«Эълон»

photo_2017-01-06_10-07-09

Самаджон уйланди. Ёш оила тинч ва тотув яшай бошлади. Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтди. Эрининг топиш-тутиши яхши, ҳамма нарса етарли эди. Бироқ оила фариштаси – Озодахонда негадир ялқовлик касали бошланди. Кечки овқатдан сўнг кўпинча идиш-товоқ ювилмай, уй супуриб-сидирилмай қолар эди. Самаджон аввалига ўзини билиб-билмасликка олди. Балки вақт ўтиб, яхши бўлар, деб ўйлади. Йўқ, қараса, уй юмушларига бундай муносабат хонадон бекасининг кундалик одатига айланди. Хонадондан гўё файз, барака кетгандек эди.

Оила бошлиғининг боши қотди. Нима қилмоқ керак? Шундай антиқа бир тадбир ўйлаб топиш керакки…

Самаджон эртасига эълонлари кўп газеталарни сотиб олди. Ўзи ҳам уларга эълон ёзиб юборди.

Кунлар шу зайлда ўта бошлади. Кечқурунлари эр-хотин ишдан келганларидан сўнг телефон қўнғироқларининг овози тинмас эди. Қўнғироқ қилаётганлар турли саволлар билан қизиқишарди. Мана, яна қўнғироқ. Озодахон асабий ҳолда бориб гўшакни кўтарди. «Қанақа эълон? Йўқ, сиз янглишиб тушдингиз. Нима?… Ҳа, мана шу манзил… Қайси газетадаги эълонни айтаяпсиз, ўзи?»

Озодахон телефон столидаги бир даста газетага қараб, ундан тегишли эълонни топди. Унда шундай сатрлар бор эди: «Уй юмушларини бажариш учун хонадон бекаси таклиф этилади. Мурожаат учун телефон…»

Шу пайт яна телефон жиринглаб қолди. Озодахон ҳар галгидек, телефон гўшагини кўтараркан, босиқ, лекин ишончли овозда деди: «Йўқ, бу хонадоннинг бекаси бор. Илтимос, бошқа безовта қилманг!..»

Самаджон бу пайтда ойнаи жаҳондан берилаётган концертни томоша қилар, бўлиб ўтаётган гап-сўзларни эса гўё «эшитмас» эди.

Эртасигаёқ оилада муҳит ўзгарди: ҳамма нарса жой-жойида, идишлар ювилган, хоналар ораста. Хонадонга яна аввалгидек файз кирди.

Байт: Эй, дил! Масрурлик бахш этар нима, инсонга? Тинчлик ва аҳиллик ҳаловат жонга.

Обиддин МАҲМУДОВ

Мақола 722 марта ўқилган

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*