Фаришта йиғлаган кеча

photo_2016-09-20_12-21-33Эркак қуюқ зиёфатда, улфатлар билан вақтичоғлик қилиб ўтирибди. Атрофида кетворган жононлар парвона. Ногоҳ қўл телефони жиринглаб қолди.

-Алло!.

-Ассалому алайкум, бу мен… илтимос гўшакни қўйиб қўйманг.

-Сен…-авзойи ўзгарди эркакнинг. –Нима керак сенга? Бошқа безовта қилма, дегандим-ку!

-Муҳим гапим бор…

-Тезроқ гапир, вақтимни олма.

-Бугун дўхтирга боргандим…

-Хўш?

-Гинекологга… Ҳомиладор эканман, тўрт ойлик.

-Нима? Эркакнинг кўзлари қинидан чиқай деди. Кейин чирт этиб ерга туфлади ва:

-Менга қара, зудлик билан болани олдириб ташла, эшитдингми? Сени огоҳлантирмаганмидим?-деди ижирғаниб.

-Дўхтир айтди, энди кеч экан… Нима қилишим керак?

-Телефон рақамимни эсингдан чиқар. Барибир, тан олмайман!

-Бу нима деганингиз? Қандай қилиб? Алло, алло… «Абонент хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида…”

ОРАДАН 3 ОЙ ЎТДИ.

«Салом, кичкинтой!”

«Салом, сен кимсан?”

«Мен сенинг ҳимоячи фариштангман!”

«Қизиқ мени кимдан ҳимоя қиласан? Ахир бу ерда бир ўзим бўлсам…”

«Буни вақти келиб биласан. Хўш, аҳволинг қандай?”

«Яхши. Мен тез катта бўляпман. Лекин… онам негадир хафа, ҳар куни йиғлаяпти”.

«Ўйланма, болакай, ўзи катталар шунақа – мудом нимадандир норози. Асосийси, сен кўпроқ ухла, куч йиғ…”

«Фаришта айт-чи, сен менинг онамни кўрганмисан?”

«Албатта, кўрганман. Онанг жуда чиройли…”

ОРАДАН ЯНА 2 ОЙ ЎТДИ.

«Фаришта, шу ердамисан?”

«Албатта, шу ердаман-да”.

«Онамнинг аҳволи яхшимас. Тинимсиз йиғлайди, ўзи билан ўзи уришади, кимнидир қарғайди…”

«Сен унга эътибор берма. Айтганча, ёруғ дунёни кўришга тайёрмисан?”

«Тайёрман, лекин жуда қўрқаяпман. Онам мени кўриб янаям қаттиқ хафа бўлса-чи, мени ёмон кўрса-чи?”

«Нималар деяпсан, жиннивой, у сени кўриб севинади. Сени, шундай ширин болани яхши кўрмай бўладими?”

«Фаришта, менга у ер ҳақида гапириб бер”.

 

«Бу ерда ҳозир қиш. Ҳаммаёқ оппоқ қор билан ўралган… Тез орада буни ўз кўзларинг билан кўрасан”.

БИР НЕЧА СОАТЛАРДАН СЎНГ…

 

«Вой, онажон ёрдам беринг, қийналяпман, вой…”

Болакай жуда осон туғилди. У онасига азоб беришни истамади. Аёл кўп дард чекмай қутулди.

БИР НЕЧА КЕЧА-КУНДУЗДАН СЎНГ…

Шаҳар чеккаси. Қор бўралаб ёғаяпти. Кўчада зоғ ҳам кўринмайди. Аёл юпқагина кўрпачага ўралган гўдакни эски бекат ўриндиғига қўйди.

-Болажоним мени кечир. Шундай қилишга мажбурман. Бошқа иложим йўқ. Ахир, сен билан қаерга ҳам борардим?. Мен ҳали жуда ёшман. Ҳаётим ҳали олдинда. Сен эса… йиғлама, ухла, қаттиқ ухла…Ҳаммаси яхши бўлади!

Аёл ортига қарай-қарай кетди.

«Фаришта, фаришта, қаердасан? Онам қаерга кетиб қолди?”

«Билмадим, билмадим, болакай… Хавотирланма, у ҳозир келади”.

«Фаришта нега овозинг бошқача, нима, йиғлаяпсанми?”

«Йўғ-е, сенга шундай туйилгандир-да. Ахир, мен фаришта бўлсам, фаришталар ҳам йиғлайдими, тентаквой…”

«Фаришта, илтимос, онамга айт, тезроқ келсин, бу ер жуда совуқ экан”.

«Ҳозир, ҳозир мен онангни чақириб келаман. Совқотаётган бўлсанг, йиғла. Қаттиқ-қаттиқ йиғла. Фақат ухлама. Эшитдингми, ухлаб қолма!”

«Йўқ фаришта, мен йиғламаслигим керак, онам шундай деди. Мен ухлашим керак”.

«Йўқ-йўқ, айтганимни қил, асло ухлаб қолма, болакай!”

Бу вақтда … Бола ташлаб кетилган бекатдан унча узоқ бўлмаган уйларнинг бирида эр-хотин тортишяпти:

-Тушунмаяпман, бу вақтда қаерга бормоқчисан? Сенга ҳали кўп юриш мумкин эмас. Бунинг устига нима бўлганда ҳам чиллалимиз.  Онам айтдилар-ку…

-Қанақа чилла? Тўққиз ой юрагим остида кўтариб, не-не умидлар билан минг азобда дунёга келтирган фарзандим бор йўғи икки кун яшади. Ҳамма туғруқхонадан боласини бағрига босиб, оналик бахтдан сархуш қайтса, мен жигарпорамни қаро ерга топшириб сўппайиб кириб келдим. Сиз чилла дейсиз…

-Ўзингни қўлга ол, сабр қил, жоним. Ахир, фарзанд доғидан қийналаётган бир биз эмасмиз.

-Мени йўлдан қайтарманг, илтимос. Бу уй мени ютиб юборай деяпти. Ундан кўра сиз ҳам кийининг, менга ҳаво етишмаяпти…

-Хўп, фақат охирги марта… бунақа бемаҳалда, совуқда кўчада юриш яхшимас.

Эр-хотин ташқарига бирга чиқишди. Аёл олдинлаб кетаяпти…

-Азизам, қаерга шошаяпсан? Бунча югурмасанг. Нима автобусинг кетиб қоладими?-ҳазиллашди эр.

-Айтсам ишонмайсиз, кимдир қўлимдан тортиб судраётгандек, ўзим ҳам тушунмаяпман…

-Мени қўрқитяпсан. Ўзи бекор гапингга кирдим. Эртагаёқ шифокорингга қўнғироқ қиламан.

-Жим эшитаяпсизми, йиғи овози келаяпти.

-Сенга нимадир бўлаётгани аниқ…

-Яхшилаб эшитинг, қаердадир бола йиғлаяпти.

Эркак бир зум тўхтаб, атрофга аланглайди:

-Ростдан ҳам, мана бу тарафдан чақалоқнинг йиғиси эшитилаяпти, юр-чи?

«Болажон йиғла, қаттиқроқ йиғла, онанг сени эшитсин”.

«Фаришта, фариштам келдингми? Мен сени роса чақирдим, қаерга кетиб қолдинг. Совқотиб кетдим…”

«Бўлди, шу ердаман. Онанг ҳам келди. Мана у сенинг қаршингда…”

-О, Худойим, чақалоқ-ку! Музлаб қолай дебди. Тезроқ уйга олиб кирайлик. Меҳрибон Эгам бизга боламизни қайтариб берди,-ҳаяжондан овози титраб чиқарди аёлнинг.

«Фариштам онамнинг овози ўзгариб қолибдими?…”

«Йўқ, адашма! Бу ҳақиқий онангнинг овози… Энди у сен билан бир умр бирга!”


Райҳон Қодирова.

Мақола 693 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*