Камалак ранг дарё

Колумбиядаги Канё кристалес дарёси ажойиб кўриниши билан кўпчилик эътиборини тортган. Дарё номи испанчада “биллур дарё” деган маънони билдиради. Уни дунёдаги энг чиройли дарё деб ҳам атайдилар. Сабаби Канё кристалес оқимида беш хил рангни, уларнинг турфа жилоларини кўриш мумкин. Сув юзаси тўқ қизил, сарғиш, яшил, кўк ва ҳатто қоп-қора рангларда товланади. Қизил ва тўқ қизил ранг бошқаларига қараганда кўпроқ. Дарё саёзлиги, тиниқлиги ва унда ўсган “Мацарениа цлавигераъ” сувўтлари сабаб шундай хусусиятга эга бўлган. Шаффоф сув остидаги ранго-ранг ўтлар дарёни рангларга бўяйди. Ана шу ўзига хослиги сабабли унга “Беш рангдаги дарё”, “Оқар камалак” каби номларни беришган. Дарё ЮНЕСКОнинг “Инсоният табиий мероси” рўйхатига киритилган.

daryo1Амазонка тоғолди тропик ўрмонлари оралаб оқадиган бу дарё Колумбиянинг Мета департаментидаги Сийерра де ла Макарена тоғ тизмаларидан бошланади. Канё кристалес ғарбдан шарққа қараб оқади ва юз километрдан кейин Лосада дарёсига қўшилиб кетади. Дарё унчалик кенг эмас, эни йигирма метр атрофида.

Йилнинг асосий қисмида Канё кристалес бошқа дарёлардан фарқ қилмайди. У қурғоқчилик ва ёмғир мавсуми оралиғида, сентябрдан ноябргача бўлган даврда “оқар камалак”ка айланади, холос. Бу пайтда дарё саёзлашади ва қуёш нурлари унинг тубидаги сувўтларини қизил, яшил, сариқ ва қора рангларда жилолантириб юборади. Мовий ва кўк ранг тиниқ осмоннинг аксланишидан ҳосил бўлади.

daryo0Дарё оқиб ўтадиган Миллий қўриқхонани узоқ вақтлар партизанлар отрядлари қўриқлаб келди. Бу вақтларда сайёҳлар тугул, тадқиқотчилар ва олимлар ҳам бу ҳудудга кира олмаган. Ҳозир қоидалар ўзгарган, истаган киши бориб дарёни кўриши мумкин. Бироқ бу осон иш эмас. Сайёҳлик хизматлари яхши ривожланмагани сабабли олдин Ла Макарена шаҳарчасига учиб бориш, сўнг Гуяаяберо дарёсида бир соат қайиқда сузиш, кейин жипларга чиқиш, у ёғига эса яёв кетишга тўғри келади. Қўриқхонада сайёҳларнинг тунаб қолиши, гулхан ёқиши ва ҳоказолар тақиқланган. Аммо дарёда истаганча чўмилиш мумкин. Канё кристалес оқимида табиий ҳовузлар, қўлтиқлар ва кичкина шаршаралар жуда кўп. Дарё ҳавзаси июндан ноябрга қадар сайёҳлар учун очиқ бўлади.

Айрим майда балиқчаларни ҳисобга олмаганда, бу ерда балиқ яшамайди. Чунки дарё тоғ ва ёмғир сувларидан юзага келади, тубида балчиқ ва чўкиндилар, балиқлар озиқланиши мумкин бўлган сув ўсимликлари йўқ.

Ҳайратланарлиси, дарё суви таркибида туз ва минерал моддалар йўқ.

Канё кристалес атрофларида одамларни деярли учратмайсиз. Сайёҳлар ҳам қатъий тартибга риоя қилгани сабабли дарё ҳам, атроф-муҳит ҳам табиийлигини сақлаб қолган.

Мақола 139 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*