Интернетдан эҳтиёт бўлинг!

Хафли-интернет2Ким нима десин-у, лекин Интенет ҳаётимизга тобора чуқурроқ кириб бориб, уни таниб бўлмайдиган даражада ўзгартириб юборяпти. Шу ерда бир муаммо пайдо бўлади: тун-у кун ҳамма мурожаат қила оладиган ва ҳатто ёш болакайлар ҳам фойдалана оладиган ахборотлар манбаига боғлиқ бўлиб қолишда қанчалик даражада ижобийлик мавжуд?

Албатта, Интернетнинг асосий ютуғи шундаки, у ахборот ташувчиси ҳисобланади. Ахборотга эга бўлган одам ҳамма нарсага эга бўлади. Бироқ борган сари Интернет ўз зиммасига юклатилган вазифани эмас, аксинча ундан ҳеч ким кутмаган нарсаларни бажармоқда. Унда жойлашган маълумотлар ҳам доимо фойдали бўлавермайди.

Интернет тармоғи илк бора пайдо бўлганда у айнан ахборот тармоғигина бўлган. Ундан бошқа хусусиятларни талаб қилишмаган. Буни америкалик олимларнинг ўз олдига маълумотларни узатишнинг хавфсиз тизимини яратиш вазифаси қўйилгани билан ҳам изоҳлаш мумкин.

Интернет тармоғи борган сари янги одамларни ўзига жалб қила бошлади. Ҳозирга келиб эса у энг тез ривожланаётган ОАВ лардан бири бўлиб, яқин келажакда телевидение, радио ва газеталарнинг ҳам ўрнини босиши мумкин ва босяпти ҳам. Албатта, тўлиқ эмас, аммо шуниси аниқки, у ахборотларнинг асосий манбаига ва келажак авлодлар учун асосий кўнгилочар жойига айланади. Шунингдек, Интернет умумийдир ва у ҳеч кимга тегишли эмас. Бу эса унинг асосий ютуқларидан биридир.

Бу келтирилган хусусиятлардан шундай хулосага келиш мумкинки, компьютерларга боғланиб қолишлик касаллигига, асосан, ўқишда орқада қоладиган ва ўртоқлари кўп бўлмаган ўсмирлар ҳамда 25-35 ёш оралиқдаги якка ҳолда ҳаёт кечирувчи, ҳаётидан ва ишидан қониқмайдиган эркаклар чалинади. Аммо бу тўлиқ бешга ўқийдиган, синф ва мактаб фаоли бўлганлар компьютерларга ўрганиб қолмайди, дегани эмас. Фақатгина уларда бунга чалиниш имконияти кам бўлади.

Бизнинг мамлакатда ҳали бундай психологик касалликлар бўйича деярли ҳеч қандай муаммолар мавжуд бўлмаса-да, ғарб давлатларида айнан шу касалликлар бўйича махсус даволовчи марказлар ташкил этилган. Менимча, яқин келажакда Ўзбекистонда ҳан шундай марказлар ташкил этиш керак бўлади. Сабаби информацион технологиялар ривожланиши ва Интернетнинг аҳоли ўртасида кенг тарқалиши натижасида бу муаммо долзарб бўлиб қолади.

Ҳозирда эса нимага эга бўлдик? Сон-саноқсиз файллар билан тўлиб кетган винчестерларга. Кинолар, китоблар, ўйинлар – ҳаммаси дискларга ёзиб ва қатор қилиб териб қўйилган. Охир-оқибат бу маълумотлар тўплами ичидан қанчасидан фойдаланамиз – 5%, 10% ми? Шуниси маълумки, уларнинг катта қисми «кадр ортида”, кўрилмай, ўқилмай, эшитилмай ва фойдаланмай қолиб кетади. У ҳолда бундай «ғамлаб қўйишлик” нимага керак? Мени ўзим ҳам бу саволга қийналиб жавоб бераман. «Шунчаки бўлиши керак”, деган хулосага келаман.

Аввалига аллақандай қувонч бўлган эди, ихтиёрий маълумотга текинга (фақат Интернет учун пул тўланади) эга бўлиш мумкин, қанчадан-қанча нарсани билиш мумкин, ўқиш мумкин, кўриш мумкин… Оқибатда қадрсизланган ахборотга эга бўлдик. «Тонналаб” қадрсизланган маълумотлар. Бошқаларда қандай билмадиму, аммо менга бу ҳолат аввалгидек қувонч келтирмайдиган бўлди. Шунинг учун сизларга бир маслаҳатим бор: «Интернетдан эҳтиёт бўлинг!”

манба: http://namyom.uz

Мақола 1 331 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*