Ҳайвонлар санашни билишадими?

photo_2016-10-12_10-50-09Уй ҳайвонларининг айримлари ўзига яраша фаҳм-фаросатга эга эканини биламиз. Аммо тиниб-тинчимаган олимлар буни илмий йўл билан аниқлашганига нима дейсиз? Аниқроғи, улар баъзи жонзотларнинг санай олиш қобилиятини текшириб кўришган.

Колумбия университети тадқиқотчиларининг кузатувлари шуни кўрсатдики, шимпанзе бешгача санашни биларкан. Масалан, санашга ўргатилган шимпанзе, тадқиқотчи нечта сўраса, қути ичидан ўшанча таёқчани чиқариб беради. Бир сафарида қутига тўрттагина таёқча солиб қўйишди, тажрибачи эса шимпанзедан бештасини сўради. У бечора сал ўйлаб турди-да, барибир йўлини топди: таёқчалардан биттасини синдириб иккита қилди ва сўралганидек бешта таёқчани узатди! Қаранг, маймун жонивор ўзининг ақлли эканлигини намойиш эта билган.

Умуман, одамсимон маймунларнинг барча турлари бошқа ҳайвонларга нисбатан сал ақллироқ. Агар уларнинг олдига миқдори турлича бўлган икки тўплам нарса қўйилса, ҳеч иккиланмасдан миқдори кўпроқ бўлган тўпламни танлашади. Кўплаб биологик тажрибалар ўтказган тадқиқотчилар шундай хулосага келишди: нафақат маймунлар, балки итлар ҳам санашни билишаркан. Буни бразилиялик олимлар илмий тажриба йўли билан исбот этдилар.

Американинг Аризона университети зоологи Ирен Паппербергнинг айтишича, унинг тўтиқуши саккизгача санай биларкан. Унинг олдига аралаштириб териб қўйилган кўк ва қизил кубиклардан айнан нечтаси кўк эканини адашмасдан айта оларкан. Шунингдек, бу ақлли қуш тўрт сони учдан катта эканини ҳам англаркан.

Саламандралар олдида турган иккита трубадан биттаси ичига иккита, иккинчисига учта мева солинган бўлса, бу жонивор учта мевали труба ичига кираркан.

Тажрибаларга каптарлар ҳам жалб этилган. Натижалар шуни кўрсатдики, улар олтигача санашни ўрганганлар. Каптарга битта-биттадан дон беришган, ҳар олтита мазали дон изидан битта аччиғини бериб кўришган. Ақлли қуш буни тезда пайқаб қолган ва ҳар еттинчи донни емасдан четга суриб қўяверган.

Канадалик зоолог Хенк Дейвис эса юмронқозиқнинг ҳам математик қобилияти борлигини исбот этган. Тажрибалар давомида бешта шаффоф (ичи кўринадиган) кубик ичига биттадан бештагача узум солиб қўйилган, юмронқозиқни эса шулардан фақат ичида учта узуми борини танлашга ўргатишган.

Тадқиқотчи Реми Шовен ҳаккаларни санашга ўргатиш тажрибаларини олиб борган. Буни қарангки, ҳаккалар нисбатан мураккаброқ масалаларни ечишгаям қодир эканлар. Махсус ўргатилган ҳакка олдига қутичалар териб қўйилган бўлиб, уларнинг қопқоқлари турли рангларда “қора, оқ ва яшил” эди. Қушни шунга ўргатишганки, қора қопқоқни очиб, қутичадан иккита донни, яшилидан учта, оқидан эса тўртта донни санаб олиб еган.

Берлин университети олимлари эса асаларилар ҳам санай олишини исботладилар. Уларнинг йўлига қаторасига тўртта бир хил объектни териб қўйишди, улардан учинчиси билан тўртинчисининг орасига ширин егулик жойлаштиришди. Ақлли ҳашаротлар улар устидан учиб ўтишаркан, учта объектдан сўнг ширинлик борлигини тезда эслаб қолишди.

 

Биология фанлари доктори Зориной лабораториясида эса қарғалар устида тажриба ўтказилди. Аниқланишича, улар тўрттагача бўлган сонларни бир-бирига қўшиш амалини бажара оларканлар.

Шунақа, атрофимиздаги табиатнинг табиий аҳолиси вакиллари ҳам озми-кўпми математик қобилиятга ҳам эга эканлар. Аслида эса ҳайвонлар нафақат санашни, балки қўшиқ куйлаш, рақсга тушиш, гапириш ва кулишни ҳам билишади. Улар ҳақида биз ҳозирча кўп нарса билмаймиз, аммо тиниб-тинчимаган олимлар жондорларнинг турли қобилиятлари устида тажрибалар олиб боришдан тўхтамаяптилар.

 

Интернет манбалари асосида «Mulohaza.uz» ижодкорлари тайёрлади

Мақола 373 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*