Илк саргузашт

0Қизиқ, бошдан ўтган воқеалар вақт ўтиши билан одамнинг хаёлидан ҳам кўтарилиб кетаркан! Ҳатто минглаб турфа кечинмаларга гувоҳ бўлган бутун бошли йиллар ҳам аста-секин унутилиб кетиши мумкин экан. Болаларнинг мактаб томон боришаётганини кўриб туриб, ўзимнинг ўқувчилик давримни бир эслаб қўйиш хаёлимга ҳам келмайди. Борди-ю, гимназия талабаларига кўзим тушгудек бўлса, ўзимам бир вақтлар шуларга ўхшаган талаба бўлганимни эслаёлмайман ҳам.

Машинасозларнинг ўз устахоналарига ёки бўл­масам ҳавойи, бебурд ишбошиларнинг ўз идораларига эринибгина кириб кетишаётганини кўриб тураман-у, ўзимнинг ҳам бир замонлар ана шундай йўллардан юрганим, эгнимга ҳаворанг коржома илиб, ишлаганим ёхуд тирсаклари ялтираб кетган кител кийиб, котиблик қилганимни паққос унутиб қўяман.

Ёки китоб дўконида Дрездендаги Пьерсон нашриётида чоп этилган ўн саккиз ёшлиларнинг қаламига мансуб ғалати ва ўзига хос мўъжазгина шеърий тўпламларни кўздан кечирарканман, ўзим ҳам бир вақтлар шунга ўхшаш шеърлар ёзиб, худди ўша ноширнинг қармоғига илинганман-ку, дея бирров ўйлаб кўриш хаёлимга ҳам келмайди.

Ҳа, қачонлардир сайр қилиб юрган чоғим ёки поездда бирон ёққа бораётган пайтим ёхуд уйқусиз тунда ҳаётнинг аллақачон унут бўлган бир парчаси ўзининг барча майда-чуйда, икир-чикир тафсилотлари билан, исм ва жой номлари, шовқин-сурон ҳамда ўзига хос ҳид-бўйлари-ла гўёки жиҳозлар билан безатилган саҳна сурати янглиғ “ярқ” этиб кўз олдимда намоён бўлмагунга қадар.

Ўтган тунда худди шундай бўлди. Ўз бошимдан ўтган бир воқеа, гарчи у ўшанда аниқ-тиниқ ёдимда қолган ва мен буни ҳеч қачон унутмайман, деб ўйлаган бўлсам ҳам, ўтган йиллар мобайнида бутунлай хотирамдан фаромуш бўлган эди, нақ кўз ўнгимда қайтадан жонланса денг… Худди китоб ёки қаламтарошинг бехосдан йўқолиб қолади-ю, аввалига унинг изиниям тополмаганинг, сўнг уни бутунлай унутиб ҳам юборишинг, кейин кунлардан бир кун кутилмаганда ғаладондаги эски-туски лаш-лушлар орасида “лоп” этиб олдингдан чиқиб қолгани каби.

Мен ўшанда ўн саккиз ёшда эдим, ўқишим тугаб қолаёзган, машиналар таъмирланадиган чилангарлик устахонасида амалиёт ўтардим. Танлаган соҳам бўйича узоққа боролмаслигимни сезганим учунми, ўз касбимни ўзгартиришга қатъий аҳд қилган эдим. Буни отамга ётиғи билан тушунтириш учун қулай фурсат топилгунга қадар, корхонада қолиб ишлай бошладим. Бироқ кетиши маълум бўлган, тўрт томони қибла одамга ўхшаб, гоҳ худ, гоҳ бехуд, ишни қўл учида бажарардим.

Устахонамизда бир кўнгилли шогирд бола ҳам ишларди. Унинг бирдан-бир зўр “фазилати” – қўш­ни шаҳарчада яшайдиган бой хоним билан қариндошлиги эди. Фабрикантнинг ёш беваси бўлган бу хоним кичикроқ чорбоғда истиқомат қилар, унинг ҳашаматли улови ҳамда салт оти бўлиб, ўзига бино қўйган ва ғалати табиатли эди, чунки у эзма, сергап, ғийбатчи хотинлар даврасига қўшилмас, бунинг ўрнига от минар, балиқ овлар, лолалар етиштирар ва ҳовлисида сенбернар (юнги узун катта ит)ларни сақларди. Хоним ҳақида турли гап-сўзлар юрар, айниқса, унинг Штутгарт ва Мюнхен томонларга тез-тез бориб туриши, у ерларда давраларнинг “гули” эканлиги маълум бўлгач, одамлар энди унинг номини ҳасад ва алам билан тилга ола бошлагандилар.

Не ажабки, хоним ўзининг жияни ёки амакиваччаси ё холаваччаси бўлмиш йигитчани қора тортибми, ишхонамизга уч марта келиб, бу ердаги асбоб-ускуна ва машиналарни томоша қилиб кетган эди. Тўладан келган, барваста бўйли, ташқи кўриниши ғоят гўзал бу аёл ҳар гал келганда каминада катта таассурот қолдирарди, негаки, ясан-тусан, пардоз-андозлари ҳар доим жойида, буям етмагандек, дуд, ис босган хоналаримиз бўйлаб оҳиста қадам ташларкан, ҳар нарсага ўта қизиқувчанлик билан боқиб, ғалати-ғалати саволлар берар, шунда унинг оқ-сариқ юзи ниҳоятда сўлимлашиб, қилиқлари бўш-баёв қизларни ёдга соларди. Бизлар эса, эгнимизда мой теккан ишкийим, юз-кўз ва қўлларимиз қора ёғ, бамисоли нақ маликанинг ўзи ташриф буюргандай, нима қиларимизни билмай, серрайиб тек қараб тураверардик. Қолаверса, бу нарса бизнинг қарашларимизгаям тўғри келмасди, бунга ўзимиз ҳам ҳар гал иқрор бўлар эдик.

Шундай кунларнинг бирида шогирд йигитча тушки танаффус пайти олдимга келиб:

– Якшанба куни холамникига меҳмонга бормайсизми? Шахсан ўзлари таклиф қилдилар, – деб қолди.

– Таклиф қилди дейсанми? – ҳайрон бўлиб сў­радим мен. – Ҳой бола, менга бунақанги бўлмағур ҳа­зил қилмагин, хўпми, йўқса, бурнингни ерга ишқаб, адабингни бериб қўяман-а.

Йўқ, у ҳазиллашмаган эди. Ҳақиқатан ҳам хоним каминани якшанба куни кечқурунга меҳмонга таклиф этибди. Соат ўндаги поезд билан бемалол қайтиб келсак бўларкан, башарти узоқроқ қолиб кетадиган бўлсак, бека бизга уловини бериб туришга ҳам бажонидил рози экан.

Дабдабали улов эгаси, бир хизматкор, икки нафар оқсоч, извошчи ва боғбоннинг хўжайини бўлмиш бундайин хоним билан танишиб, борди-келди қилиш каминанинг ўша пайтдаги дунёқарашига кўра, ғирт аблаҳлик бўлур эди, бироқ бу нарса қизиқ устида таклифга розилик бериб юборганимдан сўнггина эсимга келди, бунинг устига, кўчалик, яъни бирор жойга борганда ёки байрамларда киядиган сариқ рангли кос­тюмимни меҳмонга кийиб борсам, ярашадими-йўқми, деб ўйланиб ҳам қолдим.

Шанбага қадар кунларни шу тариқа кучли ҳаяжон ҳамда қувонч билан елиб-югуриб ўтказдим. Сўнг мени бирданига қўрқув чулғаб олди. Мен у ерда нима дейман, ўзимни қандай тутишим, хоним билан қандай гаплашишим лозим? Фахр-ифтихорим бўлган костюмимга бундоқ разм солиб қарасам, ҳаммаёғи ғижим, доғ-дуғ босган, ёқаларим эса тўзиб, яғири чиқиб ётибди. Бундан ташқари, шляпам ҳам эски, кийилавериб титилиб кетган эди. Асосий, мақтангудек бор бисотим – бир жуфт учи ўткир қўнжсиз ботинкам, оч қизил тусли, ярим ипак бўйинбоғ билан четлари никелланган пенсне эса буларнинг ўрнини босолмаслиги кундай равшан эди.

Якшанба куни кечки пайт икковлон Зетлингенга қараб пиёда йўлга тушдик, камина ҳаяжон ва хижолатдан бир аҳволда эдим. Ниҳоят, чорбоғга етиб келдик. Олдида чет эл қарағайлари ва сарв дарахтлари ўсиб ётган панжара тўсиқ ортидан эшитилган итларнинг ҳуриши дарвоза қўнғироғининг овози билан қўшилиб кетди. Хизматкор бир сўз демай, бизни ичкарига киритди, унинг хушламайгина қилган муомаласи етмагандай, улкан сенбернарлар ҳам еб қўйгудек бўлиб, тинмай ирилларди. Беихтиёр қўрқа-писа қўлларимга қарадим, уларни бир неча ойдирки, тозалаб ювишга ҳам ҳафсала қилмаган, фақат шу бугун, бундан атиги ярим соат олдин суюқ совун билан керосинда апил-тапил чайиб олгандим, холос.

Эгнига оддийгина, оч ҳаворанг ёзлик кўйлак кийиб олган бека бизларни хос меҳмонхонасида қарши олди. У иккаламиз билан қўл бериб сўрашаркан, ўтиришга таклиф қилди ва кечки овқат ҳам ҳадемай тайёр бўлиб қолади, деди.

– Нима, сиз узоқни кўролмайсизми? – сўраб қолди хоним мендан.

– Ҳа, бир оз.

– Биласизми, кўзойнагингиз сираям ярашмабди.

Мен пенснемни ечиб, чўнтагимга солиб қўйдим, қовоқларим ўз-ўзидан осилиб кетди.

– Соци ҳаммисиз? – савол беришда давом этди хонадон бекаси.

– Социал-демократ, демоқчимисиз? Ҳа, шундай.

– Нега энди?

– Эътиқодим сабабли.

– Эҳа, шундайми. Лекин бўйинбоғингиз ажойиб экан… Хўш, энди овқатланамиз. Қоринларинг ҳам ро­­са очиққандир?

Қўшни хонада уч кишига мўлжаллаб дастурхон тузаб қўйилган эди. Уч хил қадаҳларни истисно қилганда, стол устида каминани ҳайрон қолдирадиган деярли ҳеч нима йўқ эди. Каллашўрва, лаҳм мол гўштидан қилинган қовурдоқ, сабзавот, салат ва пирог, буларни мен ҳеч хижолат бўлмасдан, бемалол тановул қила олар эдим. Винони эса уй бекасининг ўзи қуйиб, узата бошлади. Тамадди пайтида у фақат жияни билан сўзлашди, мен эса, мазали таомларни еб, май ичгач, кайфиятим кўтарилган, энди ўзимни худди уйдагидек эркин ҳис қилиб, бамайлихотир ўтирардим.

Овқатдан сўнг, май ичилган қадаҳлар яна меҳ­монхонага олиб келинди. Каминага ажойиб сигарани қизғиш-тилларанг шам шуъласида ёндириб узатишгач, хотиржамлик ўрнини ёқимли хушкайфият эгаллаб, оғзим ланг очилиб қолди, анграйиб хонимга аста разм сола бошладим, у шунақанги сулув эдики, ғурурланиб кетганимдан шу дамда ўзимни нақ жаннатга тушиб қолгандек ҳис этардим, бундайин туйғу ҳақида эса илк бор ишқий ҳикоя ва романлардан ўқиб, хира тасаввур ҳосил қилгандим.

Хоним билан суҳбатимиз қизиб кетди, мен унинг социал демократия ва қизил бўйинбоғ ҳақидаги му­лоҳазаларини эслатиб, ҳазиллашишга ҳам журъат қилдим.

– Сиз бутунлай ҳақсиз, – деди у менга майин жилмайиб. – Эътиқодингиз ўзингизга буюрсин, аммо биласизми, бўйинбоғни ундоқ эмас, қаранг, мана бундоқ боғлашингизни маслаҳат берган бўлардим.

Хоним шундай деб, ўрнидан турди ва мен томонга энгашиб, иккала қўли билан бўйинбоғимнинг у ёқ-бу ёғини тўғрилашга тушди. Бир маҳал унинг икки бармоғи кўйлагим орасидан аста сирғалиб ўтиб, кўксимни сийпаётганини сезиб, қўрқиб кетдим. Юрагим гупиллаб ура бошлади, даҳшатга тушиб, унга қарадим, у эса бармоқларини кўкрагимга яна бир босди-да, индамай кўзларимга тикилиб қолди.

Оббо бекаси тушмагур-ей, ўйладим ичимда, сер­завқ аёл экан-ку.

У ортга тисланиб, ўзини бўйинбоғни томоша қи­лаётганга солди, аслида эса икки кўзи менда, нигоҳи жиддий ва қатъий, ҳатто бир неча бор бош ирғаб, нимагадир ҳимо қилди.

– Менга қара, – деди у сўнг, қандайдир журнални варақлаб ўтирган жиянига юзланиб, – юқорига чиққин, муюлишдаги хонада қутича бор, ўшани олиб туш, ҳа, бўлақол.

Йигитча кетиши билан бека кўзларини бақрай­тириб мен томон аста яқинлашди.

– Эҳ, сен! – деди у секин ва майин овоз билан, – бирам ёқимтойсанки…

Сўнгра у юзини юзимга яқин опкелди, шунда бирдан лабларимиз беихтиёр оташ бўлиб, бир-бирига унсиз чиппа қапишди ва… бу ҳолат бир неча бор қайта такрор бўлди. Мен уни, барваста гўзал хонимни ўзимга тортиб, маҳкам қучдим, у эса, кўзлари ёниб, ёш қизлар каби яшнаб кетди, лабларини лабларимга босиб, менга ўтли бўсалар ҳадя қилди.

Жиян қутичани олиб тушгач, учовлон ўтириб, шоколаддан бас бойлашиб соққа ўйнашга киришдик. Хоним очилиб, гапга тушиб кетди, мен бўлсам, нафасим бўғилиб, миқ этмай ўтирар, у эса ҳар соққа ташлаганда менга тегажоғлик қилиб ҳазиллашар, гоҳида стол остидан қўлини узатиб, бармоқларимни ўйнар ёки тиззаларимни аста сийпалаб қўярди.

Соат миллари ўнга яқинлашгач, шеригим энди қайтамиз, деб қолди. Шунда хоним менга маъноли бо­қиб:

– Сиз ҳам кетмоқчимисиз? – деб сўради.

Камина ҳали бунақанги ишқ савдосидан бехабар эмасманми, нима дейишни ҳам билмай, дудуқланиб, аста ўрнимдан турдим.

– Ҳа, майли, нимаям дердим, – сўз қотди бека.

Биз эшик томон юрдик, бироқ ҳамроҳим остона ҳатлаб улгурмаёқ, хоним қўлимдан ушлаб, мени ўзига тортаркан, маҳкам қучоқлаб олди, сўнг қулоғимга секин шивирлади:

– Эсинг борми ўзи, ҳой, эсингни йиғ!

Мен анқов ўшанда бу сўзларнинг маъносини ҳам тушунмабман.

Биз мезбон билан хайрлашиб, поезд бекати томон югурдик. Чипталарни олгач, шеригим тезда вагонга чиқволди. Менинг эса шу дамда негадир ёлғиз қолгим келди. Эндигина пиллапоянинг биринчи поғонасига чиққандим, машинистнинг ҳуштак чалгани эшитилди, шунда узоқ ўйлаб ўтирмай, ерга сакрадим ва поезддан қолиб кетдим. Чор-атрофга аллақачон зимистон тун ўз чодирини ёйган, ҳеч нимани кўриб бўлмасди.

Маъюс ва паришон бир алфозда ортимга қайтиб, узун дала йўли бўйлаб югургилаб кетдим, чорбоққа етгач, таниш панжара ёнидан ўғрига ўхшаб пусиб ўтдим. Аслзода хоним мени севиб қолибди! Кўз ўн­гимда бирданига сеҳрли ўлкалар намоён бўлди, шу чоқ чўнтагимга қўл солгандим, тасодифан ўша никелли пенсне илиниб қолса, уни жаҳл устида кўчадаги чуқурча томон отиб юбордим.

Кейинги якшанба куни шогирд йигитчани яна – бу гал тушликка таклиф этишди, мени эса ҳеч ким йўқламади. Хоним ҳам устахонамизга қайтиб қадам босмади.

Яна чорак йил мобайнида якшанба кунлари ёхуд кеч оқшом пайтлари Зетлинген тарафларга тез-тез бориб-келиб турдим, ҳар гал борганимда ўша панжара тўсиқ ёнидан ўтиб, боғ атрофини айланардим, сенбернарларнинг вовуллашини ҳамда хориж дарахтлари узра таралаётган шамол қўшиғини тинглардим, ногоҳ хоналар ичра ёниқ чироқ нурларига кўзим тушса: зора кўриб қолса, ахир мени севади-ку, дея умидвор бўлардим. Бир куни уй ичкарисидан пианино мусиқасининг майин ва аллаловчи оҳанглари янгради, уни тинглаб туриб, деворга суянган кўйим йиғлаб юбордим.

Бироқ шундан кейин дарбон каминани итлардан ортиқ ҳимоя қилмади ва уй ичига ҳам бошқа олиб кирмади, хонимнинг қўллари бармоқларимни ортиқ сийпамади, лаблари эса менга бошқа бўса ҳадя қилмади. Буларнинг бари фақат тушдагина, ҳа, тушимда бир неча бор қайта намоён бўлди, холос. Кеч кузда эса, чилангарлик ҳунари билан хайр-маъзур қилиб, эгнимдан ўша кўкимтир коржомани бир умрга ечиб ташладим ва бу ердан узоқ-узоқларга – бошқа бир шаҳарга жўнаб кетдим.

Ҳерманн Ҳессе

Немис тилидан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси.

 

Ҳерманн Ҳессе — Жаҳон адабиётининг йирик намояндаларидан бири, Нобель мукофоти соҳиби. “Чўл бўриси”, “Маржонлар ўйини”, “Ғилдираклар остида”, “Демиан” каби асарлари дунё китобхонлари орасида машҳурдир.

Мақола 309 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*