Ҳужжатдаги хато

0045

у бизни қачонгача таъқиб қилади?

Газетанинг навбатдаги сони чиққан куни таҳририятга қўнғироқ бўлди. Бир мақола учун интервью берган мутахассис муаллиф билан гаплашмоқчилигини айтди. Ҳамкасбим гўшакни олди, суҳбатдоши баланд овозда норозилигини айта бошлаганида бизлар ҳам беихтиёр можародан хабардор бўлдик: “Менинг фамилиям Ибрагимова! Иброҳимова эмас! Фамилиямни ўзгартириб ёзишга нима ҳақингиз бор?!”…

ИБРАГИМОВАМИ ЁКИ ИБРОҲИМОВА?

Хўш, бу баҳсда ким ҳақ? Ким хато қилди? Фамилияни имло қоидаларига асосланиб ёзган журналистми ёки ҳужжат билан айнанликни талаб қилаётган қаҳрамонми?
Газета — ҳаёт кўзгуси. У нафақат атрофимизда содир бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар беради, балки у орқали ўқувчилар онгига таъсир кўрсатади. Шу боис, газета учун нимани ёритиш билан бирга, қандай ёритиш масаласи ҳам жуда муҳим. У кенг омма аудиториясига мўлжалланган экан, ҳамма тушунадиган тилда, тўғри ва аниқликка асосланиши керак. Бу фақат газета илмининг талаби эмас, ўқувчининг ҳам талабидир. Айниқса, имло масаласида газета доим намуна вазифасини ўтаб келган. Бирор сўзнинг имлоси ҳақида баҳс кетганида, «Газетадан текшириб кўриш керак» ёки «Газетада бундай ёзилибди, демак шу тўғри экан» деган қарашнинг мавжудлиги бор гап. Шундай экан, юқоридаги ҳолатда фамилияни ҳужжатдагидай бериш хатони қонунийлаштириш эмасми? Бироқ қаҳрамонимизни ҳам айбдорга чиқариб бўлмайди. Ахир, ҳужжатда унинг фамилияси «Ибрагимова” бўлса нима қилсин?..
Афсуски, ҳужжат ва имлонинг мос тушмаслиги ҳамда шу билан боғлиқ муаммолар нафақат таҳририят ишида, балки кундалик ҳаётда ҳам тез-тез учрайди. Бу муаммо жамиятда қачон пайдо бўлди? Таассуфки, кеча эмас. Қарангки, ушбу масаланинг илк марта миллий матбуотимизда ёритилганига 100 йил бўлибди! Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Ойна» журнали 1914 йил 18 сонида чоп этилган «Жаҳолат дардларидан» сарлавҳали мақоласи айнан шу мавзуга бағишланган эди. Муаллиф “Абсамат”, “Обдурахмон”, “Нутфулло” (Лутфулло), “Жодугор” (Ёдгор), “Патхуллаларнинг исмлари “ҳужжатлар ва ҳукумат маҳкамаларида ҳам шул ғалат ва масхаралик ҳолатда” ёзилишини айтиб, ўша даврдаёқ бу муаммони ҳал этишга чақирган эди.
Мақоладан олинган ушбу парча, айниқса, эътиборга молик, муаллиф гўё бугун ҳақида ёзгандай: “Ажаб шулки, идорада ғалат ёзилиб келган исмларни тўғри ёзиб юборилса, эгалари рози бўлмайдур”… Бир аср ўтибдию, хатога «садоқат» ҳисси ўзгармабди…

ЎЛМАС УЛ ЭМАСМИ?

Мазкур мақолада Беҳбудий ўртага қўядиган савол айтиб ўтганимиздек, бугун учун ҳам долзарб: «Исмимизни билмаймиз! Нега?». Ўшанда муаллиф ўзи қўйган саволга киноявий тарзда шундай жавоб берганди: «Бизга ўргатмабдурлар”.
Авваллари хатолар давлат маҳкамаларида асосан ўзга миллатга мансуб кишиларнинг ишлаши билан изоҳланар эди. Бугунчи? Нега ҳануз бу муаммо учраяпти? Масалан, “ҳ” ва “х” ҳарфлари қатнашган исм-фамилияларнинг аксарияти хато ёзилган ҳолда расмийлаштирилмоқда. Қолаверса, шундай исмлар ҳам борки, уларнинг асл имлоси аллақачон унутилиб кетгандай: “Бобир”, “Машкура”, “Бегзод”, “Тимур”, «Немат”…
Исм нотўғри ёзилгач, табиийки, ундан ҳосил бўладиган фамилия ҳам бу қусурдан холи бўлмайди. “Раджабов”, “Сапаров”, “Касимов”, “Юлдашев”, “Артиков”, “Алимов”, “Садиков” каби. Ажабланарлиси, ўзининг ёки бобосининг (фамилиядаги) номи шу тахлит нотўғри ёзилиши уларни заррача оғринтирмайди, шекилли.
Хатолар шунчаки имло билан боғлиқ бўлса майли, баъзида улар луғавий маънога ҳам таъсир қилиши мумкин. Мавзуни ўрганиш мобайнида бу каби ҳолатларга дуч келдик. Чирчиқлик шифокор Ўлмас Сафаровнинг айтишича, паспортида исми “Улмас” деб ёзилган. «Ул» — ўғил дегани. Қибрайлик Дилобар Тўхтаохунованинг исми эса ҳужжатга кўра — “Дилбара”. Бундай исм эса умуман мавжуд эмас.
— Паспортимда исмим ҳам, фамилиям ҳам хато ёзилган, — дейди пойтахтлик тадбиркор Фарруҳ Нажмиддинов (1976 йил туғилган). — Бир эмас, бир нечта хато билан “Фарух Натжмитдинов” дейилган. Расмий ҳужжатларни тўлдирганда паспортдаги ёзувни айнан келтиришга тўғри келади, шунда ўз исм-шарифимни хато ёзишга уяламан. Аслида уни тўғрилаб такроран паспорт олиш ҳақида ҳам ўйлаганман. Бироқ бу кейинчалик расмий ҳужжатлар билан ишлаётганда қийинчилик туғдиради, деган хаёлда бу қарордан воз кечганман.
Бу каби фикрларни яна кўпчиликдан эшитдик. Айниқса, бирор кўчмас мулкка эгалик қилганлар ёки тадбиркорлик билан шуғулланадиганлар исм-фамилиядаги биттагина ҳарфни ҳам ўзгартиришга чўчишаркан. Айтишларича, бир ҳужжатда исмни тўғрилаш бошқа ҳужжатларга ҳам ўзгартириш киритишни тақозо қилади.
— Исм-шарифдаги имловий хатони тўғрилаш қийинчилик туғдирмайди, — дейди Чилонзор тумани 1 нотариал идораси ходими Васила Каримова. — Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва паспортнинг такроран берилишини сўраб тегишли идораларга ариза ёзилади. Исм-фамилия ўзгартирилгандан кейинги юритиладиган ҳужжатларга эса шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг дастлабкиси ва ўзгартирилгани, шунингдек, ўзгартириш сабаби қайд этилган маълумотнома илова қилинади.
«Айтишга осонда», — дерсиз. Ахир, расмий ҳужжатлар ҳақида гап кетганда кўз ўнгимизга идорама-идора юриш, сарсонгарчилик, эшиклар олдида соатлаб навбат кутиш кабилар келади. Қолаверса, бу ерда гап ҳужжат олиш эмас, борини тўғрилаш ҳақида кетганидан кейин, «шуниси ҳам бўлаверади» дейдиганлар топилади…

ХАТО ҲАМ МEРОСДИР

Чақалоқлар исмини ёзишда йўл қўйилаётган хатолар масаласига аниқлик киритиш мақсадида, туғилганлик гувоҳномаларини ёзиш тартиби билан қизиқдик. Хусусан, Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ бўлими фаолияти билан яқиндан танишдик.
— Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун келган ота ёки бошқа васий шахс чақалоққа қўйиладиган исмни аризада ёзма равишда тақдим қилади, — дейди Шайхонтоҳур тумани ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори Камола Содиқова. — Биз уни имло луғатларидан текширамиз. Агар хатолик бўлса, тўғри вариантни кўрсатиб, тушунтириш ишларини олиб борамиз. Ишимизда доим луғатга таянамиз.
Чиндан, иш столи устида имло луғати ва Эрнст Бегматов таҳрири остида чоп этилган исмлар китобини кўрдик. Хўш, луғатлардан фойдаланишса, хатолар нима учун камаймаяпти? Бу масалага буткул аниқлик киритиш мақсадида ФҲДЁ архивини ўрганганда, қизиқ фактларга дуч келдик. Бўлим ходимларининг берган маълумотларига қараганда, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномага боланинг фамилияси ота-онасининг паспортидан (агар бошқа фамилия берилмаса) кўчирилади. Бугун ФҲДЁ бўлимларида ота фамилиясидаги хато фарзандининг ҳужжатига тўғрилаб ёзилиши тартиби йўлга қўйилган. Бироқ қонунчиликка асосан, фақат ота-она розилиги билангина бундай ўзгартириш киритилиши мумкин. Ачинарлиси, олган маълумотларимизга қараганда, кўпчилик фамилиядаги хатонинг тузатилишини истамайди. «Хато бўлса ҳам, фамилиямиз бир хил бўла қолсин!» дейишади.
Архивни ўрганиш жараёнида яна бир қизиқ жиҳатга дуч келдик. Маълумки, қонунчиликка асосан, болага исм қўйиш ота-онанинг ҳуқуқидир. Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага ҳам исм ота-она қандай хоҳласа, шундай ёзилади. Айтайлик, исмнинг имло хато билан ёзилишини талаб қилиш ҳам ота-онанинг ҳуқуқидир. ФҲДЁ архивидаги ҳужжатларни ўрганиш жараёнида бунинг кўплаб мисолларига дуч келдик. Хусусан, Собиров Ҳусниддин қизи Хадичанинг исмини, ФҲДЁ ходимлари берган тушунтиришларга қарамасдан, «Ҳ» ҳарфи билан ёзилишини талаб қилган. Хусусан, аризада шундай дейилган: “Имлоси билан танишдим. Хато бўлишига қарамасдан, «Ҳадича» деб ёзилишини истайман”. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Афсуски, бу каби мисолларга кўплаб дуч келдик, “Бобир”, “Рано”, “Тимур”, “Камилла”, “Джасминаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ота-оналарининг ўз хоҳишига кўра ана шундай «тарихга муҳрланган». Согдиана (аслида Сўғдиёна), Ибрагим (Иброҳим), Боходир (Баҳодир) каби исмлар имлоси ҳам мана шундай камсаводлик маҳсулидир, десак адашмаймиз. Кейинги замонларда айрим ўзбек болаларига қўйилаётган Сабина, Рокшана, Руслан, Неймар(!) каби исмлар, энди бошқа масала…

ЎЗ(ИСМ)ИМИЗНИ ҲУРМАТ ҚИЛАЙЛИК

Ҳадисларда айтилишича, фарзандига чиройли, ма’нольи исм қўйиш ота-оналарнинг, хусусан, отанинг вазифасидир. Ўз даврида пайғамбаримиз исмидан шикоят қилиб келган кишиларга чиройли исм танлаб берган эканлар. Ота-боболаримиз исмларга толе яширин эканини ҳис қилганлар ва болаларини гўзал исмлар билан атаганлар. Афсуски, бугун айрим кишилар учун исмнинг маъносидан кўра, маънисиз бўлсада, унинг ялтироқлиги, жарангдорлиги муҳим, чоғи.
Яқинда устоз журналистлар даврасида ватанпарварлик хусусида сўз борди. Таниқли ижодкор Маҳмуд Саъдий шундай деди: «Ватанпарварлик баландпарвоз гаплар билан ифодаланмайди. Ёки у ғурур ёки ютуқларни олқишлаш ҳам эмас!» Устознинг сўзларидан таъсирландим. Ватанпарварлик асли нима? У нимадан бошланади? Ўйланиб қолдим: миллат равнақи йўлида кичик бир хатони тузатиш ҳам ватанпарварлик эмасми? Ватанпарварлик ўзликни англашдан бошланмайдими? Ўзлик эса, донолар айтмишки, авваламбор, ота-онанг берган номинг, исмингдир…

Моҳларойим ҚАЮМОВА,
«Ҳуррият” мухбири

Мақола 1 580 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*