Эътиборга тушаман деб эътиқодни унутманг

27-1024x633ЛИБОС инсоннинг кўрки, деган гап бежиз айтилмаган. Одамнинг кимлигини, нечоғлик маданиятли ва маърифатли эканини кийимига қараб ҳам билиб олса бўлади. Момоларимиз кийган ипак, шойи, атлас каби матолар ҳозиргача дунёни лол қолдириб келади. Афсуски, ҳозирги кунда айрим ёшлар томонидан кийинишга етарлича эътибор бермаслик, яъни яримяланғоч, очиқ-сочиқ кийиниш ҳолатлари учраётганлиги кишини ўйга толдиради. Баъзи ёшларимиз замонавийликни тор, калта юбкалар кийишда-ю, юзини, сочини турли рангга бўяб юришда, деб тушунишмаяптимикин?

Ҳаёсизлик ва ёвузликни тарғиб этувчи “Даҳшат”, “Қайноқ бўса”, “Ажойиб қизча” каби бемаъни қочириқлар битилган кийимларни кийиб юришганига нима дейиш мумкин? Устига устак шимлар ва юбкалардаги сунъий йиртиқларнинг беўх­шовлигини айтмайсизми.

Бу кўр-кўрона ғарбга тақлид эмасми? Миллий ғурур қаерда қолди?

Миллий ғурур бу — ҳар бир миллатнинг ўз-ўзини англаши натижасида содир бўладиган ички руҳий кайфият. Бу туйғу ўз она замини, авлод-аждодлари томонидан қолдирилган моддий, маънавий меросидан, ўз миллатининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаларидан, ўзга миллатлар олдидаги қадр-қиммати, обрў-эътиборидан фахрланиш ҳиссиётидир. Ўз миллатини севадиган ҳар бир инсон, унинг ютуқлари, обрў-эътибори билан фахрланади, завқланади, унинг муаммо­ларига бефарқ қараб тура олмайди.

Шу ўринда келинларнинг тўй либоси ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни жоиз, деб ҳисоблаймиз.

Қиз бола вояга етгач умрида бир маротаба бўладиган гўзал оқшомида маликалардек оппоқ либосда туришни хоҳлайди.

Лекин бу хоҳиш кўр-кўрона ғарбона урф­га интилишдек бўлмаслиги лозим. Яримяланғоч, яъни елкалари очиқ ҳолда кийиниш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Ҳатто куёвларимиз ҳам ўзларини ибо ва ҳаёда танҳо, деб танлаган ёрларининг бу каби кийинишларига таажжуб билан қарамоқдалар.

Хонадон катталари — қайнона-қайноталарнинг олдида бу кўринишда туришнинг ўзи қизларимизда ваҳима уйғотиши керак аслида. Қизларимиз тўй либосларини танлаётганда унга алоҳида эътибор қаратишлари, ўзимизнинг миллийлигимизни, ор-номусли ўзбек қизи эканликларини асло унутмасликлари лозим. Биз жойларда ўтказаётган тарғибот тадбирларида бунга алоҳида урғу бериб, жонли мулоқотларда тадбир иштирокчиларининг фикрлари билан қизиқмоқдамиз.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, инсонда ҳамма нарса гўзал бўлмоғи лозим: юзи ҳам, кийими ҳам, қалби ҳам, фикри ҳам. Гўзаллик —  бамисоли дарахт, унинг япроғи — ахлоқ, илдизи — ички дунё, меваси — инсоний фазилатдир. Гўзаллик ҳам шу япроқлар, шу илдизларсиз яшай олмайди. Буларсиз гўзаллик йўқ.

Хулоса шуки, одамдаги гўзаллик — табиат ато қилган ҳусн-жамолдан ташқари, яна энг яхши хулқ-атворни, инсондаги энг яхши фазилатларни ўз ичига олган одамийликдан иборатдир.

 

Мухтасар ТЎРАЕВА.

«Inson va qonun» газетасидан олинди.

Мақола 351 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*