Гўзаллик озғинликда… ми?

two women shaking hands against a black backgroun

«Ким кўҳлик, дўмбоқ — кўҳлик», деган нақлни ўйлаб топган инсонлар аллақачон орамизни тарк этган. Йўқса улар бугун «Гўзаллик — озғинликда», дермиди.

Бугун аёлларнинг энг гўзали-хипча бел, нозик аёллар, деб ҳисобланмоқда. Шу боис, хипча бел, ингичка оёқли, енгил вазнли қизлар замона гўзалига айланиб қолишди. Бундан фойдаланган айрим тадбиркорлар оздирувчи гиёҳлар савдосини йўлга қўйиб, анча- мунча «натижа»ларга эришмоқдалар.

Айни кунда аксар ёш қизларда ўқиш, юқори мартабага эришишдан ҳам аввал озишга интилиш юқори. Шунинг учун ҳар тўрт қиздан учтаси парҳезда юради.

Хўш, доимий озишга бўлган интилиш ва парҳез нималарга олиб келади? Келинг, яхшиси бу саволнинг жавобини ўзимиздан, замондошларимиз ҳаётидан қидирайлик.

* * *

С. оилада тўрт ўғилнинг ичида ягона қиз эди. Устига устак кенжа эмасми, эрка, айтгани айтган, дегани деган. Ўғил болалар орасида улғайгани учунми, унинг қадди-қомати бақувват, бўйлари баланд, ўзи тўладан келганди. Характерида эркакшодалик барқ урган қиз 14 ёшига қадар ғам, ташвиш нима эканлигини билмай яшади. Бироқ 14 ёшда унинг бошига ташвишнинг зўри тушди. Юқори синфда ўқийдиган Акмалга кўнгли тушиб қолди. Еган-ичгани татимади. Юрган йўлида уни ўйлади. Охир-оқибат сабри чидамади. Чунки Акмал унга қиё ҳам боқмасди. С. сирдош дугонасига ўзининг яширин муҳаббати ҳақида гапириб берди. Дугонаси эса унга ёрдам беришни, яъни унинг муҳаббатидан йигитни бохабар этишни ўз зиммасига олди. Орадан бир неча кун ўтиб у С.нинг ёнига хомуш қайтиб келди. Йигит С.нинг муҳаббати ҳақида эшитиб, қошлари чимирилиб кетибди ва ҳеч тап тортмай «У семириб ётибди-ку. Унга севишни ким қўйибди. Йигитлар ҳақида ўйлагунча, озиш ҳақида бош қотирмаса, «қари қиз» бўлиб қолиши аниқ» деган жавоб қайтарибди.

Дастлаб йиғлаб, сиқтаган С. Акмалга ўзининг ким эканлигини кўрсатиб қўйиш, керак бўлса уни ортидан ялиниб югуртиришга қатъий аҳд қилди. Қаёқлардандир эшитганига амал қилиб, озиш учун парҳез бошлади. Овқатдан умуман воз кечди, нон ҳақида буткул унутди. Ширинликларни эса фақат ширин туш каби эсалади. 3 ой мобайнида егани фақат олма бўлди. Қомати гўзаллашиб, бошқа озғин ва чиройли дугоналарининг сафига қўшилиб олди.

Бироқ унга дугоналари билан бирга яйраб юриш насиб этмади. Оғир ҳолсизлик билан шифохонага тушган қизни шифокорларнинг қилган ҳеч бир чора-тадбири қутқариб қола олмади. С. оламдан ўтди. Озишга бўлган кучли интилиши, ўзидан воз кечиб, озиш учун қилган ҳаракати уни бу дунёдан барвақт олиб кетди.

Инсоннинг озишга бўлган қаттиқ интилиши охири ўлим билан якун топадиган кассаллик. У тиббиёт тилида анорексия деб аталади. «Анорексия» грекча сўздан олинган бўлиб, иштаҳаси бўла туриб овқатдан тийилиш, деган маънони англатади. Бу касалликка чалинган беморнинг фикру хаёли озиш, озиш ва яна озиш бўлиб қолади. Юрган турган йўлида фақат шуни ўйлайди. Гарчи улар ҳайратланарли даражада озишга муваффақ бўлсалар-да, бундан кўнгли тинчимайди, аксинча, «семизлиги»дан даҳшатга тушадилар. Бир қараганда бу кунда, ҳафтада ёки ойда безовта қилиб, инсон жонига озор берадиган турли касалликлардан кўра енгилга ўхшайди. Аммо у беморнинг психологиясини нормал фаолиятдан узоқлаштиради.

Касаллик бора-бора беморни ёлғизликка маҳкум қилади. Ҳолсиз ва витаминларга ташна организм, семиз-лик ва тобора семириб кетишдан даҳшатга тушиб чарчаган асаб инсонни ёру биродарларидан узоқлаштириши табиий. Агар касаллик вақтида аниқланиб, даволанмаса, юқорида айтганимиздек ўлим билан интиҳо топиши мумкин.

Маълумотларга қараганда, руҳий касалликлар ичида ўлим кўрсаткичи юқори бўлган касаллик ҳам айнан анорексиядир.

Хўш анорексиянинг белгилари қандай? Озмоқчи бўлаётган ва озиш учун парҳез сақлаётганларнинг ҳаммасини ҳам анорексияга чалинган дейиш мумкинми? Йўқ, албатта. Анорексия ҳам бошқа хасталиклар сингари ўз белгилари билан намоён бўлади. Масалан: бемор бўйи ва ёшига муносиб вазнга эга бўлишни истамайди. Шунингдек, бемор қанчалар озиб бораётганига қарамай семириб кетишдан жуда қаттиқ қўрқади. Семиришдан хавотирланиб, овқатдан кескин бош тортади.

Аёллар ўртасидаги анорексиянинг яна бир белгиси — ҳайз циклининг бузилиши билан кузатилади. Бу касалликка чалинган аёлларнинг суяги нозиклашиб, дарз кетиш ҳолатлари кузатилади.

Анорексияга чалинган беморлар тик туриб, овқатни майда-майда бўлакларга бўлиб ейишга ўрганишган. Шунингдек, улар ҳеч қачон касал эканликларини тан олишмайди.

Мушакларнинг тортишиши, терининг қуруқлиги, доимий ҳолсизлик, буйрак фаолиятининг ишдан чиқиши касалликнинг белгилари саналади. Руҳий белгилари эса, сабабсиз жаҳл чиқиши, хафа бўлиш ва тажангликдир.

Баъзан бемор ўзбошимчалик билан гормонал воситалар қабул қила бошлайди.

Бу касаллик қанчалар хавфли ҳисобланса-да, шу кунга қадар уни бутунлай даволайдиган дори воситаси топилганича йўқ. Шифокорлар тавсия қиладиган дори-дармонлар эса фақат умумий аҳволни яхшилашга ёрдам беради холос. Қачонки беморнинг вазни ортиб борса, уни даволаш ҳам тезлашади.

Маълумотларга қараганда бу хасталик асосан, дунёқараши шаклланиб улгурмаган ўсмир қизлар орасида кўп учрар экан. Айниқса, бу хасталикка чалинган беморларнинг 90 фоизини 14-24 ёшдаги қизлар ташкил этиши ачинарли ҳол.

Албатта ҳамма гўзал бўлишни хоҳлайди. Бироқ гўзаллик ўзингни қабр ёқасига етаклаб бориш дегани эмас-ку. Шундай экан ҳар ким ўзига ва атрофидагиларга эътиборли бўлиши керак.

Феруза УСМОНОВА.

Интернет манбаларидан олинди.

 

Мақола 674 марта ўқилган

2 Комментариев для Гўзаллик озғинликда… ми?

  1. хозирги даврнинг энг долзарб муаммолари кўтарилган. Шшундай мақолалар кўпроқ бўлса яхши бўларди.

  2. Ҳозирги даврнинг энг долзарб муаммолари кўтарилган. Шундай мақолалар кўпроқ бўлса яхши бўларди.

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*