Фақат сиз йиғламанг…

1390998716-222…Фарида Нурбекнинг орқа томонидан оҳиста юриб келди ва кафтлари билан кўзларини тўсиб олди:

-Тошми ё тупроқ?

-Тош десам нимани билдиради-ю, тупроқ десам нимани билдиради?

-Тош десангиз, кўзларингизни оғритиб қўйвораман, тупроқ десангиз шунчаки…

-Унда тош! Қани кучингни кўрсат-чи?

Фарида кучининг борича йигитнинг қовоқлари атрофини сиқиб турди-да, секин қўйиб юбора бошлагани эди, Нурбек унинг қўллани маҳкам ушлаб олди. Қайта кўзларини тўсиб қизга савол берди:

-Бу ўйининг қизиқ эмас экан. Кел, бошқачароқ ўйнаймиз! Ҳозир хаёлингга келган истаган саволингни берасан, мен эса жавоб бераман. Жавоб бермасам тош, жавоб берсам – тупроқ, деганим бўлади. Бўптими?

-Майли! – Фарида унинг кўзларини маҳкамроқ тўсди. –Унда бошладик… Хўш… Нимани сўрасам экан…

-Нимани билишни истасанг, сўрайвер! Ҳамма саволингга жавоб бераман. Жавоб бермасликдан ҳам қўрқмайман, негаки тош деганимда, кўзларим умуман оғримади!.

-Ҳо, шунақами ҳали? Унда биринчи савол: &Мен… сизни ташлаб кетсам йиғлайсизми? Турмушга чиқсам-чи?”

-Бунақа бемаъни саволларингдан яна кўпми? Жавоб беришни истамайман.

Фарида кафтларини тортиб олди. Айланиб келиб, баҳорнинг илиқ шабадасидан чайқалиб турган майсалар устига ўтирди.

-Мен жиддий сўраяпман… Илтимос, жавоб беринг!

-Йиғламайман. Сендан қутулганимга шукр қилиб, муҳтожга етти танга садақа ҳам бераман.

-Наҳотки?! Мен бошқага ёр бўлиб, оқ либос кийиб кетаверсам ҳам йиғламайсизми?

-Йигит киши йиғламайди. Ҳеч қачон. Айниқса, сенга ўхшаган пучуқни деб йиғлаш менга умуман ярашмайди!.

-Биринчи фарзандим туғилганида ҳам, бу менинг қизим бўлиши мумкин эди, деб йиғламайсизми?

-Йўқ! У пайтда менинг қизларим кў-ўп бўлади. Улар билан овора бўлиб сени унутиб юборган бўламан…

-Қизимни етаклаб мактабга борганимда, учрашиб қолсак ҳам йиғламайсизми?

-Йиғламайман! Бас қил энди. Мен фақат сени соғиниб йиғлашим мумкин!. Сен ёнимда бўлмаган ҳар дақиқа соғинч азобларига тўла! Тушундингми?!

-Йўқ, ундай қилманг. Йигит йиғламайди. Сиз ҳам йиғламанг! Йиғламаслигингиз керак… Чунки… Кеча таклифномани олдим…

Нурбек индамади. Шусиз ҳам дарди-дунёси қоронғу бўлиб, Фаридани қандай овутишни, бу ёғига қандай йўл тутишни билмай турганди… Аясига синфдоши Ойниса опанинг қизи – Фаридани севишини айтганида…

***

Ҳа, Нурбекнинг аяси Сабоҳат билан Ойниса бир синфда ўқиган, бирга-бирга мактабга қатнаган. Келажакдаги орзулари, биринчи муҳаббати ҳақида сирлашган дугона эдилар. Ниҳоят, мактаб йиллари ортда қолиб Сабоҳат педагогика олийгоҳига Ойниса тиббиёт билим юртига ўқишга қабул қилинди. Биринчи бўлиб Ойниса, икки йилдан сўнг Сабоҳат турмушга чиқди. Фарзандини дунёга келтирган Сабоҳат миттигина Нурбекни юз-кўзларига қараб тўймасди. Бир пайт жажжигина бошини гоҳ ўнг, гоҳ сўл томонга буриб кўкрак излаган Нурбек ингалаб йиғлаб юборди. Ҳарқанча эмизишга ҳаракат қилмасин Сабоҳатнинг ҳаракатлари зое кетди. Сут келмаётган онаси кўкрагини эмишдан бош тортган чақалоқнинг йиғиси бошқа палаталарга ҳам эшитилиб турарди. Бу пайтда Ойниса иккинчи ўғлини туғиб Сабоҳатга ёнма-ён палатада ётган эди.

 

Чақалоқ йиғиси кучайиб боргани сайин Сабоҳат нима қилишни билмай шошарди. Нурбекни қўлига олган Ойниса дугонаси каравотининг бир четига ўтирди-да, кичкинтойга кўкрак тутди. Тамшаниб эмаётган чақалоқнинг пешонасидаги зера-зера терларни меҳр билан артаркан Ойниса: — Энди менинг ўғлим учта бўлди,-деди жилмайганча. Сабоҳат дармонга киргунча уч тўрт кун Нурбекни эмизишда давом этди…

***

Файзлигина тўй бўлиб ўтди. Даврага чиқиб, бир-икки рақсга тушган Фарида ўзидан ўтаётганини фақат ўзи биларди. Ўша тунда билмайди тақдирига қанчалар лаънатлар ёғдирганини. Билгани – энди унга Нурбек бегона. Унинг суюклиси ўтмиш саҳифаларида қолиб кетди…

Аччиқ аламлар таъқибидан нажот излаган қиз ўзини ўқишга урди, умрининг бир неча йиллари бегона шаҳарнинг совуқ бағрида ўтди.

Ўқишни битириб, уйига қайтгач эса, ота-она хоҳиши билан бамаъни оиланинг фарзандига турмушга чиқишга рози бўлди. Тўймисан-тўй бўлди. Чақирилган ҳам келди, чақирилмаган ҳам. Ёлғиз қизим, деб бор бисотини сочди онаси. Кўрар кўзим, деб бор давлатини сочди отаси. Нурбек ҳам келди. Оппоқ либосда машина томонга бораётган Фаридани кўрди. Кўзларига ёш келди…

-Дада менгаям кейинни кўйсати-нг,-катталар орасида пилдираб юриб, келинни кўролмаётган кичкинтой Фарида дадасининг ёнига келди. У қизчасини кўтариб, елкасига миндириб олди. Жажжи Фарида келинни томоша қила туриб, дадасининг кўзларини кафтлари билан тўсиб олди, қўллари кўзёшларни ҳис қилиб, ҳайрон бўлди.-Дада, йиғяяпсизми?

-Ҳамма тўйга келганда, қувончдан йиғлайди, шундай тўйларни кўриш эл-у юртга насиб этсин, деб…

-Дада мениям тўйим бўйса, йиғяйсизми? Оқ кўйяк кийсам, Фарида опамдан чиёййи бўйсам?

-Ҳа йиғлайман… Бахтингдан қувониб йиғлайман..

-Бийинчи майта мактабга бойсам ҳам йиғяйсизми?

-Ҳа…

-Нега йиғяйсиз?

-Чунки, сен ёнимда бўлмасанг сени соғиниб қоламан…

Машинага ўтираётган Фарида уларнинг суҳбатини эшитиб ортига ўгирилди.

-Фақат сиз йиғламанг… У кетса, барибир қайтиб келади-ку!

Нурбек у билан қайта кўришмади. Йиллар ўтиб, яна иккита қизли бўлди, кичик қизини мактабга етаклаб борди. Синфда Фарида ҳар бир ўқувчини ўзи қабул қилиб олаётган эди…

Кўзлар бор йўғи бир лаҳзага учрашди. Илкис, бош кўтарган соғинч юрагини куйдириб юборди. Тезда ортига бурилиб кетаётган Нурбек кўз ёшларини қўллари орқаси билан сидириб ташлаб қадамини тезлатди…

Райҳон ҚОДИРОВА

«Uchquduq» газетасидан олинди.

Мақола 1 040 марта ўқилган

2 Комментариев для Фақат сиз йиғламанг…

  1. йиғламай бўларканми.:'(

  2. ha ajoyib manam shunga o’xshash holatga yaqin turibman. Faqat undr bo’masligini isteman

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*