Фолбин можароси: фолбинни дўппослаган йигит; «Қайнонанг ўлса, сен бахтли бўласан»

photo_2016-11-29_09-31-13Қишлоғимизга борганимда бир воқеанинг устидан чиқдим. Бир киракаш йигит фолбин аёлни дўппослаб қамалиб кетишига сал қолибди. Воқеа бундай бўлган экан: дўстининг телефони йўқолади. Йигит уни ким ўғирлаганини билиш ниятида фолбинга борса, у ўша йигитнинг исмини тилга олибди.

Туҳматга, иснодга чидай олмай, у қўлига эрк берган экан.

Ўйлаб қоласан, киши. Кейинги пайтларда «фалончи фолчи бўлган эмиш», «фалончи иссиқ-совуқ қилар эмиш», «фалончи дуо ўқиб жинни чиқарар эмиш» каби гап-сўзлар қулоғимизга тез-тез чалинадиган бўлиб қолди. Ҳаттоки, орамизда бундай ҳолатларга табиий ҳол деб қарайдиганлар ҳам кўп. Бутун ҳаётини фолбиннинг «насиҳатлари» эвазига қуриб, остонасини чуқур қилган аёллар, афсуски, орамизда йўқ эмас.

Шундай аёллардан бирини яқиндан биламан. Ўн беш йил бўлибдики, ҳануз келини билан чиқиша олмайди. Ҳар сафар уни кўрганимда насиҳат қиламан. Келинингизга яхши муомала қилинг, деб. Аксинча, гарчанд нотўғри бўлса ҳам, у ўз фикрида қатъий туради. Яқинда фолбинга борибди. Фолбин аёл «қачон энаси ўлса, шундагина муносабатларинг яхши бўлади», деганмиш. Бу сўзга ишонган қайнона, Аллоҳдан қудасининг ўлимини тинмай сўрайди. «Бировга ўлим тилагунча, ўзингизга умр, имон сўранг», дейман. Кошки, сўзларим қулоғига кирса.

Касб тақозоси билан, вилоятларда, қишлоқларда бўлишимга тўғри келади. Яқинда Хоразмда бўлгандим. Такси ҳайдовчи “мана шу катта йўлнинг ўнг томонида яшайдиган Рустам деган йигит ўз-ўзидан табиб бўлиб қолди. Фол ҳам кўради. Одамлар қабулига оқиб бораяпди. Мен ҳам бормоқчиман” деди. Мен унга фолбинлар сеҳр-жоду билан шуғулланишини, муқаддас китобларда фолбинлик қораланганлиги ҳақида, бундай номаъқул ишларга уламоларимиз, дин олимлари қарши эканлиги хусусида гапирдим. Тушунтиришларим зоэ кетмади. Ҳайдовчи фикридан қайтди шекилли.

Хўш, нега фолбинлар, «дуохонлар», иссиқ-совуқ қилувчию олувчилар бу қадар кўпайиб кетмоқда? Нега одамлар уларнинг ҳузурига ёпирилиб боришмоқда? Наҳотки, одамларни тўғри йўлдан чалғитадиган фолбинларни тартибга чақириш мумкин эмас?

Мана шу саволлар қалам олишга ундади. Кимдир томоша учун, кимдир чиқмаган жондан умид қабилида, баъзилар эса “мендан нима кетди, бир борайчи, кўп пул олмас экан, одамлар боришаяптику”, дейишади. Бундай ишлар нотўғри эканлигини билсакда,миқ этмай турамиз.

Улардан «қандай фолбин бўлиб қолдингиз?» деб сўрасангиз, билганлари битта сўз. “Ўзимга қолса шу ишни қилмасдим. Аммо мажбурман. Оғир касал бўлгандим. Фолбинга боргандим, қўл олишинг керак деди, ўзи қўл берди”, дейишади.

“Майли, сиз айтганчалик бўлсин. Қўл олганингиздан сўнг яхши бўлиб қолибсиз. Шу ишингизни ташланг. Фол кўрманг. Одамларни бир-бирига гижгижламанг. Бу ишингиз учун эрта бир куни Аллоҳ ҳузурида жавоб берасиз, десангиз, битта жавобни билиб олишган.

“Менга Аллоҳнинг ўзи фолбинлик қилишни буюрган”, дейишади. Биринчидан, унинг бу фикри узоқни кўра олмаслигига далолат бўлса, иккинчидан, фолбинликни нафсининг буйруғи билан қилаётганини билмайди. Ёки билса ҳам билмасликка олади.

Ўзига ёқа бўлолмаган, бошқага енг бўлармиди?! Уларнинг ҳаётини ўргансангиз, ё фарзанди, ё бирор яқини албатта бемор бўлиб чиқади.

Бундай «касб» эгалари эса қайнона билан келин, эр билан хотин, овсинлар, туғишганлар, қишлоқдошлар ўртасига низо солишдан бошқасига ярамайди. Болаларнинг етим бўлишига, оналарнинг аччиқ кўз ёшларига сабабчи бўлсаларда, томошабин бўлиб туришаверади. Инсонларнинг яратишга, яшнатишга бўлган иштиёқини сўндириб, вақтини ўғирлаб, қўйди-чиқдилар, низолар гирдобига ташлайди. Яъни инсон куч-қувватининг беҳуда сарфланишига сабабчи бўлишмоқда.

Ҳаётда бошига беморлик тушмаган, мушкул вазиятда қолмаган инсоннинг ўзи топилмаса керак. Шукр, ҳозирда барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт соҳасида ҳам катта ютуқлар қўлга киритилди, киритилмоқда, шу билан бирга даволаш масканлари қурилмоқда. Замонавий тиббиёт асбоб-анжомлари, дори-дармонлар ҳар қандай касалликни аниқлашга, тузатишга қодир. Марҳамат боринг,даволанинг.

Бир зумда фолбин, «дуохон», «мулла» бўлиб қолганлар ҳузурига кўпроқ аёллар, қизлар боришаяпти. Бундай иродаси суст, маънавияти саёзларга фолбинликни касб қилиб олган дуохонлар, албатта, ўзларининг салбий сеҳр қувватини йўналтиришади. Қалбига, миясига, вужудига, руҳиятига салбий қувватни йўналтириб, уларни ўз измига солишади. Чалган ноғорасига ўйнатишади.

Оқил инсон яратиш, яшнатиш ишқи билан яшайди. Ва шу йўлда саъй-ҳаракат қилади. Тараққиётга ўз ҳиссасини қўшиб, қалб деган заминга яхшилик, эзгулик уруғини қадайди. Жоҳил кимса эса бузиш, бузғунчилик фикри билан яшайди. Инсонлар ўртасидаги ижобий муносабатларни емириб, қалбларга ёмонлик, ёвузлик уруғини қадайди.

Ойгул УБАЙДУЛЛА қизи

uzhurriyat.uz

Мақола 1 450 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*