Гадойтопмас Fashion Shou

 

photo_2016-11-22_18-18-14Бизнинг қишлоқ ҳам чакана ци-ви-ли-за-ция-лашмаган. Ҳозир мен (ҳа, каллам қурсин, “ман” десам бўлар экан, кейинги гал инобатга оламиз) сизга бир-икки воқеани айтиб берсам, ўзингиз ҳам беш кетворасиз, ока (ана энди жойига тушди)! Тан берганингиз майлига-я, қишлоғинг ци-ви-ли-за-циянинг нақ киндигида экан-у, деб ҳайқиришингиз ҳам ҳеч гапмас. Аввало, “киндик қишлоқ” қаерда жойлашганини айтай: Тошкент – Самарқанд трасса(!)сини биласиз, шундан тоққа қараб кетоврасиз, кетоврасиз… Тоғдан тоғ ошиб, сойдан сой кечиб кетоврасиз. Кейин қаршингиздан қишлоқлар чиқа бошлайди – Бешкал, Олтикал, Еттикал, сўнгра Изиллоқ, Чувиллоқ, Шариллоқ келади, улардан ўтгач эса – Бошқоп, Бешқоп, Бўшқоп… Шуйтиб, Бирэшак деган жойга етиб борасиз. Нега бунақа ном қўйган экан, деб ўйланманг, барибир тополмайсиз. Бирэшак дегани – шу ерда йўл тугади, бундан нарёғига на от юролади, на мошин, дегани. Энди фақат эшакка мингашишга мажбурсиз. Бир эшакда Бирэшакдан ўтгандан сўғин бизнинг қишлоқ келади – Гадойтопмас. Бурунғи замонларда шу жерларда одам жашайдиган бир қишлоқ борлигини Катта дунё онда-сонда эшитип қолған, некин гадойлари ҳам топип келалмаган. Эҳ, “сапсем” эсдан чиқип кетипти, қишлоғимизға жақинлашаберсам, эна шевамда шундайчақан гапириб жубараман-да! Қориндошлар ҳам қўяғоймайди: “Ҳў, сан бола, қайси тилда гапирвоссан…”дан олиб қолишади. Шунча йил Тошкентда юриб мен (айтганча, ман) шаҳарлашмабман-у, лекин қишлоқларимизни шаҳардан фарқлаб бўлмай қолибди-я! Ҳар икки ҳовлида биттадан ҳалигидақа антенна бор – барабанский! Тушундингизми? Нима бало, қайси қишлоқдан чиққансиз, ўзи? Таралка десам, етиб борадими? Телевизор 300та каналдан кўрсатади. Яширинча томоша қиладиган программалар-ку ит бўлиб ётибди (эскининг одамларига изоҳ бериб қўяй: ит бўлиб ётибди – тиқилиб ётибди дегани). Тўполонсойга битта ГЭСча қуриб олганмиз, бизда қишин-­ёзин “свет” ўчмайди… Айтаверсам, таърифу тавсифлардан ҳам “Ҳа-а, Гадойтопмас ци-ви-ли-за-ция-нинг маркази экан-ку!” деб қичқириб юборишингиз мумкин, лекин энг қизиғи қолиб кетади-да.

Кечагида қишлоққа борсам, ота-боболаримизнинг тилида айтсак – чақирди, ўзимизнинг ҳозирги тилда айтсак – чаллари айни авжига минган экан. Катта-катта карнайлардан таралаётган Хюстин-мюстин, Тату-мату, Жексон-пексон, Эминим-пеминимнинг қўшиқларини эшитиб, ҳайрон бўлдим, аввалига хорижий танг-батабанглар пойтахтда қулоғимга ўрнашиб қолибди-да, деб ўйлабман. Йўқ, буларни анови Очил булбулнинг невараси айтиб ётибди (аслида, диск қўйиб олган). Даврада хотин-халаж: Улбўсин чеча, Бувсалма янга, Чаросхон кеннайи… и другие (русчани ҳам биламиз!). Ҳамма шундай ташавотти, шундай ташавотти, ҳар-ҳар замонда “ҳўв!” деб қўйишади. Лекин Ойсулув момо барчасидан ҳам ўтиб тушади, қанақа куй-қўшиқ қўйилса-да, бир хил – ўша синалган услубда ўйнайди: қўллар тирсакдан қайрилиб, тепага кўтарилган, бир маромда олдинга бориб келади ва ярим букилган (худди тухум ушлаб олгандек) бармоқлар бир ўнгга, бир чапга қимирлаб қўяди. Оёқлар… узун кўйлакнинг тагида кўринмайди ҳам. Мен сизга айтсам, қиш­лоғимизнинг кунботаридаги қояларда қадимги сувратлар бор (олимларнинг аниқлашича, уларни уч-тўрт минг йил олдин аждодларимиз чизишган экан), ўша тошларда ҳам Ойсулув момога ўхшаб рақс тушаётган одамлар тасвирланган. Чеча… янга… кеннойиларникига яқин (ҳа, айнан ўзидай эмас, сал ўхшаш) хиром айлашларни фақат барабанский антеннаси бор телевизоримизда уйдагилардан бекитиқча кўрганман.

Отарчининг бўғзи эмас, катта-катта овозкучайтиргичларнинг карнайи чарчагач, дусура-дусур сал тинди. Шунда қишлоқдошларим дискотекани тўхтатиб, бундай қарашса, мен турибман ҳадиксира-аб. “Э, э, э, Тошкенти азимдан меҳмонжонлар ташриф бурибди-ю?! Нақ вақтида келдинг-да! Зап бир томоша бўлади ҳозир, янги урфларимиздан. Ҳей, мен сенга айтсам, бунақангисини пойтахтда ҳам кўрмагансан. Подиумни тайёрланглар!”. Бу гапларни атрофимни қўрғалаб олган қишлоқдошларим айтаяпти. Ким нима деганини билмайман, ҳаммасини умумлаштириб битта маъно чиқариб қўявераман. “Подиум? Нима дегани у?” дедим жим туришни ўзимга эп билмай. Ҳамма Оқмирза ўрисни излаб қолди, маалим ҳам китобларни титиб, андоқ лутф айладиларким, “подиум” ўзбекчасига “шоҳсупа” деган маънони англатар эркан. Бунгача подиум ҳам тайёр бўлиб қолди. Иккита столнинг устини бўшатиб, биринчисини эшикнинг остонасига тақаб қўйиб, иккинчисини биринчисига тиркадилар, баланд узун йўлак пайдо бўлди, кейин устига гилам тўшадилар. Энди келин-куёв шу гиламдан юриб уйга кириб кетса керак, лекин столга қандай чиқиб олишади, дея ўйланиб тургандим… Ҳа, қиш­лоқилигим қурсин, беш-олти йилдан бери ци-ви-ли-за-циядан узоқ мегаполисда яшаётганим панд берди-я?! Телевизорда кўрганмисиз, мода намойиши бор-ку, қилтиллоқ хонимлар ҳар хил кийиниб чиқади-да, супада юриб келиб, бир тўхтаб, яна орқасига қайтиб кетади: ўшанақа илму амал шу ергача ҳам етиб келибди-да! Балким, Гадойтопмас қишлоғидан тарқалгандир бу одат?! Ўртакашнинг кучаниб “Фэ-э-ши-и-ннн – двух тисйача десит!!!” деб бақиргани хаёлимни бўлиб, саволларим жавобсиз қолди. “Ғояти нозуклугидин сув била ютса бўладиган” хонимчалар ўрнига кетмон чопиб, офтобда тобланган қишлоқ келинлари подиумда пайдо бўлди. Шу ерда ҳам лекин қойил қолдим, минг йиллик қадриятларимиз ҳалиям унутилмабди. Телевизордаги таннозойимлар тақ-тақ юриб келиб, томошабинларга бир ёвқараш қилади-да, ортга қайтади. Гадойтопмас Fashion Shouда эса унақа эмас, ҳали чилласи чиқмаган янги келинлар тунука столнинг устида дурс-дурс этиб келиб, ҳаммага бир жилмаяди-да, таъзим қилиб, орқамачоқ юриб уйга кириб кетади. Шу ерда битта айбимни бўйнимга олишим керак, ғарбча сўзларни яхши эслаб қололмайман. Бўлмаса, қишлоғимизда ўтказилган “Fashion-2010”даги кийимларнинг материали, номи, бичими ҳақида сизга тўлиқ маълумот берган бўлармидим?! Лекин тури эсимда қолди: ўзимизнинг ялтир-юлтирлардан бир тўдаси, яна – халатлар (ҳар хил вазиятларга мўлжалланганларидан бор), пальтолар (каламуш ёки пишакнинг терисилигидан қатъи назар – мўйнали)… Аммо тан бериш керак, намойиш кетма-кетлиги жуда зўр ўйланган. Олдин қишки кийимлар – қиммат, қалин, ҳамма ёғи ёпиқ. Кейин-кейин либослар сал енгиллаша бошлади, “Баҳор-ёз-2011” мавсумига навбат етди. Сабрим чидамадими, бетим чидамадими, Fashion Shouни охиригача томоша қилолмадим. Тўғриси, пляж мотивидаги намойишлар бошланиб қолмасайди деб қўрқдим. Одамлар орасидан юлқиниб чиқиб кетар эканман, ҳар тарафимдан “Ҳали бундан ҳам зўр, энг сўнгги русумдаги урф-одатларимиз бор!” дея мени тўйда тағин қолишга ундарашди. Лекин тезда ўз ҳолимга қўйишди. Чунки “Gadoytopmas Fashion Shou-2010” авж нуқтасига кўтарилиб борарди, ҳамма шу билан андармон бўлиб қолди…

Ана энди ўзингиз ҳам ишонгандирсиз. Бизнинг Гадойтопмас қишлоғимиз ци-ви-ли-за-циянинг нақ киндигида жойлашган. Фақат бу киндик ўлгур бироз очилиб қолган-да, замонавий бичимдаги кўйлак калта келганми, дейман…

 

Абу Ҳайрон ЖИЗЗАКИЙ

«Ёшлик» журналидан олинди.

 

Мақола 1 340 марта ўқилган

1 Комментарий для Гадойтопмас Fashion Shou

  1. Абу Ҳайрон ЖИЗЗАКИЙ, очиги бу хажвиядан максадингиз нима эканлигини тушина олмадим. Жиззакий — Жиззахийми?
    Нотугри тушунманг, максад нима? Шахардаги хар хил фейшнлар устидан кулишми ёки кишлокларда замонавий кийинишга булган интилишни коралашми? Кишлок хаёти билан якиндан таниш булмаган одамларда хажвиянгиз нотугри тушунча уйготади. Бу хажвия — кулолнинг куза учун корига лойини уз бзига чаплашига ухшайди, бошка нарса эмас!!!!!!!!!!!!!

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*