Шарқдан Ғарбга қараб одимлар шодлик

 

photo_2017-01-04_18-54-45

 

Кўкда қуёш, ерда мавжланади қор,

Декабрь – кетишга кун санайди йил.

Болалар ижоди – қордан ясалган

Қорбобо ҳовлида, бошида сатил.

 

Бурни қизил сабзи, кўзи кўмирдан,

Эски супургини қўлида тутиб,

Илҳақ кутган каби болажонларни,

Ғоз турар соқчидек, нафасин ютиб.

 

Толиққан сумалак қулар тарновдан,

Чумчуқлар тизилган шохга барг мисол.

Бир йигит, ҳар замон ерни тепкилаб

Совуқни ҳайдамоқ бўлади  – висол!

 

Бола деразага боқар, ойнада

Қорлар ўз нақшидан қолдирган нусха.

Чумчуқлар суппада бошлар ғалаён,

Фойдасиз — уйқуда бари қумурсқа.

 

Худди ёз кўкидек, булутсиз осмон,

Қуёш – боқишлари ёқимли малак.

Йўлларда болалар учолмас чана,

Бўтқага айланиб борар яхмалак.

 

Кунлар ўтса ҳамки йилдек – xотиржам,

Кўнгилларда ажиб интиқлик бедор.

Бир истак, атрофни оқликка буркаб,

Байрам арафаси ёғса эди  қор.

 

Ота-оналарда шошқинлик, кимнинг

Қўлида торт ё гул, ким тутган арча,

Бир кунга ёр-дўстга тўлар хонадон,

Дастурхон бошида йиғилар барча.

 

Шарқдан  Ғарбга қараб одимлар шодлик,

Барча оилаларда ягона тадбир.

Ярим тун, бонг урар – Салом янги йил,

Тарихга айланар галги декабрь.

Хуршид Нуруллаев

Мақола 374 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*