Гўзалликни масхара қилиш

скачанные файлы (2)Кўҳна ривоятда осмондан ерга бадарға қилинган одам боласига анжир дарахтининг барги кийим бўлгани келтирилган. Кейинроқ ипак қурти ва ғўза ўсимлиги табиатнинг эрка фарзандини кийинтириш учун “масъуллик”ни ўз бўйнига олди.

Қадимдан то бугунгача либос аталмиш эҳтиёж манбаи тараққиёт йўлини инсоният билан баравар босиб ўтди. Қайсидир кийим аввалда жуда одми бўлган бўлса, бугунга келиб, башанг кўриниш касб этди. Яна бири эса аксинча – ўтмишда ниҳоятда мураккаб ва ноқулай бўлгану ҳозирда ихчам ва қулай шаклга келтирилган. Мода туфайли кийим-кечак борасида жуда кўп ўзгаришлар, янгиланишлар юз беради, уларнинг айримлари омма томонидан бажонидил қабул қилинса, яна баъзилари фақат намойишлардагина кўз-кўз этилади. Албатта, бир қарашда бунинг сира ёмон томони йўқдай. Ахир бу замон талаби, шундай экан, ҳар қандай соҳада бўлгани каби кийиниш борасида ҳам ўзгаришлар, янгиланишлар юз бериши табиий. Бироқ бугунги кун маънавиятининг улкан муаммоларидан бири саналган “оммавий маданият” кийим-кечагу уст-бошимизни (унга қўшиб инсон танасини ҳам) ўз домига тортаётгани бор гап.

Миллатимизга хос бўлган қадимий миллий кийим-кечакларнинг қандай бўлгани тарихдан бизга яхши маълум ва бугун ҳам улардан фойдаланиш шарт, дейишдан йироқмиз. Албатта, ҳар жабҳада замонга мослашиш шарт. Аммо кийиниш маданиятига дахл қилаётган, шу билан бирга, маънавиятимизга ҳам таъсир ўтказаётган шундай омиллар ҳам борки, улардан кўз юмиб бўлмайди.

Умуман, инсоният учун кийим ибтидода аввало ҳимоя воситаси эди: қишда совуқдан, ёзда иссиқдан танани асраш учун зарур эди. Даврлар ўтиши билан кийим маданият белгисига айлана борди. Ҳатто “кийимга қараб кутиб оладилар, ақлга қараб кузатадилар”, деган нақл пайдо бўлди. Бундан ташқари, кийинишнинг ўзига хос қоидалари, одоби юзага келди ва аёллар ҳам, эркаклар ҳам шу асосда кийинадиган бўлишди. Бундан икки-уч аср илгариги кийимлар бугунгидан кўра анчайин қатъий қоида билан истифода қилинганини ўша давр тарихига оид ҳужжатлардан билиб олиш мумкин. Дейлик, сарой аъёнлари учун хос кийимлар оддий одамларга мос либослардан тубдан фарқ қилгани, маълум тоифанинг уст-боши бошқасиникидан кескин ажралиб тургани маълум. Қолаверса, кийимнинг вазифаларидан бири эркак ва аёл ўртасидаги фарқ, чегарани белгилаб бериш бўлган. Шарқда бу чегара кийим борасида нақадар қатъий белгиланган бўлса, Ғарб ҳам бу масалада худди шундай собит эди. Европада эркакларнинг аёл кийимини кийиши ёки бунинг тескариси бўлиши, истисно ҳолатлар (диний маросим ёки карнавал)ни  ҳисобга олмаганда, илоҳий ва инсоний қонунларни бузиш дея баҳоланган ва қаттиқ жазоланган. Ўша даврларда ҳукм сурган мода ҳам бу чегарани ҳисобга олган.

Эркаклар кийими Европада XIX аср бошларидан XX аср ўрталарига қадар танани имкон қадар ёпиқ тутадиган, кишини вазмин кўрсатишга уринадиган тарзда бўлганини кузатиш мумкин. Қора, кулранг ва қўнғир тусдаги либослар эркакларни қатъиятли, мағрур ва жасур қиёфа касб этишларини таъминлаган. Ўз-ўзидан равшанки, аёллар кийими бундан-да сипо кўринишда эди: ерга тегадиган узун этаклар, кенг енглар, ранглар уйғунлиги ва ёпиқлик хонимлар нафосатини оширувчи омил сифатида баҳоланган. Шундай кийинишни ўша даврнинг илғор одамлари қоидага кўра кийиниш дея баҳолаганлар. Масалан, XIX асрда яшаган таниқли веналик меъмор Адольф Лоос “Яхши кийинганлик нимани англатади?” деган саволга шундай деб жавоб берганди: “Бу тўғри кийинганликни билдиради”. Яъни чиройли ҳам эмас, башанг ҳам эмас, айнан тўғри кийиниш, рисоладагидай кийиниш назарда тутилаяпти.

Шарқда ҳам ўша даврларда кийимларга хос энг муҳим хислат – ёпиқлик бўлган. Бугунга келиб-чи?

Мутахассисларнинг кузатувларига кўра, даврлар ўтиши билан кийимлардаги ёпиқлик тобора камайиб бораётган экан. Бу – биз одатда “оммавий маданият” ўчоғи деб биладиган Ғарб мутахассисларининг фикри. Уларнинг кузатувлари шуни кўрсатадики, бугун бутун дунёда оммавий тарзда “очилиш” жараёни бораяпти. Энди кийим танани ҳимоя қилувчи, уни ёпиб турувчи ашё эмас, билъакс, унинг айрим қисмларини кўз-кўзловчи воситага айланмоқда. Аёллар либосларидаги очиқлик ҳаммани кўниктириб бўлди: декольте (аёллар кўйлагининг чуқур ўйилган ёқаси) услубидаги кийимларнинг турлари кўпайгани етмагандай, этакларнинг тобора қисқариб бораётгани, бир замонлар ёш-яланг қизларнинг кийими саналган калта этакли кўйлаклар кейинчалик ёши катта хонимлар гардеробидан мустаҳкам ўрин эгаллагани бу очилиш жараёнини тезлаштиришга хизмат қилаяпти. Ўзимизда ҳам кўча-кўйда шундай кийинган қиз-жувонларни кўравериб, кўзимиз қотиб улгурди. Бунинг устига, телевизор экранларини эгаллаган тасвирларда очиқ-сочиқ кийинган, танасининг бирор аъзоси шундоқ кўриниб ё билиниб турган кишилар (ҳам аёллар, ҳам эркаклар)ни кўришга кун сайин ўрганиб бораяпмиз. Бир неча йиллар аввал бу ҳолатни фақат Ғарб телеканалларида кўрган бўлсак, бугун ўзимизнинг миллий каналларимиз ҳам “очиқлик”дан мустасно эмас. Фильм ва сериаллардаги бир қадар ноқулай саҳналарни-ку, телеканал мутасаддилари олиб ташлашади, аммо реклама роликларини бу “очиқлик”, беҳаёликнинг яширин тарғиботисиз суратга олиш гўё мумкин эмасдай. Эътибор беринг, одатда ички аъзолар хасталигига қарши ичиладиган дори воситасини реклама қилиш учун яланғоч аёлнинг курагига сурат чизилишининг қандай маъноси бор? Ёки бўлмаса, йўтал ва аксиришдан толиққан пайтда бир аҳволда кўринган аёл керакли (тўғрироғи, сотиб олиниши шарт бўлган) дорини ичганидан сўнг гўё енгил одимлар билан кўчага отланади, рекламани кўриб ўтирган ҳар қандай одамнинг диққати аввало унинг кийимидаги очиқ жойга – этагидаги қирқим (тикувчилар тилида айтилганида “отрез”)га тушади. Бу қирқим тиззадан юқорига қадар борган ва оёқни кўз-кўз қилиб турибди. Ёки “эркаклар хасталиги” ҳақида жар соладиган рекламага эътибор беринг: тун, ётоқхона, тунги кийим, ҳожатхонадан  бошқа нимани кўриш мумкин?

“Танани кўз-кўзлаш бугунги жамиятнинг урфга кириб бораётган одатларидан бири”, деган хулосага келди замонавий эркак ва аёллар либосларини ўрганган бир гуруҳ рус социологлари. Уларнинг кузатувлари шуни тасдиқлайди. Илгари фақат спорт залларидаги машғулот чоғида кийилган калта иштону майкалар бугунга келиб, уялмасдан кўчага чиқиб кетаяпти. Бир маҳаллар  ҳатто чўмилиш кийимлари ҳам ниҳоятда ёпиқ бўлган, бугун эса улар деярли кўринмайдиган ҳолга келиб қолди: битта тизимча, орқада тугунча – шу холос. Офтобда куйган тана эса ҳамманинг кўз ўнгида – уяту андиша эсдан чиққан. Шу қиёфадаги гўзал аёллару хушбичим эркакларнинг суратлари турли журналларнинг бош саҳифасини безаб туради, таҳририятлар эса гўё шу расмларсиз уларнинг нашрлари одамлар қизиқишини торта олмаслигини даъво қилишади…

Умуман олганда, бугунги кунда ётоқ манзаралари, ички кийимлару тунги либослар каби ҳамманинг кўзи тушиши керак бўлмаган нарсалар экранларда ҳам, кўчалардаги реклама баннерларида ҳам бемалол намойиш қилинаяпти ва бу ёш болалар, ўсмирлар назарида “катталар сири” бўлган олам эшикларини баралла очиб бераяпти. Эр-хотинлик муносабатлари бугуннинг боласи учун сира мавҳум, тушунарсиз нарса эмас, у буни телевизору бозор рекламалари орқали муддатидан олдин англаб етаяпти. Ваҳоланки, бу унинг маънавиятида саёзликка, енгил-елпи қарашларга йўл очади. Қолаверса, мутахассислар ҳаддан зиёд очиқ-сочиқ кийиниш инсоннинг жинсий саломатлигига жиддий хавф солишини аллақачон исботлаб беришган. Аёллар ва эркаклардаги бепуштликнинг сабабларидан бири – доимий равишда атрофидаги “очиқ тана”ни кўриш, шунга ўрганиш бўлиши мумкин экан. Энди эса ёш йигитлару навниҳол қизларнинг кўз ўнгида туриб қолган шундай манзаранинг улар саломатлиги, демакки, миллатлар, халқларнинг келажагига нақадар катта таъсир кўрсатиши мумкинлигини ўйлаб кўринг.

“Оммавий маданият” асл маданиятни, кўҳна қадриятларни ер билан яксон қилишга уринувчи куч. Унинг кийинишу инсон танасига муносабатдаги кўриниши эса олий мавжудот, табиат томонидан бежириму бенуқсон яратилган инсон қадри, унинг гўзаллиги устидан кулиш, масхара қилишдир.

Бу масхарани қўллаб-қувватлаб қўяётган айрим ҳаракатлар биз томонимиздан ҳам содир этилмаяптими? Ўзимиздан кичикларни бу хатардан қай даражада огоҳ этиб, уларни бундан қандай ҳимоя қилаяпмиз? Бугун шу саволларни ўзимизга бериб, жавобини топишимиз шарт. Зеро, шундагина дугоналарига қараб, мини юбка кийгиси келаётган қизимиз, синглимиз ё жиянимизга бу кийим аслида етарли мато тополмаса ҳам янги юбка кийиш учун боридан кийим тиккан қиз томонидан “кашф” этилганию янги кийим кийиш истагида ёнган қизнинг ҳаёни бир четга суриб қўя қолганини тўғри тушунтириб, ёпиқ, қулай кийинишнинг афзал жиҳатларини унга исботлаб бера оламиз. Шундагина миллат маънавиятини “оммавий маданият” сингари ёт иллатлар қутқусидан асрай оламиз.

АНДИША.

Мақола 682 марта ўқилган

1 Комментарий для Гўзалликни масхара қилиш

  1. Yaxshi, o’rnak bo’la oladigan maqola bo’libdi

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*