“Ҳар замонда…”

big_bossАжаб одамман-да. Мен ушлаган товуқнинг патини юлиб қўйганлар ҳам бор экан бу дунёда. 

Яқинда ишхонада хуноб бўлиб ўтирсам, котиба бир киши мени сўраб келганини айтди. Бирор таниш йўқлаб келгандир-да, деб ўйлаб, кирсин, дедим.

Бир одам ийманиб кирди, салом берди. Соч-соқоли ўсган, юз-қўлига тўрт-беш кундан бери сув тегмагани кўриниб турибди. Эгнида эски костюм, кўйлагининг бир ёқаси чиқиб ҳам турибди. Танимадим.

Ҳол-аҳвол сўрашгач:

— Хўш, хизмат ука, — дедим.

— Шу, ака, озроқ ёрдамингиз керак, — дея гап бошлади у. — Охирги пайтлар ҳар замонда рўзғорим қийналиб қолди.

— Ҳар замонда?

— Йўқ, тез-тез, деганим…

— Нима бўлди ўзи?

— Иш сўраб келувдим.

— Э, шундай демайсизми? — дедим унинг гапга нўноқлигидан энсам қотиб. — Иш, иш… Бизда йўқ-ку?

— Ака, фирмангизда иш кўп деб эшитгандим, илтимос, йўқ деманг.

Қарасам, у азбаройи куюниб-ўтиниб сўраяпти. Борган сари қорайиб, юз-кўзидаги Қам-андуҳ аломатлари кучайиб кетяпти. Жуда қийналган экан, деб ўйладим. «Кел, шу бечорага бир ёрдам қилай, савоб бўлади!»

—Ўзингиз нима иш қиласиз? Касб-корингиз нима?

— Мен техникумни битирганман, механикман.

— Э, мутахассислигингиз чатоқ-ку? Бизники савдо ташкилоти бўлса…

— Қоровулликка бўлсаям олинг, ака, – чин дилдан ялинди у. — Мен… ҳар замонда… яхши ишлайман!

— «Ҳар замонда» дейсизми?

— Йўқ, ҳар доим. Ҳар замонда шундай деб юбораман-да, энди…

— Айни пайтда фаррошнинг ўрни бўш, у куни кеча декретга кетди. Кейин­… ўринбосарим ҳам вакант… Яна..

— Мен ўринбосар ҳам бўлавераман, ҳар замонда! — кўзлари чақнаб кетди унинг. Кейин гапимни бўлганидан сал хижолат тортди, шекилли, нигоҳларини туфлисининг учига қаратди.

— Мутахассислигингиз…

— Ишонувринг, бир киришсам, уддалай оламан, ҳар замонда! — гапимни илиб кетди яна у. — Агар ишонсангиз, мен илгари главний механикнинг зами эдим. Ташкилотимиз ёпилиб, ҳар замонда… ишсиз қолдим.

— Савдони тушунасизми, ўзи?

— Тушунаман… ҳар замонда!

— Йўқ, бизда доим тушуниш керак бўлади, ука, — дея ҳазилга бурдим.

— Доим тушунаман, ҳар замонда… — деди уям сохта жилмайиб.

Энди жаҳлим чиқди:

— Ука, иложи бўлса, шу сабил қолгур «ҳар замонда»ни қўшмай гапиринг, илтимос. ЧалҚитаяпти одамни.

— Хўп. Ўрганиш бўп қолган, ака, узр, ҳар замонда…

— Бўлмаса, ука, сизни ўринбосарликка ололмайману, лекин бир иложини қилармиз.

Шундай деб «отделкадр» рақамларини тердим. Яқинда қишлоқдан кўчиб кетган бир бўлим бошлиғининг ўрни ҳалиям бўш экан. Шунга олмоқчи бўлдим.

— Умрингиздан барака топинг, ака, ҳар замонда, — деди у суюниб.

Айтишга айтдиму, унинг қўлидан бирор иш келишига шубҳаланиб тургандим. Ахир, ўзингиз биласиз — механика қаёқда-ю савдо қаёқда!

Яна ўйладим: бечора, яхши ишидан айрилиб, қийналган экан. Кўзи очилган бўлса, энди тинимсиз ишлаб, ўрганиб кетар. Бўшатиш бўлса, хамирдан қил суғургандай-ку!

Хуллас, уни табриклаб, қўлини сиқиб қўйдим. Эртадан бошлаб ишни бошлаши мумкинлигини айтдим.

У ўзида йўқ хурсанд, ишшайиб, қайта-қайта раҳмат айтди. Кейин худди томдан тараша тушгандай сўради:

— Ака, узр, қайси кунлари ишлаймиз ўзи?

— Ҳар куни! — дедим.

— Ишлаймиз, ишлаймиз, ҳар замонда… — деди у қуллик қилар экан. Кейин яна тилга кирди: — Яна бир гап сўрасам майлими?

— Сўранг.

— Шу… шу, ойлик ҳам берасизми?

— Берамиз, — дедим соддалигидан кулиб. — Ишлаганингиздан кейин­ оласиз-да!

— Ўар ойда берасизми, ҳар замонда?

— Ўар ой берамиз, хавотир олманг, ука! Ишласангиз бўлди.

— Эркакча гапингизми бу? — тиржайди янги ходим.

— Эркакча гапим! – дедим бўш-баёв бўлим бошлиҚининг елкасига қоқиб.

— Гапдан тониш йўғ-а, ҳар замонда? — саволлар қайнар хумчаси биқирлаб кетди унинг.

— Ҳе-е-еч қа-чон! — дедиму гапга нуқта қўйдим.

Шундай қилиб, у эртаси куни бир келди-ю икки ҳафта йўқ бўлиб кетди. Ойлик бериладиган куни пайдо бўлди. Жаҳл отига минган эканман, шу заҳотиёқ мажлис ўтказиб, бундай масъулиятсиз, сурбет ходимнинг таъзирини бериб, шарманда қилиб, ишдан ҳайдамоқчи бўлдим.

Қарасам, у тиржайиб ўтирибди. Баттар тутақиб кетдим.

— Сарманов, туринг ўрнингиздан! Нега илжаясиз? — дедим важоҳатим ортиб.

У ишшайиб ўрнидан турди.

— Нега ишга келмадингиз шунча вақт?

— Келдим-ку, ҳар замонда…

— Ишга киргандан кейин турқингизни атиги бир марта кўрсатдингиз?!

— Икки марта…

— Ўчиринг овозингизни!

У жим бўлди. Жаҳлим борган сари чиқиб кетяпти.

— Ёзинг аризангизни!! — дедим. — Бугундан бошлаб бу ерда қорангизни ҳам кўрмайин! Ойлик-пойлик берилмайди, ҳайф сизга!

— Ўечам ундай қилолмайсиз, ака! — деди у. — Ахир икковимиз келишган эдик-ку?

— Нима деб келишган эканмиз?

— Мен ҳар замонда ишлайман, деганман, сиз, яхши, маъқул, дегансиз. Мен ҳар ойда ойлик берасизми, ҳар замондами, деб сўраганман. Сиз ҳар ойда, дегансиз.

— Келишувимиз бўйича сиз ишлашингиз керак эди!

— Кечирасиз, келишувимиз бўйича мен ҳар замонда ишлаб, ҳар ойда маош олишим керак!

— Қанақасига?

— Эркакчасига…. — деди у кўрсаткич бармоғини сирли қилиб тепага ниқтаб.

Шу сўзни эшитдиму, ўша суҳбат ёдга тушиб, тилимни тишладим.

Ва мен ҳар қандай вазиятда ҳам тезкор қарор қабул қила оладиган раҳбар сифатида бўлим бошлиғини, яъни, тилгинангга чипқон чиққур Сармановни ишдан… бўшатмадим!

Шунақаси ҳам бўлиб тураркан, ҳар замонда…

Жасур Кенгбоев.

«Оила даврасида» газетасининг веб-сайтидан олинди.

Мақола 612 марта ўқилган

3 Комментариев для “Ҳар замонда…”

  1. жудаям қизиқарли маълумотлар учун раҳмат. Кайфиятим кўтарилди.

  2. кайфиятим кўтарилди сайтда мазмунли маълумотлар кўп экан

  3. ijodlaringizga omad

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*