Гумроҳлик

default

Самира ишлайдиган арзон қаҳвахонанинг олдига Рашиднинг мотоцикли келиб тўхтади. Йигит мотоциклдан тушиб хотинини имлаб ўзига чақирди. Самира унинг олдига борди. Эри билан кўришиб мотоциклга минди. Улар шаҳар чеккасидаги эски фабрика биносининг олдига боришди. Бу ерда қимматбаҳо костюм-шим кийган ўрта ёшли бир эркак уларни кутиб турарди. – Ассалому алайкум, Беҳруз ака. Чақиртирган экансиз? – деди Рашид. – Валайкум ассалом, қўшнижон. Мен сизларни анчадан буён кузатиб юрибман. Сатторнинг дўконидаги ва бошқа ўғриликларни қойиллатиб амалга оширдинглар! – деб тиржайди эркак. Рашид ва Самиранинг ранги оқариб кетиб, ўзлари қўярга жой тополмай қолишди. – Хавотирланманг ҳеч кимга ҳеч нарса айтмайман. Фақат мен учун ҳам шундай иш қиласизлар! Мен ишлайдиган Нуриддин заргарнинг дўконини биласизларми? — Ҳа лекин бу дўконга тушиш биз учун армон-да! – деди Самира кесатиб. – Ўзим ёрдам бераман! – деб Беҳруз чўнтагидан тўрт букланган А4 форматдаги қоғоз ва кичкина ён дафтарчани чиқариб Рашидга узатди. – Бу дўкон биносининг чизмаси. Унда хавфсизлик тизимининг бошқариш нуқталари ва бошлиқнинг хонаси кўрсатилган. Ён дафтарда эса эшиклар ва сейфнинг коди ёзилган. Қоровулларни ўзим тинчитаман. Сизлардан талаб қилингани сигнализация ва видеокамераларни ўчириб дўконга сездирмасдан кириш ва бошлиқнинг хонасидаги сейфдан қимматбаҳо олмос маржонни ўмариш. Маржонни менга келтириб берасизлар. Ҳизмат ҳақига битта Нексия ва ўн миллион сўм бераман. Агар кам десаларинг яна икки минг “кўк”идан ҳам оласизлар. Хўш розимисизлар? Рашид Самирага қаради. Қиз иккиланиб турди-да – розимиз! Фақат ваьда қилган икки мингизни олдиндан берасиз. Машина билан қолган пулни ишни битиргандан сўнг оламиз – деди. – Жуда соз! Сизларга ўзим қўнғироқ қиламан – деб Беҳруз чўнтагидан бир даста доллар чиқарди-да ундан икки минг санаб Рашидга узатди.
Бир неча кундан сўнг Беҳруз Рашидга қўнғироқ қилиб фурсат етиб келганини айтди. Рашид ва Самира кун бўйи уйларидан чиқмай тайёргарлик кўришди. Тунги соат бирда эр-хотин Беҳруз ишлайдиган шаҳар марказидаги уч қаватли хашаматли заргарлик дўкони яқинидаги бинонинг олдига келишди.
Рашиднинг режасига мувофиқ Самира дўконнинг орқа томонига, Рашид эса олд томонига бориб бинони кўздан кечирди. Рашид дўкон биносининг чизмаси ёрдамида хавфсизлик тизими жойлашган хонани топди. Беҳруз ваьдасида туриб қоровуллар билан келишган шекилли қоровуллар хонасининг чироқлари ўчган, атрофда ҳам ҳеч ким йўқ эди. Хона эшигини ён дафтарчага ёзилган кодни териб очди ва ичкарига кириб сигнализация ва видеокамераларни ўчирди. Хотинига “бўлди” деб СМС ёзди. Самира бир зумда эрининг олдида пайдо бўлди. Иккаласи дўкон ичига киришди.
Чизмада белгиланган бошлиқнинг хонаси биринчи қаватда эди. Эр-хотин тўғри бошлиқнинг хонасига қараб юрди. Хона эшигини очиб ичкарига киришди. Рашид стулга чиқиб Беҳруз тушунтирганидек девордаги остига “СЕВИМЛИ ҚИЗАЛОҒИМ” деб ёзилган, бир ёшлар атрофидаги қизчанинг катта портретини олди. Портретнинг орқасида кичкина темир эшикча бор эди. Рашид ён дафтарчага алоҳида ёзиб қўйилган шифрни териб темир эшикчани очди. –Буни қара! – деди Рашид кўзлари чақнаб. – Вуууй! Дахшат-ку! Бунақасини умримда кўрмагандим! – деди Самира оғзи очилиб. Сейфнинг ичида асл олмосдан ишланган маржон ярқираб турарди. Рашид авайлабгина маржонни олди ва костюмининг ички чўнтагига солди. – Бу ерда ким бор? – деган овоз эшитилди орқадан. Рашид ва Самира қўрқув тўла кўзлари билан орқага қарашди. Эшик олдида олтмиш ёшлардаги қари эркак турарди. Қария пайпаслаб чироқни ёқди. – Кимсизлар? Бу ерда нима қиляпсизлар? – деди у. – Биз ҳалиги… – дудуқланди Рашид. – Маржон ўғирлаяпмиз! Жонингдан умидинг бўлса жойингдан қимирлама, чол! – деб дўқ қилди Самира. – Бу нима деганинг? Бу ишларинг учун жавоб берасизлар! Мен ҳозир милиция чақираман! – деди қария. – Сенга ортиқча ҳаракат қилма дедим! Биз қуролланганмиз! – деб Самира костюмининг чўнтагидан тўппонча чиқарди. (Бир марта собиқ ҳарбийнинг уйига ўғирликка тушишганида Рашиднинг эьтирозига қарамай ҳарбийнинг шахсий буюмлари орасидан ана шу тўппончани ўзи билан олиб кетганди.) Аёлнинг қўлидаги тўппончани кўриб қариянинг ранги оқариб кетиб икки қўлини тепага кўтарди. – Рашид ака, уни боғланг! — Л- лекин… – Тез бўлинг! Рашид чолнинг олдига бориб унинг бўйинбоғини ечди. Бўйинбоғ билан қарияни боғламоқчи бўлиб қўлларини орқага қайирди. Қария кутилмаганда силтаниб бир қўлини тортиб олди-да тезлик билан чўнтагидан пичоғини чиқариб Рашиднинг сонига санчди. – Аааах – деб жон аччиғидан бақирди Рашид. Шу пайт “пақ” этган товуш эшитилди ва қария “гурс” этиб полга қулади. – М – мен… А-атайлаб қилмадим… Сизни ҳимоя қилмоқчи эдим… – ҳиқиллади Самира. – Аҳмоқ хотин! Қарияни ўлдириб қўйдинг-ку! Қотил! – Ахир у сизни… Самира йиғлай бошлади. – Йиғи-сиғини бас қил! Бу ердан тезроқ қочишимиз керак! Самира учидан тутун чиқиб турган тўппончасини “тақ” этиб қўлидан тушириб юборди. – Юра оласизми? – деди ниҳоят ўзига келиб. – Ҳаракат қиламан – деди Рашид инграб. – Аввал қонни тўхтатиш керак ! Самира кофтасини йиртиб Рашиднинг қонаётган сонини маҳкам боғлади. – Менга суянинг – деб эрини турғазди.
Рашид хотинига суяниб ўрнидан турди. Иккиси эшикка қараб юрди. Рашид энгашиб тўппончани олди ва чўнтагига солди. Улар дўкондан чиқиб қоронғу тор кўчага қараб юришди. Уйга келишгач Самира эрининг жароҳатига йод суриб боғлаб қўйди. – Бу иш аввал бошидан менга ёқмаганди! Ланати Беҳруз! Қаёқдан ҳам сени гапинга кирдим-а! – деди Рашид. Самира ҳўнграб йиғлади. Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Эр-хотин қўрқув тўла нигоҳлари билан эшикка термилишди. Самира қоқилиб сурилиб эшик олдига борди ва – ким? – деди қалтираб. – Мен Беҳрузман эшикни оч! Самира эшикни очди. Беҳруз тез тез юриб ичкарига кирди. – Нега бошлиғимни ўлдирдиларинг? – деди қизишиб. – Бошқа иложимиз йўқ эди! Рашид акамнинг аҳволига қаранг! – деди Самира бурнини тортиб. – Аҳмоқлар! Милиция ҳамма ёқни ағдар- тўнтар қиляпти.Қарияни ким отди? – Мен! Лекин сиз чолнинг дўкондалигидан бизни огоҳлантирмадингиз! – деди Рашид. – Буни ўзим ҳам билмагандим! Қариянинг уйқуси қочиб кетса ишхонасига боадиган одати бор. Бу кеча ҳам уйқуси қочиб кетган шекилли. Майли бўлар иш бўлибди. Мана бу ваъда қилганларим! Тезроқ менга маржонни беринглар. Агар бир гап бўлса мен сизларни, сизлар мени танимайсизлар! Тушунарлими! Беҳруз стол устига машина калити билан хужжатлари ва елим халтача тўла пулни қўйди. – Келишувимиз бекор қилинди! Биз одам ўлдирдик! Бу катта гуноҳ! Бунинг жазоси у дунёда ҳам бу дунёда ҳам жуда оғир! Шунинг учун ўн миллион сўм ва битта Нексия камлик қилади! Маржонни бермаймиз! – деди Самира. – Эй шаллақи! Мен билан ўйнашма! Маржонни бер! Беҳруз бақириб Самирани бўйнидан бўғиб олди. – Хотинимдан ифлос қўлинг торт! Акс ҳолда сен ҳам бошлиғингни ортидан жўнайсан! – деб Рашид Беҳрузга тўппончасини ўқтади. Рашиднинг қўлидаги қуролни кўриб Беҳрузнинг капалаги учди. – Ҳали жавоб берасанлар! – деб чиқиб кетди. Самира кўзлари юмиб чуқур ух тортди. – Энди нима қиламиз, Рашид ака? – Хотиржам бўл! Беҳруз бизни сотолмайди. Ахир бу ишларни унинг ўзи бошлади! Муҳими бизни ҳеч ким кўриб қолмади. Озгина кутайлик, ҳаммаси тинчигандан сўнг олмос маржонни сотиб бирор каттароқ иш бошлаймиз.
Орадан бир неча ой ўтди. Ҳаммаси Рашид айтганидек бўлди: Беҳруз бу ишга ўзи бош бўлгани учун жимиб кетди. Милиция ходимлари эса на бирорта далил, на бирорта гувоҳ топа олишди. Хуллас ҳаммаси бир оз тинчиди. – Самира, сен вақтинча қишлоқдаги бувимникида яшаб турасан. Мен эса маржонни айланма йўллар билан чегарадан олиб ўтиб Россияга бораман. Интернет орқали Россиялик бир бойвучча хонимга суратини юборгандим, маржонни айтган нархимга сотиб олишга рози бўлди. Ўша хонимга олмос маржонни сотиб пулини Вестерн Юнион орқали сенга жўнатаман. Кейн ўзим қайтиб келаман. Пулларни қандай сарфлашни кейинроқ ўйлаб кўрамиз – деди Рашид. – Майли фақат ўзингизни эҳтиёт қилинг – деди Самира. Шу пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Рашид бориб эшикни очди. Остонада эллик ёшлар атрофидаги бир эркак турарди.Унинг қўлида қора дипломат бор эди. – Ассалому алайкум – деди Рашид. – Валайкум ассалом. Самира Абдуллаеванинг уйими? — Ҳа. У менинг хотиним. Сиз кимсиз? – Мен Самиранинг отасининг дўстиман. – Ийе, шунақами? Мархамат ичкарига киринг, амаки. Улар ичкарига киришди. Эркак диванга ўтириб қўлидаги дипломатни тиззаларининг устига қўйди. – Кечарасиз, сизни танимайроқ турибман? – деди Самира. – Сиз мени танимайсиз, қизим. Мен отангизнинг дўстиман. Дадангиз яқинда вафот этди… – Амаки, сиз манзилдан адашибсиз шекилли? Менинг дадам ўн беш йил аввал қазо қилганлар – деди Самира. – Э-йўқ! У сизнинг ҳақиқий отангиз эмас! — Нима? — Марҳум ота-онангиз сизни асраб олишган! Ҳақиқий отангиз катта заргар Нуриддин Хакимов. Унинг шахар марказида катта дўкони бор. Сиз туғилган пайт отангиз сизга атаб асл олмосдан қимматбаҳо маржон ясаган. Бу маржон қиймати жуда баланд эди. Нокас кимсалар сизни ўғирлаб кетиб отангиздан сизни маржонга алмаштиришини талаб қилишди. Нуриддин бунга рози бўлди. Айирбошлаш куни ички ишлар ходимлари жиноятчиларнинг ҳаммасини қўлга олишди. Лекин чақалоқ уларда эмас эди. У жиноятчилар тўдабошисининг синглисининг уйида экан. Акаси қўлга тушганини эшитиб қўрқиб кетган сингил чақалоқни ташландиқ жойга олиб бориб ташлаган. Узоқ вилоятлик эр-хотин, яни сизнинг мархум ота онангиз тўйдан қайтаётиб сизни топиб олишган ва ўзлари билан олиб кетишган. Милиция ходимлари ва отангиз ўша ташландиқ жойга бориб сизни излашди аммо топа олишмади. Ҳамма сизни ўлган деб ҳисобларди. Отангиз эса тириклигингизга ишонарди. Шу сабаб у менга қидирувни давом эттириб қандай бўлмасин сизни топишимни илтимос қилди. Мен излаб – излаб йигирма икки йил деганда сизни топдим. Асраб олган ота-онангиз автоҳалокат туфайли оламдан ўтишгани, болалар уйида катта бўлганингизни, ўша ерда Рашид исмли йигит билан танишиб унга турмушга чиққанингизни, арзон қахвахонада идиш товоқ ювишингизни,ижара уйда туришларингизни аниқладим. Лекин бечора отангизга буни айтишга улгурмадим. Боя айтганимдек Нуриддин яқинда вафот этди. Ўша касофат маржон туфайли уни отиб кетишди. Ланати маржон бечорани аввал қизидан, кейин жонидан айирди! Отангиз бир кун келиб сизни топишига ишонарди шунинг учун маржонни кўз қорачиғидек асрарди. Ўша куни уни ўлдирган жиноятчилар сейфдан сохта маржонни ўғирлашган. Маржоннинг асли мана бу дипломатда. Отангизнинг сўнгги истагини амалга ошириш учун буни сизга олиб келдим. Бу маржонни ўз қўллари билан бўйнингизга тақиб қўймоқчи эди лекин насиб қилмаган экан. Буни қаранки маржон жиноятчиларга эмас бари бир ўз эгасига насиб қилди. – Д-демак Нуруддин заргар менинг отам – деди Самира лаблари титраб. – Ҳа – деб эркак дипломатни очди. – У-унда м-мен ўз отамни… Самира хўнграб йиғлаб юборди. Рашид эса дипломат ичидаги бежирим олмос маржонга индамай термилиб турарди…

Феруз Зиёдуллаев

Мақола 740 марта ўқилган

2 Комментариев для Гумроҳлик

  1. Huddi chet el filmlariga o’xshidiya!

  2. Qaysidur filmni eslatib yubordi
    Faqat eslomadim
    Lekin yaxshi chiqibdi
    Omad

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*