Фарзандим

photo_2016-12-26_10-47-27

Майли менга очилмасин қувончларнинг дарчаси

Майли, ҳаёт бераверсин азобларнинг барчасин.

Туғилишинг умид билан кутадурман — сўнг сўзим

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Ўтди мана неча йилки, лекин сендан йўқ дарак

Йўлларинга муштоқ кўзлар, дилларимиз муштарак.

Нечун бизни сен бунчалар қийнайдурсан эй — фалак

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Чорак аср кутдим сени чидаб маломатларга

Яқинларнинг ғийбатидан қулоқ келар қоматга.

Фарзандим йўқ шу соҳада етолмадим омадга

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Онанг дейди: Қўйинг мени, уйланинг ўзгасига

-Сиз бош эгиб юрсангиз, мен чидай олмайман бунга.

Қачонгача юрадирсиз бошингизни эгиб, жим

Етмай умр тугасачи ўша бахтли кунларга.

Овутишга уринаман эркалатиб онангни

Бас қил дейман, қўйгин дейман, айтма бундай сўзингни.

Аллоҳ насиб қилар ҳали, етармиз шу кунларга

Ўтирасан эркалатиб ширин ўғил қизингни.

Турли миш-миш ғийбатларчи терс оқизар дарёни

Не ҳам дердим, асли, бир кам дейдилар бу дунёни.

Фарзанд йўқ-ми ҳеч келмаскан уқубатлар поёни

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Отилса ҳам чидайдурман туҳматга, таъна тошга

Қаро кўзлар кўрадилар неки келса бу бошга.

Томоғимдан луқма ўтмас, қўлим ҳам бормас ишга

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Болам сени узоқ кутдим, наҳот буни билмасанг

Онанг тинмай йиғлайверар, кўз ёш артиб турмасанг.

Отанг умри тугаяпти, шунда ҳам сен келмасанг

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Зардобларни ютиб яшар, онанг шўрлик зор йиғлаб

Тунлар тонгга улангайдур юрак бағирни тиғлаб.

Сени кутиб яшаяпмиз эртанги кунни ўйлаб

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Кўзимдаги қонли ёшим юзларимни ювганда

Юракдаги ҳасратларим қувончларни қувганда,

Ҳатто ожиз рақибим ҳам бу ҳолимдан кулганда

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Узоқ йиллар сени кутиб ёшга тўлди кўзларим

Ўзгаларнинг олдида ҳеч, айтолмадим сўзларим.

Кутиб умрим ўтса ҳамки бугун сенга эришдим

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Сен туғилдинг, ҳаётимга нуру зиё киргандай

Қувонаман ҳудди ғариб, олтин топиб олгандай.

Сенсан менинг зебу зарим, бир умрлик хазинам

Бошимдаги тожу тахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Отанг йиғлар қувончидан, ўз — ўзига сиғмасдан

Онанг йиғлар на дунёни, ён верини кўрмасдан

Туғилишинг бир олам бахт буни ўзинг билмассан

Умримдаги якка бахтим, ўзингдурсан — фарзандим.

Бошимдаги тожу тахтим, ўзингдурсан — фарзандим!

Зафар Зиё

Мақола 463 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*