Эсингдами сени қиш кунлари…

photo_2017-01-04_17-55-36

Ойнадан ташқарига термуламан. Борлиқни оққа буркашга қасд қилгандек, бўралаб қор ёғяпти. Шундай чиройли… Шундай ёқимли… Телефоним хотирасидан мен учун бир пайлар жуда қадрдон, лекин анчадан буён менга бегона қўшиқни қидираман. Мана у. Эҳҳе, бир пайтлар қандай севиб тинглардим уни, севиб… тинглардик. Тунми, кунми фарқи йўқ, қўнғироқ қилардингда, «радиони ёқ бизнинг қўшиқ чиқди» деб хитоб қилардинг. Мен хам қилаётган юмушимни ташлаб, радио мурувватини сен айтган тўлқинга мослашга шошилардим. Кейин телефондан сенинг нафасларингни, радиодан қўшиқни тинглардим.

Балки тунда шамоллар очар деразангни,

Сен туриб ой нурида, эслайсан ўтган кунларни.

Ажаб… Қара шу қўшиққа кўчгандек тақдиримиз. Мана мен, мана ой. Мана сенинг хотираларинг. Мен уларни эслаяпман, соғиняпман…

Шунда қараб сенга юлдузлар,

Устингда чарақлар осмон.

Пайдо бўлар қўзингда ёшлар

Лекин у кунлар қайтмас ҳеч қачон.

Йўқ! Йиғламаяпман. Бу кўзимдаги ёш эмас, булар шунчаки… Ахир сенга йиғламайман, сендан баландроқ, бахтлироқ бўламан деб ваъда берганман. Агар ваъдамни бажармасам сен ҳеч қачон ўзингни бахтли ҳис қилолмайсан. Мен эса буни хоҳлайман. Сен ҳаммадан ҳам кўра бахтлироқ бўлишинг керак, ҳаммадан ҳам бахтли.

Эсингдами, сени қиш кунлари,

Совуқ шамоллар учирар қорларни.

Шу кунда биз таншидик

Ва… Бирга бўлишни хоҳлар эдик.

Ха, сени қишда учратгандим. Атроф оқликка беланган кунда. Қўполгина кийим бошларим, совуқдан қизарган бурним. Сени мени шундай ҳолатда, қандай бўлсам шундайлигимча севиб қолгандинг. Ха, қандай бўлсам шундайлигимча! Сен учун ҳеч нимани аҳамияти йўқ эди. Биз чиндан хам бирга бўлишни жуда жуда хоҳлагандик. Севгимиз кимларгадир ибрат бўлишини, бахтли ҳаётимизга кимлардир ҳавас қилишини чин юракдан истагандик. Гарчи буни хом-хаёллигини ич-ичимиздан сезиб турсакда. Балки сен сезмасдинг, лекин мен…

Мен кўзларинга қарардим

Ва бу тушлигини билардим.

Тун ўтар ва келар тонг,

Ва биз учрашмаймиз ҳеч қачон…

Сени илк бор кўрганимда ишқни қанчалик ҳис этган бўлсам, айрилиқ муқаррарлигини хам шунчалик сезганман. Сен билан мен, бошқа бошқа муҳитда тарбия топганмиз. Сенинг оиланг, менинг оилам… Уларнинг бирлашмоғи мумкин бўлмас хол эди. Шундай бўлди хам.

Аммо керакмас кўз ёшлар тўкиш,

Тасодиф учрашувни қийинмас унутиш.

Бизни тасодиф қандай учраштирган бўлса, шундай айирди. Ҳатто сенга айтмоқчи бўлган тилакларим хам, дилимга армон бўлиб чўкди. Йўқ, мен уларни айтмоқчи эдим, сен истамадинг. Балки мендан кўнгли қолсин, мени унутсин деб шундай йўл тутгандирсан, билмадим. Лекин сени йиллар ўтсада унутмадим. Бундан кейин хам унутишимга кўзим етмайди, ахир…

Лекин умидлар қолди қалбимда,

Булар бўлганди тушдамас, ўнгимда.

Мана биз севган қўшиқни ёлғиз тинглаяпман. Сен бахтлидирсан?! Балки ширингина (худди мен билан орзу қилганингдек) тўполончи болакайнинг бахтиёр дадажонисига айлангандирсан? Мени хам бахтсиз деб ўйлама. Токи тирик эканман, сенинг хотираларинг билан бахтлиман!

Ишон бир куни биз албатта учрашамиз. Ўшанда мен ваъда берганимдай сендан кўра бахтлироқ бўламан, сен эса менга берган сўзингдай мендан кўра бахтлироқ. Ширин орзулар билан бошланиб, аччиқ ҳақиқат билан тугаган ишқ қиссамизни, гарчи тилларимизга чиқаролмасакда, хаёлан хотирлаймиз. Ўша дам сенинг, хам менинг хам дилимизда энг беғубор савол айланади:

Эсингдами сени қиш кунлари…

Шукрона Алишер қизи

Мақола 561 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*