Шавкат Мирзиёев: Электр энергияси таъминотини яхшилаш дастури ишлаб чиқилмоқда

27314833-680x51019 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига Республика Президенти вазифасини бажарувчи, Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев номзодини кўрсатиш ҳақида қарор қабул қилинди. Съездда Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида маъруза қилди.

Шавкат Мирзиёев ўз маърузасида ичимлик суви, электр энергияси, йўл-транспорт инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларни бирма-бир таҳлил қилди.

«Келажакда тасдиқланадиган Қишлоқ аҳоли пунктларида ичимлик суви тармоқларини кенгайтириш ва модернизация қилиш дастури биз учун ғоят долзарб бўлган муаммоларни ҳал этишга қаратилади.

Бу муаммолар асосан қуйидагилардан иборат: биринчидан, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 67 фоизни ташкил этмоқда; иккинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида марказлашган ичимлик суви таъминотида муаммолар мавжуд.

Бу йўналишда ўтган даврда мамлакатимизда катта ишлар қилинганини албатта эътироф этиш зарур. Айни вақтда аҳолимиз сони ўсиб, охирги 25 йилда 10 миллионга кўпайди ва бугунги кунда 31 миллион 800 мингни ташкил этмоқда.

Шунинг учун нафақат янги оилалар ва маҳаллалар, балки ўнлаб янги-янги қишлоқ ва шаҳарчалар пайдо бўлаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мавжуд вазият бу борада кечиктирмасдан, самарали чоралар кўришни талаб этмоқда.

Бугунги кунда аксарият жойларда одамларни қийнаб келаётган ана шу муаммони ечиш мақсадида келгуси беш йил давомида қарийб 9 минг километр ичимлик суви тармоқлари, 1 минг 400 та қудуқ ва 3 минг 600 та сув иншооти қурилади ва реконструкция қилинади.

Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё, Самарқанд, Тошкент, Хоразм вилоятларида 3,2 миллион аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мамлакатимизда ушбу кўрсаткични 67 фоиздан 84 фоизга етказиш имконини беради.

Шу мақсадда Молия вазирлиги ҳузурида «Тоза сув» махсус жамғармаси ташкил этилади.

Ушбу устувор вазифаларни амалга ошириш учун ҳозирги вақтда Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигини ташкил этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўриб чиқилмоқда.

Бугунги кунда аҳоли ва корхоналар томонидан электр қуввати етказиб бериш масаласида кўплаб эътирозлар мавжуд эканини очиқ тан олиш керак. Бунинг сабаби шундаки, мамлакатимиз бўйича 67 фоиз паст кучланишли электр тармоқлари эскирган бўлиб, трансформатор пунктлари зўриқиб ишламоқда. Куз—қиш мавсумида уларни алмаштириш бўйича бажарилаётган ишлар эса масалани тубдан ҳал этаётгани йўқ.

Шунинг учун кафолатланган ва барқарор электр қуввати етказиб бериш мақсадида Шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг электр энергияси таъминотини яхшилаш дастури ишлаб чиқилмоқда.

Беш йил давомида электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш, 25 минг 300 километр паст кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш ва реконструкция қилиш, 5 минг 600 та эскирган трансформатор подстанцияларини алмаштириш назарда тутилган.

Навбатдаги долзарб масала йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш билан боғлиқ. Бугунги кунда аксарият қисми ачинарли аҳволга келиб қолган минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларга ҳам эътибор қаратадиган вақт келди.

Баъзи бир рақамларга мурожаат қилсак. 75 минг километр ёки 64 фоиз ички йўлларимиз таъмирталаб аҳволда. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бир қисми ҳеч қандай қопламасиз, яъни тупроқ йўллардир. Шунингдек, 9 минг 500 километр йўлларни реконструкция қилиш талаб этилмоқда.

Янги дастурда умумий фойдаланишдаги 1 минг 700 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш мўлжалланмоқда.

Шунингдек, аҳолимиз учун ўта муҳим бўлган 10 минг 400 километрлик хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш режалаштирилмоқда.

Ушбу дастурни амалга ошириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармасини ва «Ўзавтойўл» компаниясининг ташкилий тузилмасини мутлақо тубдан қайта кўриб чиқамиз.

Мазкур дастурнинг мантиқий давоми сифатида Қишлоқлар ва шаҳарларда транспорт хизматини янада яхшилаш дастури ҳам ишлаб чиқилади. Бу дастурга асосан 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Янги 3 мингта автобус, 5 минг 700 та микроавтобус сотиб олиниб, 300 дан ортиқ янги автобус йўналишлари очилади ва мавжуд йўналишлардаги эскирган автобуслар янгиланади.

Шу билан бирга, ҳаво ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида аввало, Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этишимиз зарур.

Шулар қаторида Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам кўзда тутилмоқда.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни санитария йўли билан тозалаш ва утилизация қилишни янада яхшилаш дастури шаҳарларимиз ва қишлоқ аҳоли пунктларининг тозалиги ва гўзаллигини ошириш, атроф-муҳитни заҳарлайдиган ва аҳоли саломатлиги учун хавф туғдирадиган, ноқонуний пайдо бўлган 1,5 мингта чиқиндихонани йўқ қилиш имконини беради.

Айни вақтда маиший чиқиндилар учун, жумладан, барча вилоятлар марказларида ҳамда йирик шаҳарларда 168 та полигон барпо этилади. Чиқиндиларни тозалаш билан шуғулланадиган ташкилотлар қўшимча равишда 405 та замонавий махсус техника билан таъминланади.

Яна бир муҳим масала – кўмирнинг таннархи ва аҳолига сотиш нархини камайтириш, айниқса, қиш пайтида унинг баҳоси ошишига ва чайқовчиликка йўл қўймаслик бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда».

Daryo.uz

Мақола 1 941 марта ўқилган

4 Комментариев для Шавкат Мирзиёев: Электр энергияси таъминотини яхшилаш дастури ишлаб чиқилмоқда

  1. Assalomu alaykum. Mani bir nechta savollarim bor. Nega havo sovuq bo’lishiga qaramay kopchilik pahta yigim terimida. Nima uchun qish fasli yaqinlashgani sayin elektr energiyasi tejalib halqga elektr berilmaydi. Ko’chalarniku aytmay qoyaqolay. Bir marta yomgir qor yogsa tamom kochaga chiqib bolmaydi. Yo’l qurilishlari uchun ajratilayotgan mablaglar qayerga ketyabdi. Xalq gaz nimaligini bilmay umri o’tyabdi. Bu asosan viloyat joylarida.

  2. Salom, Gaz va yana gaz kuz-qish faslida 5oy davomida gaz bizda yo‘q 7-8 yildan beri kuz-qishni topsak o‘tin pechkada u to yonguncha uyam tutab ketadi bu esa nafas yo‘liga zarar bu yetmaganday elektr rejimsiz bir kunda o‘n marta o‘chadi o‘chmasin demaymiz o‘chsa tejaladikuya rejimsiz o‘chishi jonga tegdi bir kunda ikki-uch marta o‘chsin yetadi! Besh olti yil oldin odamlar bizi hududga havas qilishardi sizlarda gaz zo‘r deb lekin ko‘z tegdi. Mani savolim qachon bizda bu masalalar bartaraf etiladi?
    Bartaraf etilishi kerak chunki bizni qishloq (hozirda shaharcha) nomi Alloh ismlaridan biriga nomlangan bu hudud esa Farg‘ona tumanida joylashgan!

  3. Одамлар сабр.андижонда шахарда хам домларда газ свет ёк.хаммамизни даволашади.

  4. Assalomu alaykum. Mani savolim kimda 2 soat chiroq bolib 22 soat ochadi. Javob Bizda yani Xorazmda. Har kun shu ahvol halqimizning sabriga qoyil. 2 soat chiroq yonib 22 soat qorongulik. Buni ustiga gaz ham yoq. Qish esa borgan sayin tezlawib kelmoqda kochalar sovuq. Yana uyalmasdan gaz svet uchun haq sorawadi. Shunaqayam insofszlik boladimi. Xorazm viloyati Xonqa tumanida shu ahvol. Odamlar 5 6 marta svet ochganiga noliwadi bizda esa 22 soat svet bolmidi. Odamlar nowukrlik qilmang. Biz gaz svetsz bir kunimizni korayabmiz. Lekin uylardagi yosh bolalar kelajak egalarining ahvoli nima boladi hudo biladi. Hamma muammodan qochiwga urinadi. Bularni kim hal qilib beradi. Tavba hech qayerda ahvol bundaymas. Togri aytiwarkan Toshkantni hatto kochalarigacha svet yoqiq turadi. Tumanlarda esa hatto uylarda bolmaydi. Shuncha tejalgan elektr energiyani nima qilishadi halq hayron. Ilrimos muammolarni hal qilishga yordam beringlar:'(

Комментировать

Ваш электронный адрес не будет опубликован.


*