«Гердайиб қаерга борардик? Қамиш ҳам гердайиб-гердайиб, охири бўйра бўлар экан!»

скачанные файлыБиз аслида  асарларни ўқиб ўзимизга ҳамроҳ қидирамиз. Улардан тўғри йўл-йўриқ ўрганишга ва дунёқарашимизда ўзгариш ясашга интиламиз. Ўзгаришки, фақат бизни юксалишга бошласин. Ҳақиқий асарлар бизни неча бор йиғлатиб, неча бор кулдиради. Шундай асарлар бўладики, ўз-ўзимиз билан курашишга, суҳбатлашишга ва ўзни муҳокама қилишга ундайди. Мақсад битта — ҳақиқатни англаш, уни ажрата билиш. Ёзувчи Ўктам Усмоннинг «Гирдоб» романини ўқир эканман, шуларга амин бўлдим. Муаллиф таъкидлаганидай: «Ер курраси абадул-абад бир тарафга айланганидек, инсоният ҳам азалдан фақат бир мақсадга — ҳақиқатга интилган. Ҳақиқат эса мислсиз бой кенг қамровли тушунча: ўзаро муносабатлардаги ҳақиқатми, илмий ҳақиқатми, масъул кишининг ҳақиқатпарварлиги ёки севишганлар ўртасидаги ҳақиқатми… санаб охирига етиш қийин».

 

***

Ҳақиқат ҳеч қачон ўз-ўзидан юзага чиқмаган! Илмий ҳақиқатлар эса…бунинг учун расмана игна билан қудуқ қазиш, ҳеч ким юрмаган йўлдан юриш керак…

***

Умр дегани шунчалик омонатки, бугун бору, эртага йўқ. Шунга энди шунчалик дов-жанжалми?.. Тинч яшайман десанг, қурт-қумурсқа билан ҳам муроса қилишинг керак.

***

Ҳо инонинг, ҳо инонманг, тортишаётган одамларни кўрсам, ҳузур қиламан! Демак, нимагадир ишонишади! Кўнгилларида қандайдир чин сўзлари бор!

***

Коинот азалдан инсонни зулмат билан ўраган. Фан эса — одамзод қўлидаги мангу машъала! Зеро, фан чексизликни ўрганар экан, айни пайтда ўзининг ҳам ҳад-чегараси йўқ.

***

Шуни билингларки, иродасиз одамлар… ҳеч ерда, ҳеч қачон обрў тополмаганлар! Қайсарлик — ирода эмас! Илмда ҳар қанча ўзиб кетма, ўзингни «нодонман» дея олсанг — ютганинг!

***

Наҳотки одам ҳаёти шунчалар қисқа бўлса! Наҳотки чақмоқ чаққанчалик вақтда, худди хас учгандек осонлик билан йўқлик қаърига сингиб кетсанг!.. Эскидан нақл бор: ёруғ дунё инсонга икки мартагина мурувват қилармиш… Биринчиси, туғилганда чопон, иккинчиси ўлганда кафан берар экан! Қолган нима яхшилигу, нима ёмонлик — барини инсоннинг ўзи қилар экан.

***

Тириклик — табиатнинг доимий шиори. Табиат ўзининг барча хилват бурчакларига ҳаёт ато қилганидан гўё қониқмагандек, уларни тирик жонзотлар билан тўлдира бошлади, ўзи яратган жонзотларни бир-бирига қалаштириб, тирикликни тириклик ҳисобига яшашга мажбур этди… Чиндан ҳам табиат ўзига ўзи мантиқсизлик қилаяпти.

***

Менинг шогирдларим мендан ўзиб  кетишлари, менинг ишларимни давом  эттиргани ҳолда, менга қарши чиқишлари, ҳатто ишларимни вайрон қилишлари зарур. Фақат мана шундай изчил вайрон қилиш ишларигина тараққиётга йўл очади.

***

Гердайиб қаерга борардик? Қамиш ҳам гердайиб-гердайиб, охири бўйра бўлар экан!

***

Аҳмоқ одамнинг олимлигига чидаш қийин! Тараққиётнинг энг хатарли душмани — аҳмоқ олим!

***

Тоғни қулатсанг ҳам агар ишинг одамларнинг оғирини енгил қилмаса, меҳнатинг уч пул экан! Биров сени қадрламас экан!

***

Фанда адашиш мумкин… янгилик очиш йўлида юз марта  адашиш  — «адашмайлик-да, ишқилиб», деб, ўзини ўзи эҳтиёт қилишдан  минг чандон афзал!

***

Қилган ишингни кимдир ёқласин, кимдир инкор этсин!  Умри бино бўлиб муқоваси очилмайдиган «илм»нинг кимга кераги бор?!. Мана бунақа кўчирмачилик билан менга деса академик бўлмайсанми? Қани биров раҳмат десин-чи? Фақат ўзингни ўйлаганингдан кейин, халқ сени танимагандан кейин алломалигинг қаерга боради?

***

Одам — мақсадга, маррага яқинлашган сари йўлидаги қийинчиликлари кўпаявераркан. Майли, гапираверишсин! Истаганча гапиришсин. Гапирадиган гап борки, гапиришаяпти!

***

Демак, ҳаёт — кураш дегани шу экан! Янгилик ўзи учун ўзи йўл очиши керак экан!  Кураш дегани шу экан! Курашдингми — асло енгилма! Енгилсанг — ноҳақсан!..

***

Улар  ҳамиша одамни курашга чақиради, асабингни бузади, қонингни қайнатади, гижгижлайди… Беаёв кураш, гирдоб жараёнида худди қимматбаҳо маъданлар чўкиб тингани сингари ҳақиқат, адолат туғила боради. Ёмонлик бўлмай, яхшилик йўқ!..

Замира РЎЗИЕВА тайёрлади.

Мақола 339 марта ўқилган

2 Комментариев для «Гердайиб қаерга борардик? Қамиш ҳам гердайиб-гердайиб, охири бўйра бўлар экан!»

  1. Klass!
    Menga tegiwli gaplaram bor ekan
    Haqiqat bor bu dunyoda — haqiqat yo’q HAQdan bo’lak!

  2. Oltinga teng so’zlar! Har bir inson ming o’z haqiqati bor, faqat uni juda kamchilik qo’rqmay bayon eta oladi. Jasorat ham tahsinga sazovar ne’mat!

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*