Илк танишув

photo_2016-10-07_11-12-50Лицейдаги уч йиллик ҳаётимиздаги энг яхши ўқитувчилардан бири Қиличевнинг дарсида илк бор!

Лицейга кириш имтиҳонларига “тайёрлов” курсига қатнаётганимизда ҳам бу ўқитувчи ҳақидаги “жуда қаттиққўл ва талабчан, битта гапинг ёқмаса борми, нақ баҳо ололмайсан, жуда феъли оғир, нечта ўқувчиларни ҳайдаттириб юборган, нечтасини баҳосини қўйиб бермай, курсдан курсга ўтқизмаган” деган қўрқинчли таърифларни эшитган эдик. Албатта, 15-16 ёшлилар учун бу гаплар анча ваҳимали эди ўша пайтларда. Мана биринчи дарс! Қўнғироқ чалиниши билан, боядан бери журнал тўлдираётган устоз шарт ўрнидан туриб, ҳудди минбарда нутқ сўзлаётгандай доска марказига туриб, гап бошлади:

-Ҳаммаларингга, Ассалому алайкум! Мен Қиличев У… ( Исмларини тўлиқ келтирмадим), ёшим йигирма еттида. Биринчи йил дарс беришим эмас, сиздака ёшларни нечтасини кўриб, ўз чиғириғимдан ўтказганман. Ҳозирча конституция, кейин тарих фанидан сизларга дарс бераман. Олдиндан айтиб қўяй, фақат билимнинг ўзи камлик қилади, энг асосийси одоб! Талабларим қатъий, дарс ўтиш услубим ёқмаса, бемалол бошқа ўқитувчини маъмуриятдан сўрашингиз мумкин. Энди уч қатордан биттадан туриб, ўзингизни таништиринглар!

У шундай дея, жойига ўтириб, биринчи қатордаги курсдошимизга туришга имо қилди. Мен биринчи қатор, тўртинчи партада ўтиргандим.

Чап тарафда дераза қия очилган, тоза ҳаво кириб турарди. Менга гал келгунча ҳали анча бор дедиму, синфхонани кўздан кечира бошладим: бошқа синфхоналаридан деярли фарқ қилмасди. Бир маҳал кўзим дераза пардасига қўниб олган чигирткага тушдию, юрагим шув этди. Юрагимнинг дупури тезлашиб, ўзимга сезиларди, қайта пардага қарамасликка уриндим, қанча ҳаракат қилмай, шабада уни қимирлатса, баттар ваҳима босарди. Ўзи кичиналигимдан ҳашоратларга юрагим йўқ. Ёнимдаги дугонамга чигирткани кўрсатгандим, жойимизни алмаштирайлик таклифимни айтмасимдан, шартта ўрта қатордаги охирги партага ўтириб олди.

Ичимда “мана оқибат” дедиму, уни жойига сурилиб олдим, лекин барибир юрагимда ваҳима — ўтиролмадим. Олдинги партада  Аброр ва Нуриддинлар ўтиришарди. Уларга “жой алмашайлик” дея пичирладим: “нега” деяверганларига чигирткани кўрсатгандим, улар мийиғида кулиб қўйишди. Аброр аста ёнимдаги жойга ўтирди, Нуриддин сурилди ва мен унинг жойига — битта олдинга ўтирганимни биламан, “Ей, қиз, туринг ўрнинггиздан” деган устознинг овози келди. Ҳамма менга қараган: Учинчи қаторда ўзини таништираётган курсдошим ҳам бир энсасини қотирди. Мен худди гуноҳ иш қилиб қўйгандек, бошимни бироз эгиб, ўрнимдан турдим.

-Менга қаранг, сизга одоб-аҳлоқни ўргатишмаганми? Ё дарсдалигингиз эсингизда йўқми, боядан бери бир нималар қиляпсиз? Нима курсдошларингизни ҳурмат қилмайсизми? Устозингизничи?  Устознинг гаплари заҳаргина, тешиб ўтди. Ийманибгина “пардада катта чигиртка турган экан, устоз!” десам, жим ўтирган синф хавотирга тушиб, пичир- пичир гаплар шовқинлай бошлади. Устоз “ҳа, шунақами” дейиши билан, Аброр тилга кирди:

Устоз, мен олиб ташлайми?

-Ҳа, деди устоз, менга ўтириш ишораси бўлгач, мен ўрнимга маҳкам ўтириб олдим ва ортимда нималар бўлаётганлигига қарамасликка уринардим. Қўрққаним бўлди…

Чап елкамга нимадир енгил қўнди, қараганимни биламан, ҳалиги дахшатли ҳашарот елкамда турибдида, жон- поним чиқиб кетай деди, овозимни борича чунонан бақирдимки……., бир нималар бўлиб кетди:  чинқириқ аралаш “оп таша, оп таша” дейман. Яна йиғлаябман, билмайман қаердан шунча қобилият қисқа сонияларда!?

Юзимни қўлларим билан беркитиб олганман… Гўё, кўзимни очсам,  ўша чигиртка мени еб қўядигандек… Пиқиллаб йиғлаябман, Аброрнинг “олиб ташадим” деган овозини эшитгач, елкамга қарасам, ҳеч нарса йўқ, шунда ҳам ишонмай  атрофимга кўз югуртириб чиқдим: қарасам,биринчи, иккинчи қатор парталар бўм- бўш, учинчи қатор олди парталарида 3-4 ўқувчи бор.

Устозимиз ўрнидан турганча деворга суяниб қолган: ҳавотирда қараб турибди, ҳамма каридорга чиқиб олган: сумка, дафтар китобларни қўлтиқлаганча эшикдан мўралаб турибди. Мен ҳамон ўзимдамасман пиқиллаб, зўрға нафас олябман, атрофимга бир назар ташлаб, яна йиғлашга тушаман… Шу пайт миямга яшин тезлигида, кеча геосиёсат дарсида Аброр билан бир- биримизнинг фикримизни ёқламай тортишганимиз эсимга тушдию, ортимга ўгрилиб, ўзимни йиғидан тўхтатолмай “Атайин устимга отвординг, кеча ўзи аламинг қолиб кетганди, шунинг учун ҳам мен олиб ташлайман” дединг-а? дея гапириб кетдиму… Ҳеч ким, ҳеч нарса кўзимга кўринмаяптида, ўша пайтда. Дарров қизлар атрофимда пайдо бўлишган, мени юпатишга ҳаракат қилишяпди, мен эса ҳеч тинчланай демайман, Аброрни кўрсатиб, бир нималар дейман, қаттиқ қўрқиб кетганлигимни кўрган устоз менга сувлар олиб келтирди, орада ўзи ҳам юрагини ушаб қўяди, ўзи ҳам дори ичиб юбордиёв…

Танаффусга қўнғироқ чалингунча мен йиғидан тўхтамадим, қолганлар ўзларини қисқагина таништиришди. Дарс тугагач, устоз мен ва Аброрга “сизлар қолинглар” дедида, курсдошимга роса насиҳат қилди. У “Олиб ташламоқчийдим, қўлимдан учиб кетди” дея ўзини оқлайди. Мен чидолмайман, “Алдама, атайин отиб юбординг устимга” дейман. Устоз уни гапиришига қўймайди. “Одам соғлом кўрингани билан лекин юрак нозик бўлади. Шунақа ҳам калтафахмлик қиласанми? Бу қизни  юраги ёмон бўлиб,ўлиб қолса, нима бўларди?  Ота-онаси нақ умрингни қамоқда чиритардия, сен болани. Қўлингга дипломатларни кўтарволиб шунақа иш қиласанми? Кечирим сўра, шу қиз кечирмагунича хонадан чиқмайсан” — деди. Бечора курсдошим ўшанда роса кечирим сўраганди. Мен эса “ҳеч қачон, ўла-ўлгунимча кечирмайман” дея пиқиллардим. Устоз кейин менга, насиҳат қилди: “Бўлди-да, энди одамми юрагини сиқвордиз, нақ 80 минутдан бери йиғлаяпсиз. Бўлди, сизам кечирдим демагунингизгача кетмайсиз уйингизга” -деди. Шу билан ёлғондан “кечирдим” дедиму, хонадан чиқиб кетдим. Курсдошим ортимдан югуриб чиқиб, “ростан кечирдингми?” деб, хурсанд бўлиб келганди, “ҳеч қачон, эртага дадам келадилар, кўрасан дабдалангни чиқарадилар” деганимни биламан, у яна тарвузи қўлтиғидан тушиб, ортда қолиб кетганди…

Шу-шу ҳамма мен билан эҳтиёт бўлиб муомала қиладиган бўлди, айниқса устоз! Ўшанда устозни юраги сал қолса, ёрилай деган экан. Биринчи танишув куни шунақа унитилмас бўлганди. Ҳозир эсласам кулгудан ўзимни тўхтатолмайман…

Зиёда Зияева

Мақола 800 марта ўқилган

2 Комментариев для Илк танишув

  1. Buni o’qib, litseydagi o’qish davrimga xayolan sayohat qildim…
    Original — haqqoniy va hayotiy yozilgan.
    Ziyoda opa avtobiografik hikoya uchun rahmat!

  2. раима раззакбергенова // Октябрь 20, 2016 в 5:16 пп // Ответить

    Сирдарё вилоят гулистон шахар

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*