Интернетлардаги «Яхши даромадли иш…»лар ёки «текин» маслаҳат…

скачанные файлы (2)Яхши даромадли иш…

Оила аъзоларим билан чиқиша олмаяпман, маслаҳат беринг…

Ижтимоий тармоқнинг «тўр»ига киришингиз билан бу каби таклифлару маслаҳат сўровчилар кўплаб учрайди. Улар таниш, нотаниш «друзья»ларидан минглаб чақирув ва жавобларни олишади. Бир­биридан ажабланарли, ножўя ва хатарли…

Йигирма бир йил фарзандимга емай-едирдим, киймай-кийдирдим, ­ дейди ўғли диний экстремистик оқим домига тушиб қолган она тадбирларнинг бирида. ­ Аммо мен йиллар давомида берган тарбиямни қўлидаги кичик телефон тубдан ўзгартирди, хаёлини, дунёқарашини бутунлай эгаллади. Ўшанда уйда интернет билан банд бўлиб ўтирган болам онгида бузғунчи ғоялар авж олаётганини англамаган эканман. «Уйда, назоратим остида», деб бефарқ бўлиб, ғафлатда қолиш мумкинлигини  анча кеч англадим…

Дарҳақиқат, техника тараққиёти эса узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилаётгани ҳам бор гап. Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Виртуал ҳаёт ва реал воқелик ўртасидаги фарқни тўла англай олмаслик жиддий муаммоларга сабаб бўла бошлади. Ижтимоий тармоқ аъзолари ўз яқинлари қолиб, тармоқдошлардан маслаҳат сўрай бошлашди. Аммо маслаҳат бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Халқимизда маслаҳат кўпни кўрган, ҳаёт тажрибасига эга, инсонларга ҳар томонлама ўрнак бўлгулик кишилардан олинади. Қолаверса, эту тирноққа қиёсланган қариндош-уруғ ёрдамига суянилади. Аммо кимлиги, мақсади номаълум «друзья»лардан маслаҳат сўраш ва ачинарлиси, улар кўрсатган йўл-йўриқдан кўр-кўрона юришга инсонларни нима мажбур қилаяпти?

Инсон атрофидагиларнинг меҳрини доимо ҳис қилишни истайди,­ дейди психолог Мавлуда Файзиева. ­ Глобаллашув жараёнида реал ҳаётда ёлғиз қолган одам атрофини «тармоқдош»лари эгаллайди. Тўғри билан нотўғрининг, оқ билан қоранинг фарқига бормайдиган, иродаси суст инсонларга уларнинг ҳар бир гапи тўғридек туюлади. Интернетдан фойдаланаётган ҳар бир киши аввало дўст ва «друзья»ни фарқламоғи лозим.

Халқимизда оила мустаҳкам қўрғонга қиёсланади. Унинг устунлари ота­она дея бот­бот такрорланади. Улар кексайгач, ҳаётни кўрган, унинг паст­баландини биладиган маслаҳатгўйимизга айланади. Ҳаёт тажрибаси етарли, яқинларига бахтдан ўзгасини раво кўрмайдиган нуроний отахону онахонларимиз тўғри йўлга бошлаши ҳам айни ҳақиқат. Ахир бекорга «Қари билганни пари билмас», дейишмайди. Аммо…

Аксарият ёш оилалар мустақил бўлишни хоҳлашади ва шунга интилади, ­ дейди нуронийлардан бири Фотима  Жумаева. ­ Улар эртаю кеч ишда юрса, оилада камол топаётган фарзандни ким керакли пайтда тинглайди, унга маслаҳат беради? Айни шу масалада бўшлиқ бор. Айтайлик, ярим куни мактабда ўтган бола куннинг иккинчи ярмини қаерда, кимлар билан ўтказади? Бу саволга ишдаги ота­она жавоб бера олмайди. Айни шу пайтда кексаларимизнинг ўрни кўзга ташланади. Фарзандимиз тармоқдошлари билан эмас, бобо­бувиси билан суҳбатлашса, муаммосига ечим изласа маъқул, чамамда. Яна бир ҳақиқат шуки, кекса авлод вакиллари тарбиялаган фарзандларнинг кўпчилиги ўрнак олгулик бўлиб вояга етади.

Фарзанд тарбиясида фақат ота­она эмас, маҳалланинг ҳам ўз ўрни бор, ­ дейди Қарши шаҳридаги «Нуристон» МФЙ раиси Нурилла Маҳкамов. ­ Боланинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва назорат қилиш мақсадида маҳалла-мактаб-оила ҳамкорлиги тўғри йўлга қўйилиши лозим. Бу муносабатлар қоғозда эмас, ҳаётда акс этса,  шундай муаммолар кўпайишининг олди олинар эди.

Виртуал олам ҳаво оқимига ўхшайди. Ундан меъёрида баҳраманд бўлсак, салбий томонлари сезилмайди, аксинча, фойда оламиз, холос. Аммо меъёр тушунчаси ёддан кўтарилса ёки кўзланган мақсад қолиб бошқа мавзуларга чалғиш бўлса, муаммога дуч келасиз. Ёшларимиз орасида тил ўрганиш, ўзи қизиққан соҳанинг ютуқларидан баҳраманд бўлиш истагида тармоқдан фойдаланувчилар ҳам кўп. Аҳамиятлиси, уларнинг бу ҳаракати ўз устида ишлаш ва камчиликларини бартараф этишга ёрдам бермоқда.

— Тармоқнинг фойдали томонлари ҳам бор, — дейди ёш тадбиркор Шаҳноза Эрназарова. — Яратган либосларимга муносиб баҳони таниқли дизайнерлардан олишда унинг аҳамияти катта. Керакли тавсиялар эса лойиҳамни мукаммаллаштиришга ёрдам беради. Аммо нотўғри тавсиялар, баҳолар ҳам учраб туради. Буни тўғри қабул қилиш лозим. Чунки ҳар хил одам ҳар хил тавсия беради. Уларнинг ичидан фойдалисини ажратиб оладиган, зарарига кўз юмадиган «фильтр»имиз ишлаши лозим. Бунинг учун дунёқарашимиз кенг, мақсадимиз аниқ ва фуқаролик позициямиз қатъий бўлмоғи шарт. Шундагина тармоқнинг фойдали томонларини англашимиз мумкин.

Демак, маслаҳат олиш ёки беришнинг ўз тартиб-қоидаси бор. Аввало ўзи билган кишининг йўл-йўриғи кўзланган манзилга элтади ёки муаммосига ечим бўла олади. Аммо тармоқдаги маслаҳатнинг мақсади, ғояси, нафи нуқтаи назаридан саралаш, маъқул кўриш фойдаланувчининг дунёқараши, оиласида олган тарбияси, ўз ўрнини тўла англашига боғлиқ. Бундай хусусиятларга эга инсонларни ҳеч ким танлаган йўлидан адаштира олмайди.

Замира РЎЗИЕВА.

Мақола 643 марта ўқилган

1 Trackbacks & Pingbacks

  1. hordiq.uz

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*