Ҳақиқат — оддийликда

53877_800

Ҳақиқат — оддийликда

Яқинда танишларимиздан бири қиз узатди. Тўйга таклиф қилишганларининг кети узилмайди. Шундай пайтда дарвоза ёнига келиб тўхтаган «Мерседес» русумли автомобилдан тушаётган аёллар ҳамманинг диққатини тортди.

Тўй эгаси ҳам шошиб қолди. У ўзига ярашмаган эпчиллик билан бир зумда дарвозахонада пайдо бўлди. Таниган-танимаганлар ҳам ортиқча мулозамат кўрсатишиб, уларни ичкари уйга таклиф қилишди.

Улар раҳбар аёллардан кўра пул топармон яъни, ишбилармон аёлларга кўпроқ ўхшарди. Чунки эгниларидаги қимматбаҳо, ялтироқ кийимлар, унга мосланиб ороланишлари ҳар қандай одамнинг эътиборини ўзига қаратарди.

Тўй эгаси энди бутун эътиборни шу аёлларга қаратди. Тансиқ таомлар-у, салат, мева-чевалар хизмат қилиб юрганлар қўлида қўлма-қўл бўлиб киритила бошланди…

Ўйланиб қолдим. Инсоннинг қадри унинг машинаси, салобат бериб турган қимматбаҳо кийими билан ўлчанадими? Бой-бойга боқади, деганлари шуми?..

Касб тақозоси билан турли хил тадбирлар, учрашувлар, анжуманларда иштирок этишимга тўғри келади. Шундай пайтда ҳам кўринишингиз, юриш-туришингизга қараб сертакаллуфлик қилаётган одамларнинг зоҳирий ҳолати эътиборимни тортади. Балки бу ҳам айрим қиз-аёлларимизнинг феъл-атворидир. Ахир, улар оилада меҳмон кутишда қандай бўлса, иш фаолиятидаги меҳмоннавозликда ҳам бу қусури ўзини намоён этади. Бироқ оила, бола-чақадан орттиниб, эгнингиз тузукроқ уст-бош кўрмай оддийгина кийиниб юринг-чи… Ишда мавқеингиз бўлса ҳам, давраларнинг бир четида қолиб, эътибордан йироқ юраверасиз.

Ўғлингиз, қизингиз камолга етиб, орзу-ҳавас кўрганингизда Сиз ҳам ана шу тоифа аёллардай башанг кийинганингизда эҳтимол, сизга ҳам мана шундай мулозамат кўрсатармидилар?.. Демоқчиманки, бугун башанг кийимига ёки ўтирган курсисига қараб, муомала қилиш, икки букилиб саломлашиш айримлар учун одатий ҳолга айланиб бораётганга ўхшайди. Ўзлари хокисорлик, камтарлик билан яшаётган бўлса-да, бироқ маънан бой инсонларга ҳам эътибор беришимиз керак эмасмикин?

Ахир, «Ҳақиқат оддийликдадир» деган гап ҳам бор-ку!

ЗУМРАДХОН.

 

Мақола 1 001 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*