Икки ойлик чақалоқнинг баҳоси қанча?

420x232_article_1481869410_TpXKoh

Бугун одам савдоси давр муаммосига айланиб улгурди. Инчинун бундай “фаолият” билан шуғулланувчилар орасида ўз фарзандини ҳам сотиб юбораётганларнинг учраётганлиги жуда ачинарли. “Ҳуқуқ” газетасининг жорий йилдаги 45-сонида Орзигул Жумаева (исм ва фамилиялар ўзгартирилган)нинг тубан қилмиши мисолида бунга яна бир бор амин бўласиз.

Орзигул 1993 йилда ғузорлик Эргаш исмли йигитга турмушга чиқиб, тўрт нафар фарзандли бўлганда болаларининг барчасини эрига ташлаб ажрашиб кетди. 2014 йилда ишлаш учун Новосибирскка кетиб, ўша ерда деҳқонободлик бир эркак билан танишиб, бирга яшади. Ундан ҳомиладор бўлиб қолгач, 2015 йилнинг бошида уйига қайтди. Ойлар ўтиб, фарзанди Равшан туғилди ва Орзигул онасининг уйида яшай бошлади. Тирикчилик ташвишлари кўпайиб, дўконлардан қарзга ботди ва Орзигул яна сафар тараддудига тушди. Аммо …

ҚУЛОҚҚА ХУШ ЁҚҚАН БАШОРАТ

—  Россияга яна ишга кетишим керак, — бемор боласини фолбинга кўрсатгани келган Орзигул нолий кетди.

—  Болангиз билан қийналиб қолмайсизми? — деди Нигора фолбин унинг қўлидан ҳали икки ойлик ҳам бўлмаган чақалоқни олиб.

—  Билмасам, — чайналди Орзигул…

Боланинг иссиғи баланд, қорни дам бўлган, тагликлари тўлган, кийимлари ҳам бир аҳволда эди.

— Раҳима кеча бир дугонасини етаклаб келибди, дея гапида давом этди Орзигул. — Бухородан, дейди. Кейин билсам, Косондан экан. Тирноққа зор эмиш. Болангизни барибир боқа олмайсиз, унга беринг, харажатларини берамиз, дейди. Бошим қотди. Ўйлаб кўрай, эртага хабар олинглар, дедим…

—  Болангиз сизга эмас, бошқа аёлга кўринаяпти, — деди Нигора фолбин конфетлар билан фол кўриб. — Раҳиманинг гапи тўғри. Барибир бу аҳволда болангизни боқа олмайсиз. Сизга ортиқча юк бўлади. Уларга бериб юборинг. Ташвишидан қутуласиз…

2 МЛН. 800 МИНГГА БАҲОЛАНГАН ТИРИК ЖОН

Косонлик Адолат Бўронова турмуш ўртоғи Мансур билан ўн саккиз йил бирга яшашди. Шу йиллар давомида уларнинг хонадонида чақалоқ йиғиси эшитилмади. Ажрашиб кетиш жуда оғир эди.

Шундай кунлардан бирида мубораклик таниши Раҳимадан қишлоқларида Орзигул исмли бир аёл Россияда иш¬лаб келиб, фарзандли бўлгани, боласини боқишга имконияти йўқлиги ҳақида эшитиб, ичи чироқ ёқилгандай ёришиб кетди. Дарҳол Ра¬ҳима билан йўлга отланишди.

Орзигулни қидириб борган икки аёл уни фолбиннинг уйидан топишди. Эшиги очилиб, Раҳима, унинг изидан Адолат кирди.

Гурунг узоқ давом этди. Ра¬ҳима яна «ўша масала»да келишганини айтди. Адолат кўзига ёш олиб ялинди. Нигора фолбин ҳам уларга қўшилиб, барибир боласини боқа олмаслигини, бу аҳволда нобуд қилиб қўйишини айтиб, Адолатга берса яхши бўлишини таъкидлади.

Орзигул бироз ўйланиб туриб, Россияга кетиш учун ҳужжат тўғирлаш, қарзларидан қутулиш учун 2 млн. 800 минг сўм кераклигини айтди. Адо-лат сумкасидан 1 млн. 300 минг сўм ва 300 АҚШ доллари чиқариб берди. Орзигулдан болани ўз ихтиёри билан берганлиги, бу ҳақда ҳеч қаерга шикоят қилмаслиги тўғрисида тилхат ёздириб олди.

СЎНГГИ ПУШАЙМОН

Орзигул пулдан 300 минг сўмини олиб, дўконларни айланиб, қарзларини берди. Кўз ўнгидан чақалоғи кетмади, уни яна кўргиси келди. Узоқ ўйланиб, Нигора фолбиннинг уйига қайтди. Пулларни олиб, боласи-ни қайтариб беришларини сўради. Аммо фолбин унга энди бунинг иложи йўқлигини айтди.

Орзигулнинг кўзига дунё қоронғу бўлиб кетди. Оёғини қўлига олиб, участка инспекторига югурди. Унга бўлган воқеани оқизмай-томизмай гапириб берди. Қилмишидан пушаймонлигини билдириб, боласини қайтариб олиб беришларини сўради.

ЎЙЛАМАЙ БОСДИМ ТИКАННИ…

Суднинг қора курсисидаги бу тўрт аёл икки ойлик норасиданинг ожиз аҳволидан фойдаланиб, уни бир буюм ё ҳайвондай баҳолаб, тақдири устидан ҳукм чиқариб қўйишди. Аммо суд чақалоқфурушлар устидан ўз ҳукмини эълон қилди. Жиноят кодексининг те¬гишли моддаларига кўра, Орзигул Жумаева ҳамда Адолат Бўроновага 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо шартли ҳисобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди. Нигора Муродова ҳамда Раҳима Жовлиева эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Уларга ҳам жазо шартли ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белги¬ланди. Жиноятга жазо муқаррарлиги аниқ, аммо гўдакнинг “Меҳрибонлик уйи”да қолишига сабабчи бўлган бу она энди ўзини кечира олармикин?

Мақола 1 012 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*