб, улардан сақланиш керак. Халқнинг нафратига сазовор бўлган ёмонларнинг қилиқлари сенда бор бўлса, уни битиришинг лозим. Луқмон ҳакимдан: «Адабни кимдан ўргандингиз?» деб сўрадилар. Луқмони ҳаким: «Адабни адабсизлардан ўргандим», деб жавоб берган экан.

«Дурдоналар хазинаси» китобидан.

Мақола 596 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*