Эски удум

Презентация1Ҳар йили кеч куз қишлоқдаги эски ҳовлиларида барча оила аъзолари йиғилишади. Одатдагидек бу гал ҳам элдан бурун ўзи етиб келди. Кириб борганда уйда ҳеч ким йўқ эди. Бироз иккиланиб туриб қолди. Болалиги ўтган, ҳаётга илк муҳаббати уйғонган қадрдон жойда биринчи марта ўзини бегонадек туйди. Атрофга аланг-жаланг назар ташлаб чиқди. Ҳаммаси ўша-ўша: саранжом-саришта. Фақат деворлар сал-пал нурай бошлабди, холос. Ё кўзига шундай ётсираб кўрин­яптими, ҳарҳолда, унчалик тушунмади.

– Келдингми? – деди онаси ҳовли этагидаги дарахтдан терилган сап-сариқ беҳиларга лиқ тўла саватларни сўрига қўяр экан.

Хаёл билан бўлиб онасини пайқамай ҳам қолибди. У югургилаб бориб, қўлидагиларни олди.

– Оғир бўп кетибди-ку, – деди беихтиёр инқиллаб, зил-замбил идишлардаги меваларни ёзилган дастурхонга тўкаркан.

– Кўникиб қолганман, – деди онаси вазмин ўғлини қучатуриб, нафасини ростларкан. У ўзини ноқулай сезди. Айбини яширмоқчи бўлгандек, маҳкам қучоқлаб олди. Онаси “Ҳечқиси йўқ!” дегандек елкасига қоқиб қўйди.

– Бардаммисиз, – деди секин пичирлаб.

Онаси индамади. Бироздан сўнг:

– Невараларим яхшими?.. Келинни олиб келмадингми? – деб сўради ўсмоқчилаб.

– Келишмоқчийди, йўлимиз қовушмади, – деди истар-истамас.

– Балки ҳамёнинг кўтармагандир?.. – дангалини гапириб қўя қолди она.

– Шунақароқ, – деди тан олиб у ҳам, тушунарсиз оҳангда минғирлаб.

– Бекор қипсан. Уларниям соғинганман ахир. Ўзим боролмасам, – зорланди онаси. – Ҳартугул, амалласанг бўларди-ку. Улар учун олмурутдан қоқи солиб қўйгандим.

Болалари туршакнинг ана шунақасини ёқтиришарди. Айниқса, бувиларининг сутга солиб қайнатиб бергани жони-дили эди. Унинг таъмини шаҳарга қайтганларида ҳам кўп эслаб юришарди.

– Ўқишлари қолиб кетмасин тағин. Таътилда олиб келарман, – деди базўр.

Онаси яна жимиб қолди. Индамай беҳиларни саралаб, иккига ажратарди. У бирпас кекса онасининг юмушини кузатиб турди. Кейин кийимларини алмаштириб чиқиб, ёрдамлаша бошлади.

– Қўявер, ўзим уддалайман, – деди кампир истамайгина. Аммо у ўзини ишчан кўрсатиб, янаям чаққон ҳаракат қила кетди. Бу иши онасига ёқмади, шекилли:

– Авайламасанг заҳа қиласан, – деди жеркиб. У гап оҳангидан ҳаммасини тушунди. Бояги гинахонлик ҳалиям тарқамаган эди. Энди кўнг­лини овлаш йўлини излай бошлади.

– Яна териб ўтайми?.. – сўради бўшаган саватларни қўлига оларкан.

– Шуниси ҳам етар, – деди онаси эринибгина. – Улар ўқиб нимани қойиллатишарди. Бариси урф-одатларни унутишяпти. Катталардан узоқлашишгани қоляпти.

Очиғи, нима деярини билмай боши қотди. Онаси тўғри айтарди. Ўйлаб кўрса, ўзи ҳам ўқимишли бўлиб худди шундай қилган. Минг­­ни уқиб тузукроқ ҳол сўрашни билмаса одам, ундан не наф. Бу иддаоларнинг бариси ўзига қаратилган асли.

– Ҳаёт шунақа экан-да. Вақт бир жойда кутиб турмаса. Замон кундан кун ўзгариб бораётган бўлса…

– …Ақлимни танибманки, ҳаммаси ўша-ўша. Дунё ҳам жойида. Аввал қандай бўлса ҳозир ҳам шундай, – гапини чўрт кесди онаси. – Яна сенга айтсам, одамзотнинг ўзи ўзгарган!

У тортишишни хоҳламади. «Буларнинг бари бор гап, – деб ўйлади. – Лекин кечаги кун билан бугун бир-бирига ўхшамайди-да барибир…» Хаёлидаги фикрлар тўқнашувида яна бўш келгиси келмасди унинг.

– Сен тоғораларни ол! Анор узамиз, – деди онаси хаёлини бузиб. У беихтиёр бўйсунди. Идиш­ларни кўтариб, онасига эргашди.

Анорзорда ҳосил мўл эди.

– Бу йил ҳаво яхши келди. Ҳамма мевалар бошини еб солди. Ҳар йилгидан тузук-да, ҳарҳолда. Бултур бари дарахтларни совуқ урганди. Авж олмасмикин, деб қўрққандим. Худога шукур! Ўзининг раҳми келди. Бўлмасам, биз ҳам ўтириб қолардик.

Онаси пишиб етилган катта-катта анорларни битта-битта узиб унга узатарди. У бўлса авайлаб саватларга жойларди. Ёрилганларини алоҳида қилар, сараларини бошқа ёққа терарди.

– Гулини пастга қаратма. Эзилса узоқ турмайди, – танбеҳ берди онаси. – Нима бало, ҳаммасини унутибсан-да!?

– Қўлим анча чиққанми дейман, – ўзини оқламоқчи бўлди у.

– Ҳа-аа… Отангнинг сендан умиди катта эди. Буни катта шаҳарда ўқитамиз, дерди раҳматли. Айтганини қиладиган одам эди-да. Шунинг учунам ҳамма ҳурмат қиларди.

Болалигида боғда отасига кўп ёрдамлашган. Баҳорда дарахтларнинг тагини юмшатиб, ўғитлашишар, кузда эса ҳосилни йиғиштиришарди. Отасининг қизиқ одати бор эди. Ҳар доим пишган меваларнинг олдини қўшниларга улашарди. Нима сабаб бундай қилганига ҳалига довур ақли етмайди. Отасидан сўраганда: «Келаси йил учун», дерди жилмайиб. Тўғриси, бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрмаган экан.

– Қолганлар ҳаяллашдими?.. – гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлди у ака-укаларига ишора қилиб. Йўқса, онасини билади. Кўзёш қилиши аниқ. Ўпкаси тўлиб турибди. Бунинг устига, бошидан йиғлаб олса, минг йиллик йиғин ҳам татимайди.

– Ҳадемай келиб қолишади. Уйни тўзитишади ҳали, – фикрини бўлди онаси.

– Ҳаммалари катта бўлиб қолишгандир? – жиянларини сўради у.

– Нимасини айтасан. Ўҳ-ҳў… Ақл ўргатишади сенга. Келишса кўрасан.

Онаси невараларининг қайси бир қилиқлари эсига тушдими, мийиғида кулиб қўйди. Икки сават ҳам қип-қизил анорларга лиқ тўлди. Энди меваларни банди билан узиб, тоғораларга жойлай бошлашди. Бу сафар бир қатор қилиб териб чиқишди.

– Бўлди, етарли, – деди онаси бироз ўтиб. – Қолганини кейинроқ йиғиб оламиз.

– Мен териб қўяқолай, – деди у онасининг чарчаганини билиб.

– Бутун бошли боғни сенга ишониб бўларканми?..

– Эпларман.

– Узоқ йўлдан келгансан. Юр энди, – деди онаси қатъий.

Улар идишларни олиб боғдан чиқишди. Ҳаммасини кўтармоқчи бўлганди онаси кўнмади. Қўярда-қўймай бир сават билан тоғорани ўзи олди.

– Унақада анорлар эзилади, – деди дакки бериб.

Шу пайт дарвозахонадан дупур-дупур оёқ товушлари эшитилди. Ким, дейишга улгурмасидан ака-укалари етиб келиб, зумда қўлларидаги идишларни олишди. Онаси айтгандай, бирпасда қий-чув, тўс-тўполон бошланди. Кичкина жиянлари хархаша қилишар, катталари бўлса юпатишарди.

– Кўрдингми буларнинг қанақалигини? – деди онаси уларга қарата қош учириб.

– Бувиларига ўхшаган-да, – деди у ҳам мийи­ғида кулиб.

– Кошки шундоқ бўлса. Отасининг ўзгинаси. Мана бунисининг ширинлигини қара. Мени кўргани келибди-да жужуғим, – дея энг кичкина набирасини кўтариб бағрига босди онаси. Чўнтагидаги ширинликлардан бериб, бироз эркалади.

– Э-ээ, бормисиз, ака! – сўрашди укаси шошиб келиб.

– Раҳмат.

– Бизсиз бутун ҳосилни йиғиштирибсан-да, ука, – деди акаси ҳам кўриша туриб.

– Яхшимисиз, ака.

– Худога шукр. Ўзинг тузукмисан? Оиланг тинчми?.. Қани улар!? Нега олиб келмадинг? Бир ёзилиб кетишарди-да.

– Ҳадеб авайлайвермай қишлоқ офтобидан ҳам едиринг уларга, ака! – деди укаси ҳам қўшилиб.

У тузукроқ баҳона тополмай кулиб қўя қолди. Бирин-кетин жиянлари келиб кўриша кетишди. Катталари бўйи баробар чўзилишибди. Ҳаммасини кўриб хурсанд бўлди. Янгаси билан келини ҳам ҳоллаша туриб, оиласини сўрашди. Ростданам олиб келса бўларкан.

Бирпасда айвонга дастурхон ёзилди. Синг­лиси келибоқ ош-овқатга уннади. Онаси келинлари билан нон зуваласини олишга тушди. Бу ғимир-ғимирларни кўриб калласи айланиб қолди. Ҳамма нарса тахт эди. Онаси ҳатто хамиргача қориб, тайёрлаб қўйган экан. У нима қиларини билмай, тандирга ўт қалади. Косов билан оловни кавлаб, сал қолди қошини куйдиришига. Хижолатдан ариқдаги сувга йиқилай ҳам деди. Тоза кулги бўларди-да ўзиям. Жиянлари амакиларининг ҳаракатларини бир-бирига кўрсатиб, қиқирлашарди. Ер ёрилмади-ю, кириб кетмадиям… Амаллаб тандирни қизитиб олди. Онаси келиб, ўзи нон ёпди. Тандирнинг жағига митти кулчалардан ёпиштирган экан, бироздан кейин узиб унга узатди.

– Ма, еб ол! Эсингдами, бола пайтларинг доим кулча пишишини пойлардинг, – деди. У қўли куя-куя синдириб оғзига солди. Ҳақиқатан ҳам, жуда мазали. Хотиралар вужудида ажиб ҳис уйғотди чоғи, алланечук бўлиб кетди.

Шу йўсин қош қорайди. Кечки овқатга барча жамулжам бўлди. Ҳамма ёқни эндигина тандирдан узилган иссиқ нону, иштаҳани қитиқловчи қовурма таомларнинг иси тутди. Меваларнинг ҳидини айтмайсизми? Нақ димоғни ёради-я! Ҳаммалари бирга ўтиришиб тановвул қилишди. У ёқ-бу ёқдан гаплашиб, кўнгил ёзишди. Онаси неваралари билан анча овунди. У ҳам яқинлари қаторида ўзини енгил сезди. Барча ташвишларини унутгандек бўлди. Дастурхонни йиғиштирар вақти отасини эслашди. Онаси ўтганлар ҳаққига дуо қилди. Шу билан бу йилги йиғинга ҳам якун ясалди. Ҳамма тарқади. Бир зумда уй яна ҳувиллаб қолди. Ётар маҳал онаси гапга тутди.

– Қачон қайтасан?

– Эртага.

– Бироз қолмайсанми?

– Ишларим кўп. Кейин неваралариз…

– …Отанг ҳосилнинг бошидан шаҳарга жўнат, деб тайинлаганди, – деди секин гапини бўлиб. – Шунинг учун эрталаб инжиқлик қила кўрма!..

Ҳар гал шу – кетар маҳал онаси бир дунё нарсаларни қўлига тутқазарди.

– Хўп, – деди бош қимирлатиб.

Аммо онасининг ичидаги гап бошқа эди. Уни айтолмай қийналаётгани яққол сезилиб турарди.

– Бояги сўзларимдан хафа бўлмагин яна. Болаларни ўқитинглар. Келинга ҳам тайинла. Кўп куюнавермасин. Дунё ўзи шундай…

Онаси нимага шама қилаётганини тушунолмай бироз гарангсиди. Узоқ вақтдан бери хотинининг тоби йўқ эди. Бироқ онаси буни билмасди-ку! Ҳайрон бўлиб қараган эди:

– Ёз охирлаб қолганда келин тушимга кирувди. Оппоқ кийимда фаришта мисол учиб юрган экан. У осмонга қараб талпинар, сен бўлса ерга тортардинг. Тузукла, бетобга ўхшайди. Ҳали соғайиб, отдай бўлиб кетади. Кўп сиқилаверманг­лар.

У нима деярини билмай, жим қотиб қолди. Вужуди қулоққа айланиб, фақат тингларди.

– Яна бир гап, – деди онаси чуқур хўрсиниб. – Доим бир нарса ичимни эзади. Дийдор қиёматга қоладими, деб зириллайман. Гапимни бўлишга шошилма. Ўзимни ўзим яхши биламан. Отангдан кейин анча чўкдим. Ишларим ҳам аввалгидек унмаяпти. Ҳаракатда мадор йўқ. Қаридим, шекилли. Бариси орқага қараб кетяпти. Буни ўйлаш қанчалик оғир бўлмасин, бу – ҳақиқат! Ҳақиқат эса доимо аччиқ…

Минг ҳаракат қилиб, гапиришга чоғланса ҳам, буни уддалай олмади. Ҳатто онасини юпатувчи бирор сўз айтолмади.

Тун ичи онасининг гапларини ўйлаб мижжа қоқмади. Қуёш бош кўтармай, акаси билан укаси етиб келди. Тонг саҳар катта йўлгача кузатиб қўйишди.

Кетар чоғ онасини маҳкам қучоқлаб, хайрлашди.

– Умрингиз узоқ бўлсин! – деди секин.

Онаси дуо қилди.

– Яқинларингни йўқлаб тур, – деди ортидан.

Йўлда атрофдаги дов-дарахтлару қадрдон йўллар ҳам онасининг гапини такрорлаётгандек туюларди. Бир томондан яқинлари билан бўлган кечаги ўтириш завқию бошқа тарафдан онасининг тундаги оҳи-зори ичида тортишарди. Улардан қочай деб қочолмасди. Осмон олис, ер қаттиқ. Манзилгача эса ҳали анча бор эди.

– Албатта, – деди беихтиёр пичирлаб ўзига ўзи, кетиб бораркан.

Келаси йил кеч куз қишлоқдаги эски ҳовлиларида барча оила аъзолари яна йиғилашади.

 

Мақола 415 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*